Ёш авлодни ҳар томонлама етук, ахлоқли, маънавиятли қилиб камол топтириш ўқитувчилар зиммасидаги масъулиятли вазифалардандир. Маълумки, бола шахсини шакллантиришни намунали йўлга қўйиш учун аввало характер-хислатлари қанчалик таркиб топганлигини аниқлаш мақсадга мувофиқ. Албатта, ҳар бир бола нимагадир қизиқади. Шу боис ҳар бири билан ахлоқий тушунчаларини ҳам инобатга олган ҳолда алоҳида-алоҳида иш олиб боришга тўғри келади. Айниқса, бошланғич синф ўқувчилари ишонувчан, ташқи таъсирларга берилувчан бўладилар. Донишмандларимиз айтганларидек, кишининг феъл-атвори ҳаётининг дастлабки йилларида таркиб топади ва шу даврда пайдо бўлган сифатлар унинг онгига мустаҳкам ўрнашиб, кишининг иккинчи табиатига айланади. Инсоннинг иккинчи табиатида ижобий ҳиссиётларни, фазилатларни таркиб топтириш, юксак ахлоқ намуналарини шакллантириш учун бутун масъулият ота-она билан бир қаторда уларни ўқитаётган устозлари зиммасига тушади. Ана шу даврда болалар маънавиятига таъсир кўрсатиш, уларнинг эзгу ниятларини қўллаб-қувватлаш, атрофдагиларга ёрдам беришга, тўғри мулоҳаза қилишга ўргатиш, табиат манзараларини кузатиш ва мусиқа эшитишга одатлантириш, умуман бурч ҳиссини тушунтиришнинг аҳамияти катта.
Ўзим раҳбарлик қилаётган 59-умумтаълим мактаби филиалида 20 та ўқувчи бор. Яқинда ана шу ўқувчилар билан табиат қўйнига чиқиб, атрофни кузатдик. Гербарийлар йиғдик. Синфга келгач эса, ҳар ким ўзи кўрган манзараларни тасвирлаб беришни топширдим. Бу эса дарснинг қизиқарли ўтишини таъминлади.
Дарсимиз сўнгида эса ўқувчиларга ўғил болалар учун дарахт, қиз болалар учун гул кўчатларини ҳовлиларига экишни уйга вазифа қилиб бердим. Кейин болаларимиз ўша кўчатлардан мактабимиз ҳовлисига ҳам экишга қизиқиб қолди.
Х.Бўтаева, С.Нуртуллаев, Ш.Бўтаева, Д.Аралова ҳамда З.Суюнбоев каби ўқувчиларим бу ишда бошқаларга ўрнак бўлишмоқда. Табиат қўйнида ўтказилган дарсимиз орқали ўқувчилар экология бўйича билимларини янада ошириб олишди.
59-умумтаълим мактаб бошланғич синф ўқитувчиси.