Туман ҳокимлиги катта мажлислар залида халқ депутатлари туман Кенгашининг ХY-сессияси ўтказилди. Унда тўртта сектор раҳбарлари, депутатлар, туман ҳокимининг ўринбосарлари, корхона ва ташкилот раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари иштирок этишди.
Сессияни 11-Майинтепа сайлов округидан депутат Нормўмин Усмонов олиб борди.
10-Юқори Сарой сайлов округидан депутат С.Нурманов сессия котиби этиб сайланди.
Сессияда туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев ҳудудни 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2021 йил учун белгиланган устувор йўналишлар тўғрисида аҳолига мурожаат қилди. Ушбу мурожаат ижтимоий тармоқлар орқали ҳам тўғридан-тўғри намойиш этилди.
Мурожаатда таъкидландики, жорий йилда пандемия шароитида бўлса ҳам тадбиркорлик субъектлари сони 4969 тага етказилди. Зеро, йилнинг бошида ушбу кўрсаткич 4000 тага ҳам етмасди. “Ер-электрон” автоматлаштирилган ахборот тизимига 245 та ер майдони киритилиб, шундан 93 таси аукцион савдолари орқали 1 млрд. 200 млн. сўмга сотилди. Натижада 220 та янги иш ўрни яратилишига эришилди.
Банклар томонидан тумандаги 257 та кичик бизнес субъектларига 126 млрд. сўмлик, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг 899 та лойиҳасига 22 млрд. 885 млн сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида туманда қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишларида 193 та лойиҳа ишга туширилиб, 1507 та янги иш ўрни яратилди.
Туманда ижтимоий оғир вазиятга тушиб қолган 1965 нафар оила “Темир дафтар”га киритилган. Уларга 3 млрд. 28 млн. сўмлик озиқ-овқат, нақд пул, дори-дармон, чорва ва бошқа ёрдамлар ҳомийлар ҳамда бюджет маблағлари ҳисобидан кўрсатилди. Амалга оширилган ишлар натижасида камбағал оилаларнинг 1094 таси камбағалчилик тоифасидан чиқарилган.
Жорий йилда туманда саноат корхоналари сони 107 та етиб, улар томонидан 40 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. ¤тган давр мобайнида фаолият кўрсатмаётган корхоналар сони 48 тани ташкил этиб, шундан 21 тасининг фаолияти қайта тикланди, 9 таси эса тугатилди.
Ўтган икки йилда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар 11 тани ташкил этиб, ўтган давр мобайнида 2 млн. АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилди.
Статистик маълумотларга кўра туманда 31532 нафар ёшлар истиқомат қилади. Хатлов натижасида 26512 нафар ёшлар борлиги аниқланган. Уларнинг 3399 нафари ишсиз бўлиб, 212 нафари бола тарбияси билан банд, 1852 нафари норасмий секторда, 419 нафари касбга ўқитиладиган, 291 нафари чет элда ишлаш истагини билдирган бўлса, 12 нафари меҳнатга яроқсиз, 613 нафари аниқ мақсади бўлмаган ёшларни ташкил қилмоқда.
“Аёллар дафтари”ни шакллантириш бўйича хатлов натижасида 20156 нафар хотин-қизлар билан суҳбат ўтказилиб, электрон базага киритилди. Оғир турмуш шароитида яшаётган 27 нафар хотин-қизга қурилиш материаллари олиб берилди, 26 нафарига кредит ажратилди. Шунингдек, 19 нафар хотин-қизга моддий ёрдам, 85 нафарига тикув машинаси, 10 нафарининг уй-жойлари таъмирланди, 4 нафари эса бепул уй-жой билан таъминланди.
Қўшработ тумани бюджет даромадларига жорий йилнинг 11 ойида 52 млрд. 701,2 млн. сўм ундирилиши таъминланди. Йил охиригача қўшимча 7 млрд. 300,0 млн. сўм ундирилиши кутилмоқда. Бу эса белгиланган режа кўрсаткичи 8 млрд. 382,7 млн. сўмга ортиғи билан бажарилишига эришилади.
Маҳаллий бюджет ҳисобидан 48-умумтаълим мактабига қўшимча бино, 31-умумтаълим мактабига спорт зали қурилди, 9 та мактаб филиали қайта таъмирланди, 27 та мактаб интернет тармоғига уланди. Шунингдек, 100 ўринли 10-МТТ янгидан, 30 дан ортиқ оилавий боғчалар ташкил этилиб, боғча ёшидаги болаларнинг қамрови 11 фоиздан 53 фоизга етказилди.
Жорий ўқув йилида туманимиздаги умумтаълим мактабларининг 11-синфини 1954 нафар битирувчи тугатиб, 253 нафари олий таълим муассасасига қабул қилинди. Вилоят миқёсидаги умумий кўрсаткич бўйича 5-ўриндир. Лекин яқинда эълон қилинган миллий рейтингда туман ўқувчиларининг билим даражаси бўйича вилоятда 14-ўринга тушиб кетди. Бу эса туманда таълимдаги ислоҳотларни янада кучайтиришни талаб этади.
Жорий йилда фуқаролар томонидан туман ҳокимлигига 4869 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 3376 таси ижобий ҳал этилган, 1287 тасига тушунтириш берилган, 49 та мурожаат эса фуқаролар талабини қаноатлантиришнинг имкони йўқлиги сабабли рад этилган. Қолган 157 та мурожаат эса кўриб чиқиш жараёнида.
Мурожаатларнинг аксарияти деҳқон хўжалиги юритиш учун ер ажратиш бўйича бўлиб, 2437 нафар фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун ер майдони ажратиб берилди.
Туман ҳокими 2021 йилда соҳалар кесимида амалга оширилиши лозим бўлган режалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Жумладан, келгуси йилда туманда телекоммуникация тармоғини кенгайтириш мақсадида 300 км оптик толали алоқа кабеллари қуриш режалаштирилган. Жорий йилда 200,0 млн. сўмлик ишлар муддатидан аввал амалга оширилди.
Келгуси йилда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 1,2 минг фуқаро мақсадли дастурлар доирасида ва бўш вакант иш ўринларига ишга жойлаштирилади, 1,5 минг нафар фуқаро жамоат ишларига жалб этилади. Шунингдек, 400 нафар фуқаро бандлигини таъминлаш учун 5 та йўналишда субсидия маблағи ажратилади, 150 нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, туманни 2021-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 280,6 млрд. сўмлик 174 та лойиҳалар негизида 705 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
Дастурлар доирасида 6,6 млн АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши белгиланган.
Сессия ишида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзоси Ф.Тошев депутатлардан аниқ таклиф ва муаммолар ечими бўйича режалар бўлиши кераклиги, бу бўйича барча баҳамжиҳат ишлаш кераклигини таъкидлади.
Шунингдек, сессияда вилоят кенгаши депутати Ш.Йўлдошев ҳам қатнашди.
Сессия ишидан сўнг туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.