“Озод” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Қорақисмоқ қишлоғида яшовчи Ж.Н.нинг ёши ҳам олтмишга бормоқда. Беш нафар фарзанднинг отаси. Ушбу ёшда кўпчилик ўғил уйлантириб, қиз чиқариб, неваралар қуршовида бўлиб, фарзандларига панд-насиҳат қиладиган пайт. Лекин шундай ёшда Ж.Н. спиртли ичимлик туфайли қилмиши қишлоқдошлари ҳамда фарзандлари олдида юзини “шувит” қилди.
Одатдагидек ҳар куни Ж.Н. ўзи ишлайдиган туман марказий дорихонада иш фаолиятини бошлайди. Тушлик пайти бўлганда ўғлининг машинасида яқин атрофдаги тамаддихонага боради. Бу ерда таниши Р.Ч.ни кўриб қолади. Албатта, танишини кўргандан кейин суҳбат спиртли ичимлик ичган ҳолда давом эттирилади.
Спиртли ичимлик таъсирида ўзаро суҳбат қурган ҳамтовоқлар аста-секин тарқалади. Ж.Н. ҳам бу пайти анча кайфи ошиб қолади. Ишга бориш ҳам унутилади. Негадир шу пайти хаёлига йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги эсига тушиб, қанча жарима тўлаш кераклиги келиб қолади. Ўлини чақириб, ИИБ ЙХХБ биносига боради.
Бу ерда ЙХХБ ходими Н.И. ўз иш жойида маъмурий баённомалар билан фуқароларни таништириб, пулларини банк орқали тўлашлигини тушунтирарди. Навбат Ж.Н.га келади:
- Менинг номимга расмийлаштирилган маъмурий баённома келдима,- дея ичкилик таъсирида важоҳат билан сўради.
- Ҳа, сизнинг маъмурий баённомангиз келди,- деди Н.И. - Содир қилган ҳуқуқбузарлигингиз учун банкка бориб энг кам ойлик иш ҳақининг ярим баравари миқдорида жарима тўлаб келасиз.
- Жаримани шу ерда тўласам бўлмайдими,-деди яна важоҳат билан Ж.Н.
- Ака, илтимос бу ерга тўлаш мумкин эмас, банкка тўлашингиз керак,-дея спиртли ичимлик ҳиди келиб турган Ж.Н.га тушунтирган бўлди ЙЎХБ инспектори Н.И.
Лекин ҳеч қандай гапга қулоқ солмайдиган даражада маст бўлган Ж.Н. ўзини тутолмай, оғзидан ҳар хил ҳақоратли сўзлар билан ЙХХБ инспектори Н.И.ни сўкиб кетади. Ҳаттоки ходимнинг хизмат кийимини йиртиб, тугмаларини узиб, погонини юлиб олади. Туман ИИБ ходимлари етиб келиб, уларни ажратмаганда жанжал яна ҳам катталашиши мумкин эди.
Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан туман ИИБ ЙХХБ инспектори И.Н.ни хизмат хонасида ҳақорат қилиб, тан жароҳати етказганлиги учун Ж.Н.га нисбатан ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида давлат фойдасига ушлаб ҳолда 2 йилу 6 ой ахлоқ тузатиш жазоси тайинланди.
Ж.РАШИДОВ,
Самарқанд вилоят прокурорининг ёрдамчиси.