Инсоният пайдо бўлганидан буён кишилар ўртасида яхшилик ва ёмонлик ўртасида аёвсиз кураш кетади. Бу кураш жараёнида айрим кимсалар жиноят аталмиш ёвузликка қўл уради. Жиноят бор жойда эса, жазонинг муқаррарлиги ҳам айни ҳақиқат.
Жиноят ва жазо масалалари қадимги дунё давлатларида ҳам бўлган. Бу борада фикр юритилганда қадимги Миср, Месопатамия, қадимги Ҳиндистон, қадимги Хитой ва қадимги Юнонистон давлатларидаги жиноят ва жазолар ҳақида тўхталиб ўтиш ўринли бўлади.
Қадимги Миср давлатида давлат сирларини ошкор қилиш оғир жиноят бўлиб, бу жиноятни содир этган айбдор шахсларнинг тили кесиб ташланган. Шунингдек, қалбаки нарсаларни ясаш ва тайёрлаш ҳам жиноят ҳисобланиб, айбдорларнинг қўли кесилган. Қизиғи қалбаки муҳрлар, пул ясаганларнинг чап ва ўнг қўли кесилган, сохта тош-тарозилардан фойдаланган кишининг тана аъзоларидан бири кесилган.
Юқорида қайд этиб ўтилган жазолардан ташқари, қасамхўрлик жиноятлари, одам ўлдириш ва айрим ҳолатларда ёлғон хабар берганлик учун айбдорлар ўлим жазосига ҳукм қилинган. Отасининг умрига зомин бўлган қотил фарзанднинг танасидан гўштлари суғириб олиниб, кейин тиканларга ётқизилган ва қотиллик жиноятига қўл урган падаркуш фарзанд сўнгра оловда ёқиб юборилган.
Таъкидлаш жоизки, ўғирлик жинояти учун оғир жазо тайинланган. Ўғирлик жиноятини содир этган айбдор шахснинг қўли кесилган. Шунингдек, хотиннинг эрига хиёнати ва бевафолик қилиши оғир жиноят деб эътироф этилган ва бу жиноятни содир этган шахснинг бурни кесилган.
Қадимги Месопатамия давлатида эрини ўлдирган хотин қозиққа ўтқазиш жазосига ҳукм қилинган. Бировни одам ўлдиришда ёлғондан айбловчиларга ва ёлғон кўрсатма бериш оқибатида бирор бир киши учун ўлимга маҳкум этилиши хавфини туғдирган шахсларга ўлим жазоси тайинланган. Агар шифокор эҳтиётсизлик натижасида беморни ўлдириб қўйса, унинг қўли кесилган.
Қадимги Ҳиндистон давлатида давлат ва ижтимоий тузимга қарши ҳар қандай суиқасд қилган киши ўлим жазосига ҳукм қилинган. Ўз давлати ёки қишлоғини қаттиқ овоз чиқариб сўккан кишига энг юқори жарима жазоси тайинланган. Брахманни ўлдириш энг оғир жиноят ҳисобланган. Аммо брахман одам ўлдириш жиноятини содир этган бўлса, унга ўлим жазоси ҳукм қилинмаган, аммо у мамлакатдан қувиб юборилган. Эр-хотиннинг ҳар қандай кўринишдаги хиёнати, яъни бировнинг хотини билан пинхона суҳбатлашиш, хизматини қилиш, у билан ўйнашиш, унинг кийимига тегиш ва бошқалар учун ўлим жазоси берилган. Хиёнаткор аёл сурбетлиги оқибатда қариндошларининг обрў-эътиборига зарар етказса, қутирган итларнинг олдига ташланган. Хиёнаткор аёл билан бирга бўлган эркак қиздирилган темир ўзанда куйдирилган. Кечаси ўҚирлик қилганларнинг иккала қўли кесиб ташланиб, ўзлари қозиққа ўтқазилган. Биринчи марта ўғирлик қилган кишининг иккита бармоғи, иккинчи марта ўғирлик қилган кишининг қўли ва оёғи кесилган, учинчи марта ўғирлик қилган киши ўлим жазосига ҳукм қилинган.
Қадиимги Хитой давлатида қасддан қилинган туҳмат учун оғир жазо тайинланган. Солиқ тўлашдан бўйин товлаган киши оғирроқ жазога тортилган, майхўрлик қилган кишига ўлим жазоси тайинланган.
Қадиимги Юнонистон давлатида бирор кишига қасддан тан жароҳати етказган кишининг мол-мулки мусодара қилиниб, у мамлакатдан ҳайдаб юборилган. Қасддан одам ўлдириш, давлатга хиёнат, худосизлик каби жиноятлар учун ўлим жазоси берилган. Агар ўғри жиноят содир этган жойида қўлга олинган бўлса, у қамоқ жазосига ҳукм қилинган, кечаси ўғирлик қилган шахсга ўлим жазоси тайинланган.
Хулоса ўрнида айтганда бу - тарих. Давлатчилик ривожланиши жараёнида жиноят турлари ва уларга бериладиган жазолар ҳам шаклланиб, ўзгариб келаётир.
Луқмон АСАТОВ,
ҳуқуқшунос.