Туманим Нурота-тоғлар ораси,
Отим Эргаш Жуманбулбул боласи.
Қаридимми десам кўнглим қоласи,
Тобора ортади ёшлик ҳаваси.
Қадимий Нурота ва Қўшработнинг пурвиқор Оқтов ва Қоратов тоғлари оралиғида, аниқроғи, Оқтовнинг шимолий этакларида элнинг дарду-аламини, қайғу-ҳасратини куйлаган Қўрғон достончилик мактабининг хушовоз, булбулзабон вакиллари яшаб ижод этишган.
Қўрғон достончилик мактаби XVII асрда яшаб ўтган Ёдгор бахши номи билан боғлиқ бўлиб, кейинчалик бу мактабни Лапас бахши, мулла Тош бахши, мулла Холмурод бахши, Султон кампир, Тилла кампир, Жолмон бахши, Бўрон бахши, Жуманбулбул бахши, Ёрлақаб бахши, Жоссоқ бахши, Қулсамад бахши, Эргаш бахши, Пўлкан шоир, Бўта бахши, Марди бахши, Эгамберди бахши, Раҳматулла бахши каби ўнлаб забардаст вакиллари янада ривожлантирдилар.
Эргаш Жуманбулбул ўғли ана шу бахшилар силсиласининг энг йирик ва довруқли вакилидир.
Эргаш Жуманбулбул ўғли 1868 йил ҳозирги Қўшработ туманининг Жўш даҳасидаги Қўрғон қишлоғида етти пушти бахши ўтган оилада дунёга келган. Бу ҳақда у ўзининг “Таржимаи ҳоли”да “Мен Зарафшон вилоятининг Нурота жарибининг, Жўш даҳасининг Қўрғон қишлоғидан-Мулла Эргаш-61 яшар Жуманбулбул ўғли, Жуманбулбул Мулла Холмуроднинг ўғли, Мулла Холмурод Мулла Тошнинг ўғли, Мулла Тош уста Лапаснинг ўғли, уста Лапас Ёдгорнинг ўғли. Ўзим ўзбек, туркман жамоасидан, асл зотим қоракисса қозоёқлигига қуйилади”, деб баён этади. Эргаш Жуманбулбул ўғли ёшлигидан зийрак, билимга чанқоқ, сўзга чечан бўлиб ўсади. Зеро, унинг ўзи куйлаганидек,
Мен чечанман, ўзим сўзнинг устаси,
Мендан қолган катта шоир нусхаси.
Етти пуштим бари шоирга катта,
Уларнинг сўзининг йўқдир қисқаси.
Дарқақиқат, шоир ҳақ эди. Чунки унинг ўзи содда, жайдари, тўпори, тили бийрон халқнинг фарзанди эди.
Эргаш Жуманбулбул ўғли 1875-1876 йилларда қишлоқ масжидида маърифатпарвар Мулла Ўтамурод қўлида савод чиқаради. 1884-1885 йилларда Бухоро мадрасаларидан бирида таҳсил олади. Бу ерда у форс, араб тилларини мукаммал ўрганади. Фузулий, Навоий, Машраб, Сўфи Оллоҳёр асарларини чуқур ўрганади. Ўткир хотираси ва кучли қувваи ҳофизаси туфайли қирқдан ортиқ достонни ўрганади, ёд олади. Элнинг катта-кичик тўю-маъракасида “Кунтуғмиш”, “Якка Аҳмад”, “Қизжибак”, “Алибек ва Болибек”, “Далли”, “Равшан”, “Қундуз ва Юлдуз”, “Хушкелди”, “Холдорхон”, “Авазхон”, “Хирмон”, “Нурали”, “Юсуф билан Аҳмад”, “Вомиқ ва Узро”, “Варқа ва Гулшоҳ”, “Махтумқули”, “Тулумбий” каби достонлар билан бирга, “Бердиёр оталиқ”, “Замонбек”, “Хидирали элбеги”, “Мисқол пари”, “Юнус пари”, “Ойсулув”, “Қиронхон”, “Гўрўғлининг туғилиши” каби халқ бадиҳаларини тўлиб-тошиб куйлайди. 1928 йилда фолълоршунос олим Ходи Зариф биринчи марта Эргаш Жуманбулбул бахшидан “Равшан” достонини ёзиб олади. Эргаш шоир бу достонни отасидан, отаси Жуманбулбул эса уни устози Кичик Бўрондан ўрганган эди. 1937 йилда Эргаш Жуманбулбул ўғли Тошкентда бўлади. Бу ерда Ходи Зариф ундан “Далли”, “Хуш келди”, “Қундуз билан Юлдуз” достонларини ёзиб олади.
Эргаш Жуманбулбул ўғли булоқдек қайнаган Қўрғон достончилик мактабини янада ривожлантирди, унга жило, сайқал бериб янги мактабга асос солди. Бу хусусида Муҳаммадали Қўшмоқбой, “Эргаш Жуманбулбул ўғли ўзбек достонларининг хазинабони эди. У Қўрғон достончилик мактабининг устози-қарийб ҳамма достонларни билувчи ва шогирдларига ўргатувчи Жоссоқ шоирнинг вориси эди. Қўрғон достончилари маҳорати, ибрати-Жуманбулбул ўғлида давом этди... Эргаш Жуманбулбул ўғли достон айтганида ҳамиша жўш-хурушга кириб, шундай бедахиллик ва маънавий юксакликка эришадики, у бутун коинотни кафтига симобдек қуйиб, кузатиб турганга ўхшайди... Эргаш Жуманбулбул ўғлининг эстетик идеали Қўрғон достончилик мактаби эстетик идеалини тўла-тўкис мужассам этади.” деб, таъкидлайди.
Қўшработ серфазилат, пурқикмат, «бешигида авлиёлар ўсган юрт». Бу заминда улуғ алломалар излари бор, пиру – авлиёлар ўсган, бу юрт оналари олимларга алла айтганлар. Қўрғон достончилик мактабини Эргаш Жуманбулбулдан сўнг у кишининг шогирди Раҳматулла Юсуф ўғли давом эттирди.
Эргаш Жуманбулбул ўғли куйлаган достонлардан Ватан меҳри, Она юрт қайғуси, ҳиди анқиб туради. Чунки у эл дардини, изтиробини, миллат қайғусини куйлаган халқ фарзанди эди.
Ойбек Абдумўминов,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори,
ЎзР ФА ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи маркази директор ўринбосари.