2020 йилнинг 30 декабрь куни туман ҳокимлиги кичик мажлислар залида халқ депутатлари туман Кенгашининг ўн олтинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда туман Кенгаши депутатлари, сиёсий партиялар аппарат раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, ҳокимлик масъул ходимлари, бўлим раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессияни Кенгаш раиси, туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев олиб борди.
20-Қовунчи сайлов округидан туман Кенгаши депутати Б.Шукуров сессия котиби этиб тайинланди.
Депутатлар кун тартиби ва иш тартибини тасдиқлагач, “2020 йил маҳаллий бюджетининг кутилаётган ижроси ва 2021 йилги туман маҳаллий бюджетининг параметрлари тўғрисида”ги масалани кўриб чиқдилар. Кун тартибидаги бу масала бўйича туман молия бўлими мудири А.Холматовнинг ахбороти тингланди.
Таъкидландики, 2020 йил якуни бўйича бюджет прогноз кўрсаткичлари 54 миллиард 715,3 миллион сўмни ташкил этди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра яна қўшимча 3 миллиард 178,1 миллион сўм ортиғи билан бажарилиши кутилмоқда.
Бюджетга туширилган қўшимча маблағлар ҳисобидан туманда “Обод қишлоқ” дастури доирасида бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари учун 1 миллиард 936,0 миллион сўм, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида ижтимоий соҳа муассасаларига 4 миллиард 976,0 миллион сўм, ҳудудларни ободонлаштириш билан боғлиқ харажатларга 1 миллиард 957,0 миллион сўм маблағ ажратилди.
Келгуси 2021 йил учун туман маҳаллий бюджети даромадлари 56 миллиард 845,7 миллион сўм, харажатлари эса 119 миллиард 227,2 миллион сўм этиб белгиланмоқда.
2021 йил учун бюджетни тузишда базавий солиқ ставкалари, жумладан, қўшилган қиймат солиғи 15 фоиз, фойда солиғи 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз, ижтимоий солиқ (бюджет ташкилотлари учун 25 фоиз, қолган барча субъектлар учун 12 фоиз), микрофирмалар ва кичик корхоналар учун айланмадан олинадиган солиқ 4 фоиз бўйича солиқ ставкалари сақлаб қолинади.
Айрим солиқлар ставкалари қуйидаги миқдорларда:
- алкоголь маҳсулотлари 2 босқичда: 1 февралдан ўртача 13,5 фоиз, 1 октябрдан ўртача 7 фоиз;
- бензин ва дизель ёқилғиси, суюлтирилган газ (пропан) 1 февралдан 22 фоизга;
- сиқилган газ (метан) 1 февралдан 15 фоизга;
- бензин (80 маркали) 1 февралдан 15 фоизга;
- бензин (90, 92, 93, 95 ва ундан юқори маркали) 1 февралдан 15 фоизга;
- ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 15 фоиз индексация қилинади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мустақиллигини ошириш мақсадида 2021 йилдан бошлаб туманлар ва шаҳарлар кесимида қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун ер солиғи ставкаларини ҳудуднинг иқтисодий ривожланишига қараб Солиқ кодексида белгиланган солиқ ставкалари асосида 0,5 дан 2 коэффициентгача ставка белгилаш ҳуқуқи берилди.
Туман бюджети ҳаражатлари таҳлил этилганда, мактабгача таълим соҳасига 5 миллиард 531 миллион сўм, умумий ўрта таълим учун 6 миллиард 793,4 миллион сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 38 миллиард 767,7 миллион сўм, маданият соҳасига 2 миллиард 376,1 миллион сўм, жисмоний тарбия ва спорт соҳасига 1 миллиард 603,1 миллион сўм ажратилиши мўлжалланмоқда. Иқтисодиёт ҳаражатларига 5 миллиард 762,8 миллион сўм ҳамда бошқарув органларини сақлаш ҳаражатларига 56 миллиард 825,4 миллион сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. 2021 йилда вилоят бюджетидан туман маҳаллий бюджетига тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдори 62 миллиард 381,5 миллион сўмни ташкил қилиши кутилмоқда.
Сессияда “Ёшлар дафтари”га киритилаётган ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва муаммоларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” ҳамда “Давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги масалалар юзасидан туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Х.Кўбаевнинг ҳисоботи тингланди.
Ўтказилган хатлов натижаларига кўра туманда 26214 нафар ёшлар мавжудлиги аниқланди. Шундан иш билан банд бўлмаган 3399 нафар ёшларнинг рўйхати шакллантирилди. Аниқланган 2624 та муаммолар 18 та соҳа кесимида тоифаларга ажратилди. Аниқланган муаммолар ва уларни ҳал қилиш юзасидан йўл харитаси тузилди ва соҳалар кесимида 8 та йўналиш бўйича 36 банддан иборат чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.
Сессияда депутатлар “Аёллар дафтари”нинг юритилиши ва ушбу дафтарларга киритилган фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги масала бўйича туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг хотин-қизлар бўйича ўринбосари С.Маҳмудованинг ҳисоботини, “Халқ депутатлари туман Кенгаши ва Кенгаш доимий комиссияларининг 2021 йилга мўлжалланган иш режаларини тасдиқлаш тўғрисида” ҳамда “Халқ депутатлари туман Кенгашининг котибиятини ташкил этиш тўғрисида”ги масалаларни ҳам кўриб чиқдилар
Шунингдек, сессияда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Қувондиқов Мухтор Нарзуллаевич туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тасдиқланди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.
Ўз мухбиримиз.