“Қўшработ маҳалла фуқаролар йиғини Давирқўрғон қишлоғида яшовчи А.Шарипов (исми ва фамилияси ўзгартирилган) жорий йилнинг 9 июль куни Қовунчи қишлоғига дўстининг тўйига боради ва бироз спиртли ичимлик ичади. Спиртли ичимлик таъсирида бўлган А.Шариповга танишлари автомашина бошқармасликни кўп бора таклиф қилишсада, у бунга кўнмайди. “Мен спиртли ичимлик ичсам ҳам маст бўлмайман” дея ўз эътирозини билдиради А.Шарипов.
Хуллас, маст ҳолда автомашина бошқариб кетаётган А.Шарипов “Қўшработ-Нурота” йўналишли 4Р-55 автомобиль йўлининг 34 километрида йўл четида тўхтаб турган А.Туябоевни уриб юборади. Зудлик билан тан жароҳати етказилган А.Туябоевни ўзининг автомашинасига ўтқазиб, туман марказий шифохонасига олиб бормоқчи бўлиб йўлга тушади. “Фалокат оёқ остида” деганларидек шифохонага кетаётган А.Шарипов йўлнинг қарама-қарши тарафида келаётган “Некция” русумли автомашина билан тўқнашиб, яна бир йўл-улов ҳодисасини содир этади. Натижада шундоқ ҳам аҳволи оғир А.Туябоев ушбу автотўқнашувдан сўнг аҳволи оғирлашиб қолади.
Шифокорларнинг ўз вақтида кўрсатган ёрдамлари туфайли А.Туябоевнинг аҳволи анча яхшиланади. Лекин олган жароҳатлари туфайли соғлиғини тўла тиклаши учун ҳали даволанишга тўҚри келади.
Мана ичкиликнинг оқибати. Тўй қиламизми ёки оилавий тадбирми, хаёлимизга биринчи келадиган нарса – ичкилик. Тадбирда ёки тўйда қанча ароқ қўйилади, унинг қайси хилидан олиш керак, бунга қанча маблағ кетади – биринчи бўлиб мана шулар ҳақида бош қотирамиз. Демак, биз обрў-ҳурматимизни ҳам ичкилик билан ўлчаш даражасига келдик, тўй-тантаналаримиз, тадбирларимизнинг ичкиликсиз ўтиши обрўсизланишимиз, ҳурматимизнинг йўқолишига олиб келади, деган тушунча ақлимизни эгаллаб бўлди. Хўш, бундан қачон воз кечамиз?
Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан А.Шариповга 2 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ҳар ойда иш ҳақининг 20 фоиз миқдорида давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда икки йилу олти ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
И.ҒУЛОМОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.