Ота-она рози – Худо рози, деган ибора бор. Демак, ота-она фарзандидан рози бўлмаса, Яратган ундан рози бўлмас экан. Уларнинг хизматларини қилиш, ҳурматини жойига қўйиш, кексайганларида боқиш, кийинтириш, уларнинг олдила овозни баландлатмаслик, вафот этганларидан сўнг хақларига дуо қилиш фарзанднинг бурчидир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. ота-онани эъзозлаш, ҳурматлашга доир кўрсатмаларини катталар, устоз-мураббийлар болаларга гўдаклик чоғиданоқ ўргатиши зарур. Имом Муслим “Сахих” китобида Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилади: Пайғамбаримиз с.а.в ҳузурларига бир киши келиб “Аллоҳдан савоб умидида Жиход ва Ҳижрот қилиш учун сизга байъат қилишга келдим” дебди Шунда Пайғамбаримиз с.а.в. “Ота-онангдан бирортаси ҳаётми”? деб сўрадилар. – Ҳа, иккаласи ҳам ҳаёт дедилар. “Аллоҳдан савоб умид қиласанми”? дедилар у зот. – Ҳа деди. “Ота-онанг ҳузурига боргин ва уларга гўзал муомалада бўл дедилар.
Ислом таълимоти ҳам ота-оналар заифлашганда, кексайган вақтларидафарзандлари уларнинг ҳаққини адо қилишларини Жиход ва Хижротдан устун қўяди.
Беш тоифа фарзанд бўларкан. Ҳохлаймизми йўқми шулардан биттаси бўламиз. Биринчи тоифа фарзандлар ота-онанинг айтганларидан биронтасини ҳам қилмас экан. Иккинчи тоифадагилар эса уларнинг айтганларини зўрма-зўраки қилар эканлар. Иш бюрганларида ҳам бурунларини жийириб, қошларини чимириб қилар эканлар. Ота-она буни кўриб, - қўявер чарчасам ҳам ўзим қиламан, дер эканлар. Бундайларга ҳам савоб ёзилмас экан. Учинчи тоифадагилар ҳам айтганларини қилар эканлару ортидан миннат қилар экан. Хажга бордингиз қайси пулингизга, касал бўлдингиз ким дори олиб берди. Еганингиз олдингизда-ю емаганингиз ортингизда яна нима истайсиз дер экан. Тўртинчи тоифадаги фарзандлар ота-онасининг иш буюришини ҳам кутиб ўтирмасдан бажаришга ҳаракат қилиб, маслаҳатларига амал қилишар экан. Бундай фарзандлар албатта нафақат ота-она балки, барча катталарнинг дуоси билан яшайдилар. Бешинчи тоифадагилар эса, ота-онаси билан яшаб, уларга нима ёқади-ю нима ёқмайди ҳаммасини билиб, улар айтмоқчи бўлган ишларни олдиндан тайёрлаб қўяр экан. Барчамизга бешинчи тоифадаги фарзанд бўлишлик ва ана шулар каби фарзандлар насиб қилсин.
Собиржон ТЎХТАШЕВ,,
Ғойиб-ота масжиди имом хатиби.