Педагог қачонки ўзининг ўтаётган дарсидан завқ олса, шундагина кўзлаган мақсадига эриша олади. Мен ҳам 1-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчиларига дарс бериб келмоқдаман. Жажжи қалб соҳибларига сабоқ берар эканман, баъзиларининг қунт билан ўқишидан, баъзиларининг эса чиройли хати, яна бошқасининг математик самодхонлигидан завқ оламан. Ўқувчиларим айниқса, дарс жараёнидаги жисмоний дақиқаларни маҳорат билан бажаришади.
Мактабга илк қадамларини қўйган ўқувчиларнинг ўйинқароқлигини ҳисобга олиб ҳар бир дарсда жисмоний дақиқа ўтказишга ҳаракат қиламан. Бу биринчидан боланинг соғлиғини мустаҳкамлаш, ақлий фаолиятини ривожлантириш, тана аъзоларини чиниқтириш, гавдасининг тўғри ўсишини таъминлаш, юрак-қон томир ҳамда нафас олиш аъзолари, шунингдек, асаб тизимини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Бошланғич синф ўқувчилари учун тана аъзоларининг фаолияти учун қисқа жисмоний машқлар жуда зарур. Бу ҳақда буюк қомусий олимларидан бири Абу Али ибн Сино “Бадан тарбияси – соғлиқни сақлашда улуғвор усулдир” дея ўзининг фикрини билдирган. Инсон соғлом ва баққуват бўлса ҳаёт гўзаллашгани каби ўқувчиларда ҳам ўқиш ва ёзишга бўлган иштиёқ ошади, атроф-муҳитга ҳам теран назар билан қарайди. Мақсадимиз ёш авлодни ватанпарвар, хақсевар, соғлом инсонлар қилиб тарбиялаш экан, бу йўлда болаларни мактабга, дарсга бўлган меҳрини ошириш учун турли йўллардан фойдаланмоқ зарур.
Мавжуда ЖОНҒОЗОВА,
1-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси.
