Эргаш Жуманбулбул ўғли 1868 йил Жўш даҳасидаги Қўрғон қишлоғида етти пушти бахши ўтган оилада дунёга келган. Бу ҳақда у ўзининг “Таржимаи ҳоли”да “Мен Зарафшон вилоятининг Нурота жарибининг, Жўш даҳасининг Қўрғон қишлоғидан - Мулла Эргаш - 61 яшар Жуманбулбул ўғли, Жуманбулбул Мулла Холмуроднинг ўғли, Мулла Холмурод Мулла Тошнинг ўғли, Мулла Тош уста Лапаснинг ўғли, уста Лапас Ёдгорнинг ўғли. ўзим ўзбек, туркман жамоасидан, асл зотим Қоракисса қозоёқлигига қуйилади”, деб баён этади.
Эргаш Жуманбулбул ўғли ёшлигидан зийрак, билимга чанқоқ, сўзга чечан бўлиб ўсади. Зеро, унинг ўзи куйлаганидек:
Мен чечанман, ўзим сўзнинг устаси,
Мендан қолган катта шоир нусхаси.
Етти пуштим бари шоирга катта,
Уларнинг сўзининг йўқдир қисқаси.
Дарҳақиқат, шоир ҳақ эди. Чунки унинг ўзи содда, жайдари, тўпори, тили бийрон халқнинг фарзанди эди.
Эргаш Жуманбулбул ўғли 1875-1876 йилларда қишлоқ масжидида маърифатпарвар Мулла Ўтамурод ўғлида савод чиқаради. 1884-1885 йилларда Бухоро мадрасаларидан бирида таҳсил олади. Бу ерда у форс, араб тилларини мукаммал ўрганади. Фузулий, Навоий, Машраб, Сўфи Оллоҳёр асарларидан баҳраманд бўлади. Ўткир хотираси ва кучли қувваи ҳофизаси туфайли қирқдан ортиқ достонни ўрганади, ёд олади. Элнинг катта-кичик тўю-маъракасида “КунтуҚмиш”, “Якка Аҳмад”, “Қизжибак”, “Алибек ва Болибек”, “Далли”, “Равшан”, “Қундуз ва Юлдуз”, “Хушкелди”, “Холдорхон”, “Авазхон”, “Хирмон”, “Нурали”, “Юсуф билан Аҳмад”, “Вомиқ ва Узро”, “Варқа ва Гулшоҳ”, “Махтумқули”, “Тулумбий” каби достонлар билан бирга, “Бердиёр оталиқ”, “Замонбек”, “Хидирали элбеги”, “Мисқол пари”, “Юнус пари”, “Ойсулув”, “Қиронхон”, “Гўрўғлининг туғилиши” каби халқ бадиҳаларини тўлиб-тошиб куйлайди. 1928 йилда фольклоршунос олим Ходи Зариф биринчи марта Эргаш Жуманбулбул бахшидан “Равшан” достонини ёзиб олади. Эргаш шоир бу достонни отасидан, отаси Жуманбулбул эса уни устози Кичик Бўрондан ўрганган эди. 1937 йилда Эргаш Жуманбулбул ўғли Тошкентда бўлади. Бу ерда Ходи Зариф ундан “Далли”, “Хуш келди”, “Қундуз билан Юлдуз” достонларини ёзиб олади.
Эргаш шоир сўзсиз нафақат Қўрғон достончилари, балки ўзбек бахши-шоирларининг пешқадами эди. Шу ўринда Абдулла Ориповнинг бир фикрини келтириш ўринли. Шоир айтган: “Ўзбек адабиётининг Навоийси – Алишер Навоий. Ўзбек фольклорининг Навоийси – Эргаш Жуманбулбул ўғли”. “Зар қадрини заргар билади”. Абдулла Ориповнинг Эргаш шоирга берган баҳосини бахши-шоир қолдирган мерос, уларнинг бадиий эстетик ҳиммати, ўзбек халқининг маънавиятидаги муносиб ўрни тасдиқлайди. Эргаш шоир халқ достонларини анъанавий эпик қолиплар доирасида шу қадар қувватлантирдики, улар ёзма адабиёт мезонларига бўйсира бўлди.
Эргаш Жуманбулбул ўғли куйлаган достонлардан Ватан меҳри, Она-юрт қайғуси, ҳиди анқиб туради. Чунки у эл дардини, изтиробини, миллат қайғусини куйлаган халқ фарзанди эди.
Эргаш шоир, умуман Қўрғон достончилари ижодини, меросини яқиндан англаш, идрок этиш учун ушбу достончилик пайдо бўлган, шаклланган, ривож топган муҳит, уруғлар тарихини, элнинг турмуш тарзи, амалий санъати, маросимлари, урф-одатлари, қўшиқ, эртак, афсона, нақл, топишмоғу мақоллари, мифологик қарашлари, халқона тақвимлари, қўйингки, барча жиҳатларини комплекс олиб ўрганиш талаб этилади. Хусусан, Раҳматулла Юсуф ўғли йиғиб, ёзиб қолдирган ва бошқа ахборотчилардан йиғилган маълумотлар турли хил тадқиқотлар яратишга имкон беради. Ана шунда биз Қўрғон достончилик мактаби ва унинг Эргаш шоирдек ижодкорларининг халқимиз маънавиятида тутган ўрнини ва бу достончиликнинг чинакам аҳамиятини кўрсатиш имконига эга бўламиз. Зеро, келажакнинг равнақи ўтмишнинг қувватига, кучига чамбарчас боғлиқлиги бор ҳақиқатдир.
Профессор Ҳоди Зарифов шоир ҳаётининг сўнгги даври ҳақида ҳикоя қилиб, бахши ўз юртига бориб, бир қатор қўлёзмаларни топмоқчи бўлганини, янги-янги термалар, достонлар айтиб беришга ваъдалар қилганини ёзади. Бироқ оғир касалликдан Эргаш Жуманбулбул ўғли 1937 йил 12 май куни 69 ёшда вафот этади. Зукко бахшидан қолган бадиий мерос бугунги кунда юртимиз келажаги учун хизмат қилмоқда.
Жорий йилда бахши-шоиримиз таваллуд топганига 150 йил тўлди. Самарқанд шаҳридаги «Шоирлар боғи»да атоқли халқ бахшилари Ислом шоир, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ва Пўлкан шоир Жомурод ўғлининг реставрация қилинган ҳайкаллари қад ростлаб турибди. Шунингдек, нуроталик Рахим Кодир томонидан шоирнинг таваллуд йилида "Бахшилар сарвари" номли китобининг чоп этилиши ҳам қувончли хабардир.
Шоир таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан у зот туғилиб ўсган Қўрғон қишлоғида мақбара қурилиб, ҳайкал ўрнатилган, уй-музейи ташкил қилинган. Музейга 1986 йилда “Эргаш Жуманбулбул ўғли халқ музейи” номи берилган ва туман маданият бўлими тасарруфига олинган. Қишлоқ муаллими, зиёли инсон Ойдин Синдоров томонидан уй-музейга 3500 дан зиёд тарихий экспонатлар олиб келинган. Лекин қурилганига салкам 50 йил ўтган бўлса-да, ушбу мажмуа маданий мерос объекти сифатида рўйхатга киритилмаган. Достончи-шоир авлодлари мазкур масканни узоқ йиллар яхши ҳолатда сақлаб келишган, холос.
Афсуски, бахши бобомизнинг бу даргоҳи бироз назоратдан четда қолган. Уй-музейи деворларининг баъзи жойлари ёрилган, мақбара ва музей биноси таъмирталаб, ҳовлисидаги дарахтлар қуриб қолиш ҳолатига келиб қолган.
Шоирнинг 150 йиллиги мамлакатимиздаги кўплаб - Тошкент, Самарқанд ва бошқа жойларида нишонланаётган бир пайтда, наҳотки туманимизда бу борада бирон-бир амалий ишлар қилинмаяпти. Достонларимизни, бахшиларимизни ёшларимиз хаётига чуқурроқ олиб кириш, тарғиб қилиш миллий ғурур, ватанпарварлик, меҳр-муҳаббат, қаҳрамонлик туйғуларини мустаҳкамлашнинг асосий омили эмасми?!
Ҳ.РАСУЛОВ.