Туман ҳокимлиги катта мажлислар залида халқ депутатлари туман Кенгашининг ўнинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни туман Кенгаши раиси Ҳ.Оқбўтаев бошқарди.
21-Қоратош сайлов округидан депутат Ш.Шакаров сессия котиблигига сайланди.
Сессияда депутатлар ҳудудда эпидемиологик вазият ва шароитдан келиб чиқиб, тумандаги умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотларининг фаолиятини йўлга қўйиш, бу борада мактабларни санитар талабларга мувофиқ бирламчи воситалар билан таъминлаш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар. Ишчи гуруҳлар томонидан барча мактабларнинг ўқув йилига тайёргарлик ҳолати ўрганиб чиқилди.
Дастлаб туман халқ таълими бўлими мудири Шавкат Қўшбоқов пандемия шароитида умумтаълим мактабларида янги ўқув йилига тайёрлаш бўйича амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботи тингланди.
Таъкидландики, туманда 89 та умумтаълим мактаби, 41 та мактаб филиаллари мавжуд бўлиб, 2798 нафар педагог 26145 нафар ўқувчига таълим-тарбия бермоқда. Янги ўқув йилига тумандаги умумтаълим мактабларининг 87 фоизи тайёр ҳолатда бўлиб, фақатгина 26 ҳамда 48-умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бораётганлиги сабабли бироз кечикиши мумкин.
Пандемия шароитида ўқувчиларни таълим жараёнига жалб қилиш борасида ўтказилган сўровномаларда иштирок этган ўқувчиларнинг 20134 нафар ота-онаси (75 фоиз) фарзандлари учун анъанавий ўқиш усулини танлаган бўлса, 5714 нафар ота-она (13,6 фоизи) онлайн дарсларни маъқул деб топган.
Туман СЭО маркази томонидан 2798 нафар педагоглардан 2262 нафаридан (80,1 фоиз) COVID-19 вирусини аниқлаш бўйича ПЗР тестлари олинди. Шунингдек, жорий йилнинг 1 октябригача халқ таълими тизимидаги ходимлар гриппга қарши вакцинациядан ўтказилади.
Мактабларнинг қуввати ва ўқувчи сонидан келиб чиқиб 89 та умумтаълим мактабига 31 та ИИБ ходими, 27 та СЭО ходими, 38 та МФЙ ходими ҳамда 64 шифокор бириктирилди.
Барча таълим муассасалари пирометр воситалари, дозаторлар, антисептик ва тиббий ниқоблар билан таъминланмоқда.
Туманимиздаги умумтаълим мактабларини туман СЭО маркази ходимлари билан ўрганиш натижасида янги ўқув йилини пандемия сабабли босқичма-босқич очиш бўйича таклифлар билдирилди.
Мактабларни 15 сентябрдан 7 октябргача босқичма-босқич очиш бўйича депутатлар бир овоздан маъқулладилар.
Сессияда туман мактабгача таълим ташкилоти бўлим мудири Б.Абдувоҳидов мактабгача таълим ташкилотларининг фаолиятини йўлга қўйиш борасида ҳисоботи тингланди.
Маърузачи 2020 йил 5 сентябрь куни 17 та мактабгача таълим ташкилотида “Кузатув кенгаши” таркиби аъзолари ҳамда педагог-ходимлар иштирокида йиғилиш ўтказилганлигини таъкидлади. Унда пандемия шароитида мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини давом эттириш учун ота-оналар ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари муҳокама этилганлиги, сўровномада 940 нафар (63 фоиз) ота-она болаларининг анъанавий усулда мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланиши, 24 нафари (1,6 фоиз) уйда тарбияланиши, 536 нафари (35,7 фоиз) онлайн тарзда масофадан таълим олиши учун овоз беришган.
Тумандаги мактабгача ташкилотларини босқичма-босқич, яъни 2, 5, 7, 8, 9, 11, 12, 18-сонли МТТлар жорий йилнинг 14-сентябридан, 6-сонли МТТ 21-сентябрдан, 4-сонли МТТ 22-сентябрдан, 17-сонли МТТ 23-сентябрдан, 13-сонли МТТ 24-сентябрдан ҳамда 1, 10, 14, 16-сонли МТТлар 2-октябрдан фаолиятини бошлаши мақсадга мувофиқ деб топилди. Фақатгина 15-сонли МТТ капитал таъмирлаш ишлари якуни билан фаолиятини бошланишини маълум қилди.
Шунингдек, сессияда туман СЭМ бошлиғи А.Турдиев пандемия шароитида умумтаълим мактабларида ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини ташкил этишда амалга оширилиши лозим бўлган ишларга тўхталиб ўтди. Жумладан, ҳар бир таълим даргоҳи ҳамда МТТ ўқитувчилари, ишчи-хизматчилари, тарбиячилари тиббий кўрикдан ўтиши, COVID-19 вирусини аниқлаш бўйича тест топшириш, хоналар доимий равишда дезинфекция қилиниши, кириб-чиқиш жойларида пирометрлар, антисептик воситалар билан жиҳозланишини таъкидлади.
Сессияда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўз мухбиримиз.