Азаматов Анвар Ғайрат ўғли “Булоқбоши” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Булоқбоши қишлоғида яшайди. Туманимиз марказидаги 48-умумтаълим мактабида ўқийди. Яқинда Анвар кўкси тўла медаллар билан дадаси Ғайрат ака Минаров ҳамрохлигида хурсанд холда таҳририятимизга ташриф буюрди. Бунинг сабаби бор эди.
- Ўғлим Анварнинг беш ёшлигида спортга меҳри бошқачалигини кўриб, уни туман марказидаги “Болалар ва ўсмирлар” спорт мактабида ташкил этилган каратэ тўгарагига олиб бордим,-деди Ғайрат ака. - У ёш бўлишига қарамай меҳнатсеварлиги, тинимсиз ҳаракат қилиши билан мураббийлар эътирофига сазовор бўлди. Бу эса тез фурсатда ўз натижасини кўрсатди. Ҳали олти ёшга ҳам тўлмаган Анвар ўзининг дастлабки мусобақасидаёқ шахсий каръерасини кумуш медаль билан бойитиб қўйди.
Ўғлим ҳозир ўн беш ёшда. Бу вақт ичида кўплаб мусобақаларда иштирок этиб, кўксига нақд 20 та медални жамлаб қўйди. Шулардан 10 таси 1- ўрин, 6 таси 2-ўрин, 4 таси 3-ўринни эгаллагани учун олинган.
Яқинда Анвар Каттақўрғон шаҳрида ўтказилган карате бўйича Ўзбекистон биринчилигида 46 кг вазн тоифасида 1-ўринни қўлга киритиб, мамлакат чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.
- Устозим Ўктам Нурматов қўл остида машғулотларни давом эттираяпман,-деди Анвар. - Мен бу билан тўхтаб қолмай, машғулотларга янада бор меҳримни бериб киришганман. Эндиги мақсади жаҳон ареналарида юртимиз шарафини ҳимоя қилиб, жаҳон чемпиони бўлишдир.
Сиз ушбу суратда Анварнинг кўксида кўриб турган медаллар шодаси кимни ҳам қувонтирмайди, дейсиз. Айниқса, оила аъзолари шодлигининг чеки йўқ.
Биз эса Анварнинг келажакдаги ишларига омад билдирган ҳолда, илму ҳунар эгаллаш соҳасида ҳам юксак натижаларни қўлга киритишига тилакдошмиз.
Ислом БОБОҚУЛОВ.