Аламли айрилиқ, аччиқ ибора,
“Яхши инсонларга юрмоқ йўқ” экан.
Улар баҳордаги камалак гўё
Бир яшнаб сўнади, турмоқ йўқ экан.
Ишонгим келмайди, ишонгим,
Қизғалдоқ мисоли умрингга.
Йўқлигинг жонимга берган азобни
Келар деб кўчирай шеъримга.
Юрагим йиғлайди, сўзим инграйди,
Ёзмоқдан безиллаб кетаман.
Қувониб тингловчи Ҳожар йўқ энди
Беқадр шеърларни нетаман.
Қанотим эдинг-ей, қанотим,
Учмоққа энди ҳеч мажол йўқ.
Қўшработ лиқ тўла аёлга
Тилимни тушунар аёл йўқ.
Билсайдим дийдоринг ғаниматлигин,
Ҳар бир чорловингга чопиб борардим.
Энг сулув сўзлардан тизиб гулдаста
Устига инжулар сепиб борардим.
Кўпинча шеър дафтар бўлди қатламам,
Шугина совғадан бошинг осмонда.
Кулардим, бор экан сўзгаям шайдо
Қадрни пул билан ўлчар замонда.
Не-не давраларга қизғин тус бериб,
Бахши эл номидан лапарлар айтдик.
Биримиз бўзтўрғай, биримиз булбул
Қўшработ шаънига шон билан қайтдик.
Ўшал хуш онларнинг хотири таскин,
Сарварим, сен сабаб элга қўшилдим.
Шоирга айланди ўқимаган қиз
Сен суйган сайроқи тилга қўшилдим.
Қизларинг ўзингдай кўркам, мулойим,
Бекларинг серғайрат эл хизматида.
Уларни кўрганда бағримга босиб
Бир қувонч туяман кўнгил қатида.
Юзлаб ҳожаргуллар очилар яшнаб,
Қўшработ ҳожарзор бўлмоғи тайин.
Аммо сенинг каби беқиёс гулни
Минг гулшан оралаб топмоғим қийин.
Ҳожарой ЖОНЗОҚОВА.