Амир Темур ибн Амир Тарағой 1336 йил 9 апрелда Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳри яқинидаги Хожа Илғор қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси амир Тарағой барлос улусининг эътиборли бекларидан бўлиб, баҳодир жангчи, уламою фузалога ихлосманд, илм аҳлига ҳомий ва иштиёқманд киши бўлган.
Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятида икки давр яққол кўзга ташланади. Биринчи даври (1360-1385) Мовароуннаҳрни мўғул хонлигидан озод қилиб, ягона марказлашган давлат тузиш, ўзаро урушларга барҳам бериш. Иккинчи даври (1386-1405) эса икки йиллик, уч йиллик, беш йиллик, деб аталувчи бошқа мамлакатларга юришлари билан характерланади.
Ватан ҳақида қайғуриш, Ватан мустақиллигини тиклаш ҳақидаги фикрлар билан яшаган Амир Темур Балх шаҳрида чақирилган қурултойда Мовароуннаҳрнинг амири деб эълон қилинади. Темур ўз тасарруфида марказлашган давлатни юзага келтириш мақсадида Кеш шаҳридан Самарқандга кўчиб ўтиб, уни Мовароуннаҳрнинг пойтахтига айлантиради. Соҳибқирон аниқ мулоҳазалари билан халқни зулмдан озод қилиш ва узоқ йиллик бошбодоқлик ҳукмрон бўлган ерда марказлашган давлат тузиш мушкуллигини сезганлиги сабабли дастлаб мамлакатни ташқи хавфдан сақлаш мақсадида асосини барлос уруҚлари ташкил этган енгилмас ва жанговор миллий қўшин тузади, уларга катта имтиёзлар беради.
Давлатни бошқаришга Темур катта эътибор бериб, янги давлат тизими бўйича Девони бузругдан ташқари, ҳар бир вилоятда Девон деб аталувчи бошқарма тузиб, бу бошқармалар солиқ йиғиш, тартиб сақлаш, ижтимоий бинолар — бозорлар, ҳаммомлар, йўллар, суғориш тармоқларига қараб туриш ва аҳолининг хулқий-ахлоқий ҳаракатларини назорат остига олиш каби ишлар билан шуғулланган. Ҳар бир Девонда кирим ва чиқимларни ҳисобга олиш, қайд этиш турк-ўзбек ва форс-тожик тилларида олиб борилган.
Амир Темур ҳарбий салоҳиятда жаҳонга машҳур саркарда ва ўз замонасининг энг қудратли ҳукмдори бўлиши билан бирга, унинг ҳарбий назарияси ва амалий ҳарбий санъати, тактика ва стратегияси, армия таркибининг тузилиши ўз даврининг нодир мўъжизаси эди. Унинг ҳарбий маҳорати турли йўналишларда — аскарий қисмларни қайта ташкил этишда, душманга ҳужум килишда турли-туман усуллардан фойдаланишда, ҳужумдан олдин душман жойлашган ерларни обдон ўрганиб чиқишда ҳам лашкарбоши — қўмондонликда намоён бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Амир Темур давлат, жамият ҳаётида бўлиб ўтадиган ҳар бир муҳим режа олдидан кенгаш ўтказар ва бу кенгашга нафақат давлат арбоблари, саркардалар, темурзодаларни, балки саййидлар, шайхлар, илм-фан арбобларини ҳам таклиф этган ва ўзининг ҳар бир юриши олдидан бундай кенгашларни ўтказиб туришни одат тусига киритган.
Маълумки, давлат тақдирини унинг бош муассасаларида хизмат қилган мансабдор шахслар ва уларнинг қай тарзда иш олиб бориши ҳал қилади. Амир темур бунга алоҳида аҳамият билан қаради ва уларнинг вазифаларини аниқ белгилаб берди. Шунингдек, аҳолидан солиқ ундириш тартибини ҳам қатъий белгилаб қўйди. Халқни оғир аҳволга тушириб ҳамда мамлакатни қашшоқлаштириб қўйишидан сақлашга эътибор қаратди.
Қонун устувор бўлишлигини чуқур тушуниб етган соҳибқирон ҳамма - оддий фуқародан тортиб мартабали шоҳ ва шаҳзодалар ҳам қонун олдида тенглиги таъминланди. Ҳар ким хизматига яраша тақдирланган ёки қилмишига яраша жазога тортилган.
Мамлакатда ўрнатилган тинчлик ва барқарорлик, зироатчилик, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, илм-фан ва маданиятнинг ривожланишига замин бўлди.
Амир Темур амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида Турон заминнинг мудофаа қудрати ва салоҳиятини оширишга эришди. Яхши қуроллантирилган, ов қилиш ҳамда турли ҳарбий машқларда, бошқа юмушларда чиниқтирилган армия 1381-1404 йиллар ичида Эрон, Ҳиндистон, Озарбайжон, Ироқ, Шом (Сурия) устига уюштирилган ҳарбий юришлари муваффақиятли чиқди. Бу урушларда кўпгина шаҳар ва қишлоқлар вайрон бўлгани, ҳар икки томон ҳам кўп қурбонлар бергани билан жаҳонгир ўз мамлакати ва халқини ўзгалар истилосидан, талон-тарождан сақлаб қолган. Юқорида номлари зикр этилган мамлакатларда феодал тарқоқлик ва ўзаро уруш ва талошларга барҳам берилган, қадимий савдо йўллари очилган.
Соҳибқирон Олтин Ўрда хони Тўхтамишни мағлуб этиши билан, биринчидан, Шарқий Оврўпо, Туркистон, Озарбайжон ва Эронга таҳдид солиб турган Олтин Ўрданинг ҳарбий-сиёсий қудратини ҳам синдиради. Иккинчидан, XIII асрдан бери мўғуллар истибдоди остида қолиб келаётган Русиянинг озодлигини камида уч юз йилга яқинлаштиради.
Учинчидан, ўша даврда Туркия энг қудратли давлатлардан бири бўлганки, у Булғория, Сербия, Хорватия, Босния, Албания, Македония, Фессалия, Венгрия каби давлатларга бостириб кириб, шаҳар ва қишлоқларини вайрон қилган. Туркиянинг муваффақияти Франция, Германия, Венеция, Венгрияни чўчитиб қўйди. Улар ҳарбий кучларини бирлаштириб, туркияга қарши салб юриш бошладилар, лекин маҳлуб бўлади.
Шундай бир шароитда Франция, Испания, Венеция, Византия каби давлатлар Усмонли туркларга қарши иттифоқ тузишди. Агар Туркия билан ўрталарида уруш чиққудай бўлса, бу нималарга олиб келишини Амир Темур яхши тушунарди. Шунинг учун у кўп марта элчилар ва мактаблар орқали турк султони Боязид Йилдиримни сулҳ ва иттифоққа чақирди. Лекин турк султони бу таклифни рад этиб, Амир Темурга “Мард бўлсанг майдонга чиқ! Ё сен кел ё мен борай. Келмаганнинг хотини уч талоқ бўлсин!” деб уни ҳақорат қилади. Натижада икки ўртада уруш бошланади. 1402 йил 10 июль куни Анқара яқинидаги Чибукобод деган ердаги жангда Боязид Йилдирим мағлубиятга учрайди.
Жаҳонгир А.Темур қарийб чорак аср урушлар ичида бўлди. У ҳудудий жиҳатдан инсоният тарихида энг йирик – Чингизхон давлатининг ҳудудидан бир ярим, Искандар Зулқарнайнникидан икки, Юлий Цезарникидан саккиз барабоар катта марказлашган давлатга асос солди. У Ҳиндистон ва Хитойдан Қора денгизга қадар, Сирдарё ва Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар ғоят катта ҳудудни забт этди. Бундан ташқари, Амир Темур давлатига кичик Осиё, Сурия, Миср, шимолий-ғарбда қуйи Волга, Дон бўйлари, шимолий-шарқда Балхаш кўли ва Или дарёсигача, жанубий-шарқда эса Шимолий Ҳиндистонгача бўлган мамлакатлар бўйсундирилган.
Соҳибқироннинг бунёдкорлиги шундаки, у ўзига қаратиб олган ерларда вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларни, биринчи навбатда ўз мамлакатини обод этди, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ишларини ривожлантирди. Халқнинг издан чиқиб кетган турмуш даражасини кўтариш учун кўп хизмат қилди. Жумладан Самарқандни олайлик. 1371-1372 йилларда пойтахт Самарқанднинг бузилиб кетган ҳисори (қалъа) ва узунлиги етмиш чақирим атрофида бўлган девори тикланди. Ташқи шаҳар Шаҳристон ва унинг олти дарвозаси (Шайхзода, Оҳанин, Феруза, Сузангарон, Каризгоҳ, Чорсу) ҳам тикланди.
Ҳазрат Амир Темурнинг амри билан Самарқанд арки ичида тўрт қавмли икки улкан сарой – Кўксарой ва Бўстон сарой бунёд этилди, шаҳар кўчалари ва бозорлари обод қилинди. Шоҳи Зинда ва Ўлжа ойи (Ўлжой Туркон ота), Тутлуқ тегин, Қутлуғ Туркон ота, Ширинбека мақбаралари, хонақоҳ ва чортоқ, Чорсуда Тим ва шаҳарнинг у бошидан бу бошигача кесиб ўтган шоҳ кўча, Дуҳобод мақбаралари қурилди.
Шунингдек, Бибихоним мадрасаси ва жоме масжиди ҳам Самарқандда Амир Темур бунёд этган олий иморатлардандир. Хуллас, шаҳар Соҳибқирон даврида мустаҳкам ва кўркам бир шаҳарга айлантирилди. Тарихчи олим Ҳофизи Обрўнинг сўзлари билан айтганда, асли лойдан бўлган шаҳар қайтадан тошдан қурилди.
Амир Темур Қаршида турганда унинг девор ва бошқа мудофаа иншоатларини тиклатди. Шунингдек, у ота шаҳри Кешни ҳам обод қилди.
Ҳазрат Соҳибқирон, машхур тарихшунос олим Шарафиддин Али Яздийнинг гувоҳлик беришича, чет элларда ҳам ўзидан ёдгор бўлсин деб қасрлар, қалъалар ва йўллар қурдирди, бузилган шаҳарларни қайтадан тиклатди.
Бу кўҳна дунёда кўп жаҳонгирлар ўтган, аксарияти фақат бузган. Амир Темурнинг фарқи шундаки, у умр бўйи бунёдкорлик билан машғул бўлган. Унинг “қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кесдирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим” деган сўзлари ҳам бунинг ёрқин исботидир.
Амир Темур ҳаётлиги чоғидаёқ салтанатни асосан тўрт қисмга бўлиб, ўғил набираларига тақсимлаб берган ва ўзига хос тарзда тартиб-қоидаларга асосланган ҳолда бошқарган. Жаҳонгир асос солган бу давлат Хуросон ва Мовауннаҳрда XVI аср бошигача мавжуд бўлиб, Шайбонийлар томонидан тугатилган.
Нормўмин УСМОНОВ,
“Миллий тикланиш” демократик партияси туман кенгаши раиси.
Болтабой МАМАРАСУЛОВ,
нафақахўр.