Бугунги кунда жамиятни иқтисодий ва ижтимоий-маданий ривожлантириш жараёнида пайдо бўлаётган янги шароитлар ва ходисалар тезлик билан муваффақиятли мослашиш инсон ўз психикаси ва жисмоний соғлиғини сафарбар этиш билан боғлиқ фаолиятининг турли жиҳатларини ўзгартиришни талаб этаяпти.
Ҳар бир ишчи-ходимнинг ҳаракатлари сарфланган саломатлик захираларини тиклаш, соғлом авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, ҳаётдаги фаоллигини ошириш ҳамда ўз соғлиғига болаликдан оқилона муносабатда бўлишликка йўналтирилиши лозим.
Афсуски, бугунги кунда ҳайдовчи, компьютер оператори ва шунга ўхшаш касб эгалари борки, гиподинамия (камҳаракатлилик) касаллигидан азият чекишади. Шунингдек, шундай соҳалар юзага келдики, уларда асосан инсоннинг психикаси, асаб тизими, кўриш ва эшитиш органларига кучли таъсир этмай қолмаяпти.
Маълумки, ҳаракатсиз ҳолатда кўп турганда ёки ўтирганда, организмда моддалар алмашинуви, қон айланиши камаяди. Оёқларда мушаклар заифлашиб, қомат бузилишига олиб келади ва кўп ҳаракатни талаб этмайдиган касб эгалари кўпроқ бош оғришидан шикоят қиладилар. Бундай ҳолларда кишилар саломатлиги жиддий издан чиққан пайтдан соғлом турмуш тарзи ва жисмоний машқларга мурожаат қиладилар. Ваҳоланки, мунтазам равишда оддий гимнастик машғулотларни бажариш ҳам саломатлигимизга ижобий таъсирини ўтказишини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
Маълумки, гимнастика билан шуғулланишдан асосий мақсади ходимлар саломатлигини мустаҳкамлаш, меҳнат самарадорлигини ошириш, иш вақти жараёнида уларнинг меҳнат қобилиятини тиклаш, чарчаш ҳолатини камайтириш, касалланиш даражасини пасайтиришдан иборатдир.
Ҳар қандай вазиятда иш столида ўтирган ҳолатда ҳам 5-10 минутлик енгил спорт машқларини бажариб, енгил дам олиш мумкин. Бунда албатта, машқлар бажарилаётган жой хавфсиз ва гигиеник талабларга жавоб берадиган ҳолатда бўлишига эътибор берилиши талаб этилади. Машқларни шундай танлаш керакки, улардан бири орқа мушакларни ривожлантирса, бошқаси бўйин қисмига йиғилувчи тузларни парчалаши, кейингиси эса қорин қисмини мустаҳкамлашга ёрдам бериши керак.
Немис ёзувчиси Гётенинг таъкидлашича, “ишонган нарсасига интилган инсоннинг қуввати асло тугамайди”. Шундай экан, аввало ўзингизни асранг. Соғлом турмуш тарзига риоя қилган ҳолда меҳнат фаолиятингизни бехатар ташкил этинг.
А.ТЎХТАРОВ,
таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси.