Маълумки, оила асрлар давомида тарбия маскани бўлиб келган. Унда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, ҳалоллик, поклик, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, инсонпарварлик каби олий даражадаги қадриятлар шаклланган, аждодлардан авлодларга ўтган. Бу сифатлар она сути, оила аъзолари меҳри ва намунаси билан бола хулқи, хатти-ҳаракатига сингиб борган.
Маънавий ва жисмоний баркамол авлодни тарбиялаш фақат миллий эҳтиёжгина эмас, балки давлат аҳамиятига молик масаладир. Бу 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилаётган Ватанимизда туғилиб ўсган, томир ёйган барча халқлар учун бирдай эзгу мурод-мақсад бўлиб қолган. Ана шу жараёнда миллий ва умуминсоний қадриятлар, шаклланиб келаётган янги удумлар бирлашиб, тарбиянинг қудратли омилига айланган. Маънавий ва жисмоний жиҳатдан соғлом авлодни тарбиялаш жараёнида оила, давлат ва жамиятнинг муштарак мақсади бўлмиш комил инсон шахси вужудга келади ва такомиллашади.
Бу даврда ота-оналар, устозлар, маҳалла-кўй болалар тарбияси билан биргаликда шуғулланишлари лозим бўлади. Уларнинг саломатлигига ҳам алоҳида диққат-эътибор зарур. Ҳар бир халқ, ҳар бир авлоднинг баркамоллик даражаси пировард натижада шу юрт, шу халқнинг истиқболини, тақдирини ҳал этади. Маънавияти юксак инсонгина Ватанимизнинг буюк келажаги учун самарали ва фидойи меҳнат қилишга ўзида куч ва қудрат топа олади.
Шахс маънавияти эса дастлаб оила шароитида шаклланади ва жамият маънавиятида белгиловчи мезон сифатида намоён бўлади. Шу боис маънавий меросдан, бугунги кун қадриятларидан тўғри фойдалана олиш, тарихдан тўғри хулоса чиқариш мустақилликни мустаҳкамлашнинг муҳим маънавий асосидир. Ана шу асос ҳар бир оилага кириб борсагина оила маънавияти қарор топади. Шахснинг келажаги шу масканда тарбиянинг қандай амалга оширилиши, тарбиячи ҳисобланмиш ота-онанинг ўз бурч ва вазифаларига масъулият билан ёндашишига боғлиқ ва бу оила мустаҳкамлиги, жамият фаровонлигига эришишнинг омилидир. Хуллас, баркамол инсонни, яъни аввало оиласи, қолаверса ўзи яшаб турган жамият, маҳалла ва халқ учун фидойи шахсни тарбиялаш оиладан, маҳалладан бошланади. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, ўқитувчи ва тарбиячилар, маҳалла бола тарбиясига эътиборини янада кучайтиришлари зарур бўлиб келди ва буни такомиллаштириш муқаддас бурч бўлиб қолаверади.
Шу нуқтаи назардан бу тушунчаларни барча зиёлилар ёшларимиз онгига ва тафаккурига сингдиришлари муҳим вазифадир. Оилада бола тарбиясига оиланинг ҳар бир аъзоси, яъни бобо, буви, ота-она, опа, ака, хола-тоға, қўйингки, қўни-қўшни, маҳалла, мактаб, жамоатчилик бирдек масъулдир. “Бир болага етти қўшни ота-она”, “Бир тоға етти ота ўрнида”, “Маҳалланг - ота-онанг” каби мақоллар бежиз айтилмаган.
Юқорида таъкидлаганларимиздан ҳам сезилиб турибдики, оилада ота-она бола тарбияси ҳақида етарлича амалий ва назарий билимларга эга бўлиши керак. Агар уларда етарлича билим, кўникма ва малака бўлмаса, фарзандларига яхши тарбия бера олмайди. Оиладаги ёмон тарбия нафақат оила аъзоларига, балки қўни-қўшни ва маҳалладаги болалар тарбиясига ҳам салбий таъсир қилади.
Хулоса сифатида айтиш жоизки, оила, маҳалла - тарбия маскани. Уни ривожлантирувчи эса таълим муассасасидир. Шундай экан, оналар, оталар ва устозлар ўз фарзандлари, ўқувчилари тарбиясига бефарқ қарамасалар сўнгги пушаймонга ўрин қолмайди.
Абдувоҳид ВАЛИЕВ.