Туман ҳокимлиги катта мажлислар залида халқ депутатлари туман Кенгашининг олтинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни туман ҳокими, Кенгаш раиси Ҳ.Оқбўтаев бошқарди.
25-Қўштамғали сайлов округидан туман Кенгаши депутати Д.Мирзанов сессия котиби этиб сайланди.
Даставвал депутатлар “Пандемия даври шароитида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги масалани кўриб чиқдилар. Бу масала бўйича туман ҳокими ўринбосари И.Сайфуддиновнинг ҳисоботи эшитилди.
Таъкидландики, ҳудудларнинг “қизил”, “сариқ”, ва “яшил” тоифаларга ажратилиши, туманимиз “яшил” тоифага киритилганлиги туфайли автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, қурилиш-таъмирлаш, тезкор овқат тайёрлаш нуқталари фаолияти (етказиб бериш ва олиб кетиш учун) ҳамда йўналишсиз таксида йўловчи ташиш каби фаолият турларига карантин қоидаларига қатъий амал қилган қолда рухсат берилган. Мамлакатимизда карантин ҳолати жорий этилиши муносабати билан 39 та умумий овқатланиш, 3 та транспорт, 3 та саноат, 14 та хусусий мактабгача таълим ташкилотлари ўз фаолиятларини вақтинча тўхтатган. Пандемия сабабли фаолиятини тўхтатган 318 та якка тартибдаги тадбиркорлардан 248 таси фаолияти тикланиб, 70 та си ўз фаолиятини тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Жорий йилда туманимизда 123 та МЧЖ, 3 та хусусий, 11 та оилавий корхона ташкил этилди. Карантин муносабати билан 1 та тадбиркорлик субъектининг 584,8 минг сўмлик солиқ тўлови узайтирилди, 119 та микрофирма ва кичик корхонанинг 2020 йил 1 январдан 15 майгача бўлган солиқ тўловларидан вужудга келган 948321 сўмлик солиқ пенялари кечилди, 129 та корхонанинг 3112,0 млн. сўмлик кредит маблағлари тижорат банклари томонидан 6 ойлик кредит таътили берилди. Вилоят ва туман тижорат банклари томонидан 1813 та тадбиркорга 48718,0 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди.
Депутатлар сессия ишида “Коронавирус пандемияси даврида туманда дори воситалари, тиббий буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари қаиъий назоратга олиниши ҳолати бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги туман прокурори Ж.Мирсафаевнинг ахборотини эшитдилар. Таъкидландики, туманда 24 та дорихона фаолият олиб бормоқда. Шундан 10 таси хусусий, 14 таси “Дори-дармон” АЖ томонидан ташкил этилган.Бундан ташқари, тумандаги марказий дорихона томонидан 2 та кўчма автодорихона ташкил этилиб, 35 та маҳалла фуқаролар йиҚинига 47,0 миллион сўмлик зарур дори-дармон ва бошқа тиббий воситалар арзон нархларда етказиб берилган.
Эпидемияга қарши курашиш ва карантинда бўлганларга зарурий шароитлар яратиш мақсадида туман санитария-эпидемиология осойишталик маркази томонидан 452 кг дезинфекция воситалари олинган бўлиб, шундан 307 килограмми ишлатилган, қолгани заҳирада турибди.
Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Қўшработ туманидаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири У.Боймоновнинг “2020 йилнинг I чорагида туманда тадбиркорларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва йўл қўйилган хато ва камчиликлар бўйича ушбу соҳадаги масъулларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Қабулхонага жорий йилнинг 1-июнигача тадбиркорлар томонидан 119 та мурожаат келиб тушган. Шундан 30 таси банк кредити, 29 таси ер, кадастр, архитектура ва қурилиш, 7 таси инфратузилма тармоқларига уланиш, 53 таси бошқа масалалардир. Келиб тушган мурожаатларнинг 66 таси ижобий ҳал этилган, 48 тасига ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали ҳал этилган бўлса, 5 та мурожаат кўриб чиқиш жараёнида.
Шунингдек, сессияда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Аблақулов Обиб Чориевич туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқланди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорлари қабул қилинди.
Ўз мухбиримиз.
