Туман ҳокимлиги мажлислар залида Ўзбекистон Халқ демократик партияси туман кенгашининг 8-пленуми бўлиб ўтди. Унда партия депутатлари, жамоат ташкилотлари, хотин-қизлар қўмитаси ва бошланғич партия ташкилотлари раислари иштирок этди.
Пленумда депутатлик гуруҳлари фаолияти кўриб чиқилди.
- Ўтказилган “Сайёр қабул”ларда фуқаролардан 67 та мурожаат ва таклифлар келиб тушди, - деди ЎзХДП туман кенгаши раиси Мамарасул Эргашев. -Шундан 61 та мурожаат партия ва депутатлик гуруҳлари орқали ижобий ечимини топган бўлса, қолган мурожаатлар бўйича мутахассислар томонидан тавсиялар берилди. Бундан ташқари, 50 та масала юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари йўлланган ва ижроси назоратга олинган.
Партиямиз сайловолди дастурида пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган аҳоли қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш ғоялари илгари сурилган. Депутатларимиз бу борада қандай ташаббуслар билан ишлаяпти, деган саволни бериш вақти келмадими? Ҳар биримиз йўл қўйилган камчиликлардан керакли хулоса чиқариб, кейинги фаолиятимиз режасини тузишимиз лозим. Бугун фуқароларимиз баландпарвоз гапларга эмас, партияларнинг амалий ишига қараб баҳо бермоқда. Шундай экан, партиямиз сафига ёшлар ва аёлларни жалб қилишимиз ва албатта улар учун ташкил этилаётган лойиҳалар устида ишлашимиз, оилавий тадбиркорликни бошламоқчи бўлганларни, айниқса, аёлларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Бу биринчи галда муаммолар ечими йўлида тинмасдан меҳнат қилиб, изланишимизни тақозо этади. Шуни унутмаслигимиз керакки, қандай ишга қўл урмайлик, албатта, партия номидан ҳаракат қилаётганимизни халқимиз ҳам, ўзимиз ҳам англаб боришимиз керак.
Пленумда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
ПАРТИЯ ПЛЕНУМИ ЎТКАЗИЛДИ
Д.ҲАСАНОВА.