Бугунги кунда мамлакатимизда автомобиль йўллари жахон стандартлари талаблари асосида таъмирланаётганлигини кўриб ҳар бир фуқаронинг кўзи қувониши табиий.
Лекин ушбу йўлларда ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг хайдовчилари гўёки йўлнинг равонлигидан ҳаволаниб кетиб, гоҳида тезликни меъёридан ошириб юбораётганликларини кўрган кишининг ҳуноби ошиши ҳам бор гап.
Содир қилинаётган йўл-транспорт ҳодисаларини таҳлил қилиш жараёнида аксарият ҳолларда ҳайдовчининг маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлигини ёки тезликни белгиланган меъёрдан ошириб юборганлигининг гувоҳи бўламиз. Баъзан эса, автомобилни кун бўйи ҳайдаб, чарчоқ аломатлари бўлсада, дам олмасдан яна рулга ўтиришади. Бу эса ҳайдовчиларнинг шошиб, эҳтиётсизлик туфайли, билиб-билмай бировларга зарар етказиб қўйиши мумкинлигини унутиб қўйишаяпти..
Автоуловни бошқариб бораётган кишининг бутун диққат-эътибори йўлда бўлиши шарт эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо эътиборсизлик ва эҳтиётсизлик туфайли туман марказидаги кўчаларидан бирида иккита автомашина тўқнашди.
“Пичот” маҳалла фуқаролар йиҚинига қарашли Каттақишлоқ қишлоғида яшовчи С.Шарипов (исми ва фамилияси ўзгартирилган) автомашинани бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмасдан, бунинг устига спиртли ичимлик ичиб, “Тико” русумли автомашинани бошқариб бориб, йўл ҳаракати қоидасини қўпол равишда бузган ҳолда, А.Пўлатовга тегишли “Форт транзит” русумли автомашинага урилиб, катта миқдорда зарар етказади.
Афсуски, С.Шарипов ўзининг қилган ишидан афсус чекмасдан, жабрланувчига етказилган зарарни ҳам қопламайди.
Маъмурий ишлар бўйича туман суди томонидан С.Шариповга15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланади ҳамда А.Пўлатовга етказилган зарарни ҳам ундиришни лозим деб топади.
Б.ХУРСАНОВ,
маъмурий ишлар бўйича туман суди раиси.