Қуёшдан сўрабдилар:
-Сенинг ҳароратингдан зўрроқ ҳарорат борми?
Қуёш: - Бор. Бу она меҳри. Унинг меҳри олдида менинг тафтим кучсиз бўлиб қолади.
Ўлим фариштасидан сўрабдилар: - Сенга ҳам бас келадиган куч борми?
Фаришта – Бор. Бу она меҳри. Она меҳри олдида мен ҳам таъзимдаман.
Оталар ҳам фарзандлари учун оналардан кам қайғурмайдилар. Ватандошимиз, ўтли шеърлари, оташ қалби, тоғдек юраги билан ҳаётлигидаёқ ўзига ҳайкал қўйиб кета олган шоир А.Ориповнинг “Фарзанд” шеъри билан танишар экансиз бунга яна бир бор амин бўласиз.
Бир куни ранжитди отани фарзанд,
Ота ўз уйидан бош олиб кетди.
Лекин Аллоҳ меҳри бўлиб сарбаланд,
Ота Макатуллоҳ васлига етди.
Ота фиғон чекар Каъба қошида,
Гўё унут бўлгай аламлар бари.
Нажот чарх урса ҳам гарчанд бошида,
Сира кетолмади бир гапдан нари.
Каъбага сиғинар экан кекса чол,
Армонин ошкора айтди оламга.
Деди: - Ибодатим бўлса ҳам увол,
Фақат саодат бер ўша боламга.
Ҳа, ота-оналар буюк зотлардир. Улар туфайли ҳамон кишилик жамияти яшаб келмоқда. Фарзандларини кўз қорачиғидек авайлаб-асраб вояга етказмоқдалар. Улар туфайли бу дунёда кам-кўстсиз яшаб келмоқдамиз. Уларнинг дуолари билан ҳаётимиз тўкин, йўлларимиз равон. Шунинг учун ҳам барча замонларда ота-оналар улуғланиб келинади. Бу буюк зотларга бағишлаб ёзилган асарлар ҳам замонлар ошса ҳамки севиб ўқилган ва ўқилаверади.
Кўриниб турибдики, ота-онага ҳамма вақт иззат-ҳурматда бўлиш фарзандлар учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Ўзбек адабиёти осмонида ёрқин юлдуз бўлиб, ҳамон шуъла таратиб турган, шеърият султони, шоирлар шоири Мир Алишер Навоий бобомиз ҳам бу ҳақда қуйидаги сатрларни ёзиб қолдирган.
Бошни фидо айла ато қошига,
Жисмни қил садқа ано бошиға.
Тун-кун унга айлагани нурпош,
Бирисин ой айла, бирисин қуёш.
Фарзандлар томонидан ота-оналарга бўлган иззат-ҳурмат уларнинг тириклигидаёқ ўз ўрнига қўйилмоғи лозим. Минг машаққатлар билан фарзанд ўстириб катта қилган, боласи бетоб бўлса табиб бўлган, тарбиячи, ўқитувчилик қилган ота-оналаримиз ҳар қанча эъзоз-у эътиборга лойиқ.
Ривоят қилишларича бир донишманд шогирд устозидан сўрабди:
-Ота-онам вафот этганлар, энди мен нима қилсам уларнинг ҳақларини адо қилган бўламан?
-Ота-онангнинг васиятларини бажо келтир, дўстларини, ёру биродорларини ҳурматини қил, ака-укаларингга, қариндошларингга муҳаббат боҚла, қўлингдан келганича уларга ёрдам бер, одамларга яхшилик қил, ўзинг улар берган тарбия доирасидан чиқма, - дебди устози.
Минг афсуски ҳаётда юқорида келтирилган бурчларни бажармайдиган фарзандларни ҳам учратиб турибмиз. Улар вояга етганида ёки оилали бўлибоқ ота-онага нисбатан қўпол муомалада бўлишади. Отага нисбатан “бобой”, “папаша” онасига эса “момой”, “мамашка” деб мурожаат қилишади.
Хўш, бундай ахлоқсизликнинг илдизи қаердан экан? Бунинг илдизи ноқобил фарзанддаги иймоннинг йўқлиги, эътиқоднинг йўқлиги, тарбия ишларидаги нуқсонлардадир.
Дилноза ҲАСАНОВА.
