Қўли гул инсонлар меҳнатлари ила шараф топади, ҳурмат қозонади. Тошдан гул ундириб, чўлдан бўстон яратади. Бенагоҳ гўзалликка ишқи тушса борми, кўнгил истагини ўз сийрати ва суратида акс эттиради.
Иш жараёнида хотин-қизлар билан доимо мулоқотда бўламиз. Уларнинг айримлари оилавий ҳаётига доир масалалар билан мурожаат қилишса, бошқалари ўзларига мос иш топишда ёрдам кўрсатишимизни сўрашади. Яқинда шундай аёллардан бири, 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Шаҳрибону Суюнованинг дадил гаплари кўнглимни кўтариб юборди.
— Туманимиз марказида ўзимнинг гўзаллик салонимни очганман,-дейди у. -Маҳалла гузари ён-атрофдан келувчилар учун жуда қулай жой. Энг асосийси, бу ерда ўнлаб коллеж битирувчи қизлари иш билан машҚул бўлишади.
Касбим санъатшунос-журналист. Лекин шу билан бирга стилист ва визажистлик билан ҳам шуғулланаман. Ушбу касб кўнгилхушлик учун қилинадиган юмуш эмас. Бу касбга мен ёшлигимдан қизиққанман. Тенгдош дугоналаримнинг сочларини чиройли турмаклаб қўярдим. Уларнинг ҳар доим чиройли бўлиб юришларини хоҳлардим. Аслида табиатнинг ўзи аёлларни чиройли қилиб яратган. Лекин баъзи бир аёлларимиз фақат тўй ва бошқа турли маросимлардагина ўзларига зеб беришади. Кундалик ҳаётда эса... Баъзиларнинг ўзига аро бериб юришини бошқача тушунишига ачинаман. Гўзаллик яратувчиларга эса нописандлик билан қараши кўнгилни оғритади. Бу санъат жозибасини ҳис этмаслик эса яхши эмас.
Яқинда туманимиз марказидаги “Бону” гўзаллик салонида ўзига хос тадбир ўтказилди. Ҳали соч турмаклашга қўли бормаган, косметик анжомларни ушлаб кўрмаган 10 дан зиёд қизлар учун гўзаллик танлови бўлди. Унда иштирокчи қизлар ўзларининг бор маҳоратларини намойиш этиб, қўллари нималарга қодир эканлигини кўрсатиб беришди.
Қизларнинг ўзини тутиши, кийиниши, стилист ва визажистлик маҳоратларини туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Шамсиева, “Кончи” маданият уйи раҳбари Н.Мирзаева, 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби раҳбари С.Холдоровалар кузатиб боришди.
-Эзгуликлар сари бошланган тадбиркорлигимни кенгайтириб, иш қидириб юрганлар ҳамда коллеж битирувчилари учун иш ўринлари яратиб, уларнинг бандлигини таъминлашни кўнглимга тугуб қўйгандим, - дейди Ш. Суюнова. – Бундай таклифимни туман хотин-қизлар қўмитаси қўллади. Режамиз баҳор байрами, хотин-қизлар куни нишонланаётган кунларга тўғри келди. Бундан қизларимиз ҳам хурсанд бўлишди.
Танлов якунида иштирокчи қизлардан М.Мавлонова ғолиб деб топилди. М.Жуманова, В.Абдураззоқова, Ш.Турабоевалар кейинги поғоналарни эгаллаган бўлса, С.Эрдонова энг яхши стилист ва визажист деб топилди.
Тадбирда иштирок этган коллеж битирувчиларидан С.Хўжамова, М.Очилова, Д.Хошимовалар билан шу ернинг ўзида ишга жойлашиш бўйича шартнома тузилди.
Тадбир сўнгида барча иштирокчиларга “Бону” гўзаллик салони томонидан диплом, сертификат ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди.
ҚИЗЛАР ИШЛИ БЎЛДИ
Дилноза.