Мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида 2020 йил 25 декабрь куни Ўзбекистон ёшлари форуми бўлиб ўтди. Тадбирда юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этиб, келажак эгалари билан очиқ мулоқот ўтказди, уларни тинглади. Бундай учрашувлар давлат раҳбари учун ғайрат-шижоат бағишлаши, ёшлар мамлакатнинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси эканини таъкидланди.
Хабарингиз бор, туманимизда истиқомат қилувчи ёшларга оид уйма-уй юриб, анкета-сўровномалари тўлдирилди, ўғил-қизларнинг муаммолари, таклиф ва истаклари “маҳаллабай” ўрганилди. Уларнинг ечимлари бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилди.
Ёшларга доир сиёсатимизни самарали амалга ошириш, уларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли ўрганиш ва мувофиқлаштириш вазифаси мутасадди ташкилотларга юклатилди. Бундан буён сектор раҳбарлари ёшлар муаммоларини ҳал этишга қаратилган амалий “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиб, ижросини таъминлайдилар. Шу масала бўйича ҳоким ҳар 6 ойда маҳаллий кенгашга ҳисобот беради ва келгуси ярим йиллик учун режаларни белгилаб олади.
«Ёшлар: 1+1» дастури доирасида ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ташкил этилади. «Ҳар бир тадбиркор — ёшларга мададкор» тамойили асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшни бириктириш ташаббуси кўплаб тадбиркорларимиз томонидан фаол қўллаб-қувватланди. Жорий йилда камида 500 минг нафар ёшни иш билан таъминлаши мумкин бўлган бу эзгу ҳаракатни давлатимиз раҳбари маъқуллади.
“Яқинда ўтказилган ижтимоий сўровлар аксарият ёшларимизда ижобий мотивация, бизнес ва тадбиркорлик соҳасида зарур билим ва малака етишмаслигини кўрсатди. Демак, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ишларни янада кучайтириш лозим”,-деди давлатимиз раҳбари. Шуни инобатга олиб, касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали махсус сертификат олган ёшларга Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст ставкада микрокредитлар ажратиш юзасидан зарур чоралар кўрилади. Бу кредитлар 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан берилади.
Ушбу мақсадлар учун 2021 йилда 45 миллион доллар ажратилиши, шунингдек, ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ҳар бир вилоятга 100 миллиард сўмдан кредит маблағлари йўналтирилиши қайд этилди.
Ушбу дастурлар орқали ёшларнинг бизнес лойиҳалари самарали амалга оширилишига жойларда ҳокимлар ва сектор раҳбарлари шахсан масъул этиб белгиланди.
Шунингдек, биз ёшлар учун яна бир катта янгилик вилоят ҳокимлари ҳар қайси туман ва шаҳардан 5 нафаргача ёшларни маданият ва санъат олийгоҳларида маҳаллий бюджет ҳисобидан ўқитади. Келгусида уларни ўз ҳудудида уй-жой ва мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш чораларини кўради деб Президентмиз томонидан таъкидлаб ўтилди. Демак, бизнинг тумандан ҳам ҳар йили 5 нафар ёшларга олий ўқув юртига ўқишга киришга кўмак берамиз, шу билан бирга олий ўқув юртини тамомлагач иш билан таъминлашга эришамиз.
Бундан ташқари, 2021 йилдан бошлаб ёшлар ўртасида ҳар йили “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини ўтказиш тизими йўлга қўйилади. Ушбу синов талабларини бажарганларга спорт разрядлари берилади, муддатли ҳарбий хизматга бориш ва “Темурбеклар мактаби”га киришда имтиёзлар жорий этилади.
Энг муҳими, мана шундай синовларда тобланиб, иродаси чиниққан фарзандларимиз жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол инсонлар бўлиб вояга етади.
Юртбошимиз томонидан биз ёшларга янги йилда янги имкониятлар, шарт-шароитлар яратилмоқда. Ёшлардан буюк ишлар кутмоқда. Шундай экан биз ёшлар хам юртбошимизнинг юксак ишончи ва умидини тўла оқлаш, унга муносиб бўлишимиз лозим.
А.АБДУҒАНИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи.