Туман марказидаги “Барака” базмгоҳида 3 декабр – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан туман ҳокимлиги, прокуратура, туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида имконияти чекланган шахслар, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар ҳамда уларнинг оила аъзоларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида байрам дастурхони ташкил этилди.
Кўтаринки руҳда ўтказилган байрам тадбирида туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев сўзга чиқиб, юртимизда имконияти чекланган шахсларга кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлар, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш, турмуш даражасини ошириш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, оғирини енгил қилиш, ҳаётдан рози бўлиб яшашига кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Туманимизда турли касалликлар, жароҳатлар ва бахтсиз ҳодисалар оқибатида ўзи мустақил равишда юролмайдиган фуқаролар 180 дан зиёдни ташкил қилади. Уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ногиронлиги бўлган шахслар учун шинамгина ва арзон уй-жойлар қурилиб, барча шарт-шароитлари яратилди.Тадбир давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслардан 7 нафарига ногиронлик аравачаси, 3 нафарига қўлтиқтаёқ, 8 нафарига ҳасса ҳамда эшитиш мосламаси, 2 нафарига эса кўзи ожизлар ҳассаси топширилди.
Байрам дастурхони туман маданият бўлими хонандалари томонидан куйланган куй-қўшиқлар, дилтортар тароналар билан янада файзли ўтди. Йил давомида имконияти чекланганига қарамай самарали меҳнат қилган фуқаролар эътироф этилди.
Тадбирда иштирок эта олмаган 3 нафар ногироннинг яшаш хонадонларига борилиб, аҳволидан хабар олинди ва уларга ногиронлик аравачалари топширилди.
Ҳ.РАСУЛОВ.
