Қирғизистон Республикаси Чўпонота шаҳрида спортнинг армрестлинг тури бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Унда туманимиздаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг 12 нафар спортчи қизлари Ватанимиз шарафини халқаро аренада ҳимоя қилишди.
Мусобақалар 6 июндан 12 июнгача давом этди. Унда иштирок этган қизларимиздан ўнг, чап қўл мусобақаларида Маржона Авазова 1-ўринни эгаллаб, Осиё чемпиони номига сазовор бўлди. Шунингдек, мусобақада иштирок этган қизларимиздан 8 нафари - Шаҳзода Омонова, Гулёра Қурдошева, Шоҳсанам Холмирзаева, Жасмина Болиева, Севинч Холиқулова, Хумора Қудратова, Амина Раҳматова ҳамда Гулсанам Нарзуллаева 8 та кумуш, 6 та бронза медални қўлга киритишди.
Бу хушхабар туманимиз аҳлини хурсанд қилди, албатта. Ўтган йилнинг декабрь ойида туманимиз марказида ушбу спорт тури бўйича вилоят чемпионати ҳам ўтказилган эди. Унда қизларимиз деярли барча вазнларда ғолибликни қўлга киритишганди. Сўнгра Навоий шаҳрида ўтказилган республика чемпионатида ҳам туманимиздан 15 нафар қизимиз фаол иштирок этишиб, совриндорлар қаторидан жой олиб, Осиё чемпионатига йўлланмага эга бўлишди. Қизларимизни ушбу мусобақаларга тайёрлаган мураббий Холмирза Қуроловнинг ҳам хизматлари каттадир. У кишининг саъй-ҳаракатлари билан ушбу спорт тури туманимизда оммалашиб бормоқда.
“Интилганга толе ёр” деган нақл бор халқимизда. Биз ҳам қизларимизнинг халқаро майдонларда кўрсатаётган бундай муваффақиятларидан руҳланиб, нафақат спортда, балки илму ҳунар эгаллашда ҳам юксак натижаларни қўлга киритишишига тилакдошмиз.
Тўлқин СИДДИҚОВ.