Инсон зоти камолот ёшида куч-қувватга тўлади. Ёши ўтиб, аста-секин кексайиб борар экан кўзидан нур, белидан қувват кета бошлайди. Соғлигида кексалик аломатлари сезила бошлайди. Танадан куч кетиб, ҳаракатлар сусайиб борар экан, эслаш қобилияти ҳам пасайиб боради. Ота-онанг қарияпти парваришга, меҳрга муҳтож сездингми болам!
Эрта, индин дейсан, бўлди энди келаси кузда қиламан дейсан, эй ҳали улар ёшку, яхшигина юришибдику дейсан. Баҳосини уларга тенглаштириб бўлмайдиган совғани ҳам болангга улашасан, йўлда учраган жўра, жувон-шайтонга чалғийсан. Сени шу даражаги кўтарган ота-онангнинг дуоси ҳаққи уларга “яхши ўтирибсизларми” деган ширин каломингни аядинг. Кўзингни оч болам, ғафлатдан қоч болам! ҳали ҳам кеч эмас ота-онанг сендан янги уст-бош, хуштаам таом кутмаяпти, жиндек меҳрга муҳтож, улар билан соатлаб вақтингни аяма. Эртага кеч бўлиб пушаймонда қолма. “Улар олдида “уфф” тортма, қилган меҳнатингни миннат қилма. Яхшилигини сўраб туришнинг ўзи бахт улар учун аслида.
Мадинанинг ҳокими бўлган Марвон ибн Ҳаким исмли одам бирор ёққа кетса, ўзининг ўрнига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни ҳоким қилиб қўйиб кетар экан.
Ўша улуғ саҳобий катта обрў эгаси бўлган, амрлар унинг олдида тазим қиладиган зот ҳар куни уйдан чиқиши билан онаси ўтирган хонанинг остонасига бош уриб, рухсат сўраб кўчага отланар экан. Уйга кириш чоғида ҳам худди шундай бош уриб кейин салом бериш билан бирга, рухсат сўраб кирар экан. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу гўзал фазилати асрлар оша кўплаб мусулмон фарзандлари одатига айланганлиги фахрлидир. Ота-она ухлаётганда безовта қилмаслик, улардан олдин таомга қўл узатмаслик кераклигини аллақачон билиб олгансан. Болажоним уларга меҳр улашишни ҳам одат қилиб олсанг сендан Оллоҳ ҳам рози бўлиб, икки дунёнг ҳам нурга тўла бўлади.
Навотой ШОДИЕВА,
Янгиқишлоқ МФЙ хотин қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси.