Жорий йилнинг 19 декабрь куни туман ҳокимлиги кичик мажлислар залида халқ депутатлари туман Кенгашининг қирқ биринчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда туман Кенгаши депутатлари, сиёсий партиялар аппарат раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, ҳокимлик масъул ходимлари, бўлим раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессияни Кенгаш раиси, туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев олиб борди.
1-Булоқбоши сайлов округидан туман Кенгаши депутати Б.Зиядинов сессия котиби этиб тайинланди.
Депутатлар кун тартиби ва иш тартибини тасдиқлагач, “2019 йил маҳаллий бюджетининг кутилаётган ижроси ва 2020 йилги туман маҳаллий бюджетининг параметрлари тўғрисида”ги масалани кўриб чиқдилар. Кун тартибидаги бу масала бўйича туман молия бўлими мудири А.Холматовнинг ахбороти тингланди.
Таъкидландики, жорий йилдан бошлаб давлат мақсадли жамғармаларга товар айланмасидан олинадиган 3,2 фоизли мажбурий ажратмалар, фуқароларнинг 8 фоизли мажбурий суғурта бадали бекор қилинди. Юридик шахсларнинг мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 2 фоизгача, ягона ижтимоий тўлов ставкаси хусусий сектор учун 25 фоиздан 12 фоизгача, ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиздан 4 фоизгача камайтирилди. Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи прогрессив ставкалари ўрнига ягона 12 фоизли ставка жорий этилди.
Натижада солиқ ставкаларининг пасайиши жорий йилда туман маҳаллий бюджетининг йўқотишлари 1,9 миллиард сўмни ташкил этиши керак эди. Лекин ишлаб чиқариш ҳажмларининг кенгайиши, таърифларни тўғрилаш, ғалла, ун ва нон нархларининг эркинлаштирилиши ҳамда жорий этилган солиқ ислоҳотлари натижасида бюджетга 5,7 миллиард сўмдан кўпроқ қўшимча маблаҚ ундиришга эришилди. Бу эса туман маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари жорий йилнинг охирига қадар 15,6 миллиард сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Бюджетга туширилган қўшимча маблағлар ҳисобидан туманда “Обод қишлоқ” дастури доирасида 12 та маҳалла фуқаролар йиғинларида бошланган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари учун 8,2 миллиард сўм, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 5,4 миллиард сўм, ҳарбий-маъмурий секторни ривожлантириш жамғармаси учун 305 миллион сўм маблағ ажратилди.
Келгуси 2020 йилдан бошлаб маҳаллий ҳокимликлар бюджетлар харажатларини эркин ва мустақил равишда шакллантирадилар. Яъни, маҳаллий ҳокимликлар ўзларига бириктирилган солиқлардан тушумларни қанчалик кўпроқ туширсалар, шунга мос равишда ҳаражатларини ҳам ошириш имкониятига эга бўладилар. Агарда маҳаллий солиқлар бўйича прогноз кўрсаткичлари бажарилмаса, ҳокимликлар шунга мос равишда ўз ҳаражатларини қисқартиришларига тўғри келади.
Шу ўринда 2019 йил 1 октябрдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасининг 20 фоиздан 15 фоизгача камайтирилиши келгуси йилда солиқ юкининг пасайишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида бир томондан айланма маблағларга эҳтиёжни камайтирса, иккинчи томондан фойда кўришни оширади.
Шу билан бирга давлат корхоналари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 12 фоизгача камайтирилмоқда. Бундан кўзланган мақсад - тенг рақобат муҳитини яратишдир.
Келгуси йилдан бошлаб фойда солиғи ставкаси 12 фоиздан 15 фоизгача оширилади. Бу эса бир томондан давлат бюджети йўқотишларини қисман қоплаш бўлса, иккинчи томондан ишловчиларга иш ҳақини фойда орқали берилишининг олди олинади.
Шу билан бирга келгуси йилдан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тайинланадиган ижтимоий нафақаларни тўлаш, давлат санитария-эпидемиология назорати туман марказини сақлаш ҳаражатлари вилоят бюджетидан туман бюджетига ўтказилади.
Келгуси 2020 йил учун туман маҳаллий бюджети даромадлари 54 миллиард 724 миллион сўм, харажатлари эса 89 миллиард 658 миллион сўм этиб белгиланмоқда. Туман бюджети ҳаражатлари таҳлил этилганда, мактабгача таълим соҳасига 4,5 млрд. сўм, умумий ўрта таълим учун 6,0 млрд сўм, соғлиқи сақлаш соҳасига 31, 9 млрд. сўм, маданият соҳасига 2,3 млрд сўм, жисмоний тарби ва спорт соаҳсига 1,2 млрд. сўм ажратилиши мўлжалланмоқда. Иқтисодиёт ҳаражатларига 6,5 млрд сўм ҳамда бошқарув органларини сақлаш ҳаражатларига 8,8 млрд. сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.
Шунингдек, депутатлар Қўшработ туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири У.Боймоновнинг “2019 йилнинг учинчи чорагида туманда тадбиркорларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда йўл қўйилган хато ва камчиликлар бўйича ушбу соҳадаги масъулларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш тўғрисида”ги ахборотини эшитишди.
Таъкидландики, жорий йилда қабулхонага 136 та тадбиркорлик субъектлари томонидан мурожаатлар келиб тушган. Шулардан 59 таси банк кредити, 15 таси ер, кадастр, архитектура ва қурилиш масалалари, 64 таси бошқа масалалар бўйичадир. Келиб тушган ушбу мурожаатларнинг 135 таси ижобий ҳал этилган, 1 та мурожаат эса кўриб чиқиш жараёнидаги мурожаатдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан мурожаатларни кўриб чиқиш муддати 7 кун этиб белгиланган бўлсада, аммо “Агробанк” АЖ туман филиалида 14 та ҳамда “Халқ банки” туман филиалида 2 та мурожаат ўз вақтидан кечикиб кетишига йўл қўйилган.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.
Ўз мухбиримиз.