Навоий шаҳрида 24, 25-август кунлари Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан “Фарзандлари соғлом юрт - қудратли бўлур” шиори остида спортнинг кёкусинкай каратэ тури бўйича Республика очиқ чемпионати ўтказилди. Унда барча вилоятлардан ҳамда қўшни Қозоғистонлик ёш каратэчилари иштирок этишди. Самарқанд вилоят шарафини туманимизнинг 8 нафар ёш спортчилари ҳам ҳимоя қилишди.
Қувонарлиси, 35 кг вазнда ўғил болалар ўртасида Сарвар Ҳошимов, 50 кг вазн тоифасида қизлар ўртасида Мадина Тоштемирова ғолибликни қўлга киритиб, Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга эришдилар.
Маълумки, каратэнинг бу тури болаларни тезкор ва кучли зарбаларга чап беришга, чаққонликка ўргатади. 2020 йилда Япония мезбонлик қиладиган ёзги олимпиада ўйинларига киритиш режалаштирилгани эса ёшларнинг кёкусинкай каратэга бўлган иштиёқини янада орттираяпти.
- Сўнгги йилларда бу спорт тури туманимиз ёшлари орасида оммалашиб бормоқда, - дейди туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийи Ўктам Нурматов. - Бу каби мусобақаларда ҳаваскор каратэчилар орасидан энг иқтидорлилари сараланади. Кучлиларни вилоят терма, сўнгра мамлакат жамоасига қабул қилиш, келгусида халқаро миқёсдаги мусобақаларга тайёрлаб боришда муҳим ўрин тутади.
-Спорт билан шуғулланишимга оиламдагилар барча шарт-шароитларни яратиб беришган,-дейди С.Тоштемирова. -Улар мени доим қўллайдилар. Ютуқларимдан роса қувонадилар. Спорт менинг ҳаётимда катта ўрин тутади. Ҳам соғлом бўламан, ҳам бўш вақтимни бекор ўтказмайман. Бугун биз ёшларнинг яхши билим олишимиз, ҳунар эгаллашимиз, спорт билан шуғулланишимиз учун барча шароитлар яратилган. Мен барча тенгдошларимни ҳаётда тўғри йўлни танлашларини, чекиш, ичиш, гиёҳвандлик, ҳуқуқбузарлик каби иллатлардан йироқ бўлиб, кўп китоб ўқишларини, спорт билан шуғулланишларини истардим. Насиб бўлса энди халқаро турнирларда ҳам ўзимни синаб кўрмоқчиман.
Албатта, бу муваффақият билан ёш каратэчиларимизни табриклаймиз. Ўйлаймизки, энди ушбу ёш каратэ усталари мамлакатимиз шарафини халқаро майдонларда ҳам ҳимоя қилади.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.