Туман марказида жойлашган “Нуроний” жамғармаси туман бўлими биносида “Шахмат билан ҳамнафасман” шиори остида шахмат бўйича 14 ёшдан 60 ёшгача бўлган ҳаваскор шахматчилар ўртасида мусобақа ўтказилди. Ушбу мусобақа “Нуроний” жамғармаси туман бўлими ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди.
Эътиборли жиҳати мусобақага шахмат бўйича жаҳон чемпиони Жавоҳир Синдоров ҳам таклиф этилди. Аслида Жавоҳир Синдоровга Қўшработ тумани бегона эмас. Унинг бобоси, ҳуқуқшунос Комил Синдоров туманимизнинг Жўш ҳудуди, Қўрғон қишлоғидан.
Бугун жаҳон тан олган, томирида шу элнинг бахши шоирлари ва полвонлари қони оқаётган шахмат бўйича жаҳон чемпиони, болалигидан шахмат оламига олиб кирган, уни юксак ғалаба ва марралар сари илҳомлантирган бобоси – Комил Синдоров ҳамроҳлигида ота юртига келган Жавоҳир Синдоров туманимиз ёшларига ўз ютуқлари сири ҳақида гапириб берди, улар учун маҳорат машғулотлари ўтди.
Шунингдек, жаҳон чемпиони бир вақтнинг ўзида ўндан ортиқ иштирокчи билан дона сурди.
Мусобақа ғолиблари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
И.БОБОҚУЛОВ.
