Илм олиш учун энг афзал давр бу инсоннинг ёшлик чоғидир. Чунки ёшликда боланинг хотираси кучли бўлади. Бу вақтда олинган илм бола хотирасида узоқ вақтгача сақланиб қолади. Халқимизда “Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир” деган мақол бор.
Эндигина беш ёшга кирган, Жўш қишлоғида туғилган Низомиддинов Маҳмуджон Муҳиддин ўғли ҳам ментал арифметика билан шуғулланганига эндигина бир йил бўлди. Ҳали мактаб партасига ўтирмаган, болалар боғчаси тарбияланувчиси Маҳмуджон жорий йилда ментал арифметика олимпиадасида Самарқанд вилояти миқёсида “А” категориядан 5-8 ёшлилар ўртасида, Қўқон ҳамда Навоий шаҳарларида “В” категориясида республика миқёсида биринчи ўринни қўлга киритиб, кубок соҳибига айланди. Яқинда эса Самарқанд шаҳрида республика миқёсида ўтказилган ментал арифметика олимпиадасининг “С” категориясида ҳам ғолибликни қўлга киритиб, халқаро олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Маҳмуджон ментал математикадан ташқари, инглиз ва рус тилларини ҳам ўрганмоқда. Шунингдек, спортнинг бадиий гимнастика ҳамда шахмат-шашка тури билан мунтазам равишда шуғулланмоқда.
Боланинг тахминан 3-4 ёшларида хотираси энг яхши ишлайдиган давр бўлади. Мана шу пайтдан бошлаб болани секин-аста илмга жалб қилиш яхши натижа беради. Машҳур аллома бобомиз Абу Али ибн Сино ҳам 4 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган. Бундан ташқари, тарих, фалсафа, тиббиёт, мантиқ ва бошқа фанларни чуқур ўзлаштирган. Ўн саккиз ёшигача ҳаётида керак бўладиган барча илмларни мукаммал ўрганиб, машҳур олим, табиб даражасига кўтарилган. Бундан келиб чиқадики, ота-оналар фарзандларини ёшлик давридан унумли фойдаланиб, керакли илмларни эгаллашлари учун қулай шароитларни таъминлаб беришлари лозимдир.
Ҳ.РАСУЛОВ.