Мамлакатимиз тараққиётида муҳим рол ўйнайдиган устувор масалалар қаторида ёшлар тарбиясига, хусусан, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга ҳам катта аҳамият қаратилмоқда. Айниқса, бугунги ва эртанги кунимизнинг, мамлакатимиз тараққиётининг асоси бўлган, халқимизнинг барча орзу интилишларини, мақсадларини ҳаётимизда амалий рўёбга чиқарадиган серқирра, ҳар томонлама етук кадрларни тайёрлаш масаласида устоз-мураббийларнинг ишлари алоҳида эътиборга лойиқдир. Айниқса, узоқ йиллар таълим соҳасида ишлаб, ёш авлод тарбиясига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган фахрий ўқитувчиларни йўқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, яшаш тарзидан хабар олиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканини унутмаслигимиз керак.
Яқинда таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси вакиллари туманимиздаги умумтаълим мактабларида ишлаб, ҳозирги кунда нафақада бўлган М.Ўтамалиев, О.Поситов, Л.Каримова, З.Жамолова ҳамда бошқа кўплаб фахрий ўқитувчиларнинг хонадонларида бўлиб, улар билан дилдан суҳбатлашишди. Яшаш шароити ва соғлиқлари билан қизиқишди. Шунингдек, уларга уюшманинг совға-саломларини тақдим этишди.
- Ёшларга кўз нури ва қалб қўрларини бериб, бугун кексалик гаштини сураётган устозларимизга ҳар қанча ҳурмат кўрсатсак арзийди, - дейди таълим фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси раиси А. Тўхтаров. – Бугунги кунда ҳам улар жамиятнинг фаол аъзоларидир. Доимо ўзларининг маслаҳатларини ёш шогирдларига ўргатиб келишади. Муҳими ҳаётидан, бугунидан рози. Бу ташрифимиздан ҳам бошлари кўкларга етиб, узоқ дуолар қилишди. Улар бизнинг фахримиз, ғуруримиздир.
Ушбу эзгу мақсадга бутун борлиғини бахш этаётган касб соҳибларини қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатаётган ғамхўрлик ва эътибори учун фахрийларимиз давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирдилар.
Д.ҲАСАНОВА.