Жорий йил май ойида мамлакатимизда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови ўтказилади.
Хўш, бу йилги сайлов жараёнига қандай янгиликлар киритилди, ўтган йиллардагидан нимаси билан фарқ қилади? Ушбу саволлар билан Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси раиси А.Рустамовга мурожаат қилдик.
- Маҳалла жамият бошқарувининг халқ қадриятларига асосланган тизими сифатида ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда қатор вазифаларни самарали амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу тизимга доир кўплаб қонунчилик ҳужжатларининг қабул қилиниши унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштирди.
Хабарингиз бор, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида» ҳамда «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида” қонунлари 2018 йил 15 октябрда қабул қилинди.
Олдинги қонунда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) билан бир вақтда унинг маслаҳатчисини ҳам сайлашни назарда тутар эди. Раиснинг ваколат муддати 2,5 йил бўлиб, бу муддат уларга ўз билим ва бошқарув қобилиятини тўлиқ намоён этишга имконият бермаётган эди. Шунингдек, раислар фуқаролар вакиллари йиғилиши томонидан сайланарди. Бунда сайловчилар номидан атиги 50-80 нафар вакил овоз берарди. Бошқа фуқаролар баъзан бундан бехабар қолаётган, ўз фикрини билдира олмаётганди. Яна бир жиҳати шунда эдики, сайлов очиқ овоз бериш йўли билан ўтказилгани боис, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдириш имконияти чекланганди.
Қонундаги ўзгаришлар натижасида маслаҳатчиларнинг раис (оқсоқол) билан бир вақтда сайланишининг олди олинди. Унинг ваколат муддати 2,5 йилдан 3 йилга узайтирилди. Вакилликнинг минимал нормаси белгиланди, яъни у сайловчиларнинг 12 фоизидан кам бўлмаслиги тартиби ўрнатилди. Энди сайловларда яширин овоз берилади.
Савол: Вакиллар қайси мезонлар асосида шакллантирилади?
Сир эмас, олдинги амалиётда маҳалла раиси фуқаролар йиғини томонидан эмас, балки фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан сайланарди. Эндиликда сайловларда бевосита фуқароларнинг ўзлари кўпроқ иштирок этишини таъминлаш мақсадида ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқаролар вакиллигининг минимал нормаси белгиланди. Бу дегани, энди вакиллар ҳар бир ҳудуд аҳолисининг сонидан келиб чиқиб шакллантирилади.
Бунда вакилларнинг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн икки фоизини ташкил этиши керак. Дейлик, бундай ҳолатда маҳаллада яшовчи ўртача 3 минг нафар сайловчи номидан 360 нафар вакилнинг сайловда иштирок этиши таъминланади.
Ўз навбатида, фуқаролар вакилларига ҳам талаблар ўрнатилди. Унга кўра, эндиликда ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга кишилар вакил бўлишади. Раис лавозимига кўрсатилган номзодлар ёки уларнинг яқин қариндошлари вакил бўлиши мумкин эмас. Албатта, бу тизимнинг йўлга қўйилгани сайловнинг янада шаффоф, демократик қоидаларга мос равишда ўтишини таъминлайди.
Савол: Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида кимлар овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади?
Жавоб: Фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш ҳуқуқига сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган ҳамда шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек шаҳардаги, шаҳарчадаги, қишлоқдаги, овулдаги маҳалла ҳудудида доимий яшовчи фуқаролар эга бўлади.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар сайловда иштирок этиши мумкин эмас.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида фуқароларнинг иштирок этиш ҳуқуқларини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади.
Шунингдек, фуқароларни сайловда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида уларга таъсир кўрсатишга, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас. Фуқароларнинг сайловда иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир.
Савол: Туманимиздаги кўпчилик маҳаллалар ўз биносига эга эмас. Бундай ҳолда сайлов қаерда ўтказилади?
Жавоб: Албатта, бундай пайтларда жойларда ишчи гуруҳларининг фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратиш, сайловлар ўтадиган биноларни тайёрлаш, уларни керакли жиҳозлар билан таъминлаш, транспорт хизматини йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бу жараёнда аввалги сайловларда йўл қўйилган камчиликларни мониторинг қилиш ва уларни такрорламаслик чораларини кўриш, фуқаролар йиғини ўз биносига эга бўлмаса, сайловни ўтказиш учун мактаб ва коллежларнинг залларидан фойдаланиш борасида таклифлар берилмоқда.
Савол: Сайлов бюллетени қандай тўлдирилади?
Жавоб: Фуқаролар йиғини раисини сайлаш яширин овоз бериш орқали амалга оширилади. Бюллетень овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдирилади. Овоз берувчи бюллетеннинг ўнг томонида ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси қаршисида жойлашган бўш катакка «+», «v» ёхуд «х» белгисини қўяди ва бюллетенни сайлов қутисига ташлайди.
Шунингдек, бошқа номзодларнинг фамилияси рўпарасидаги катак бўш қолиши лозим. Уларга бирон белги қўйиш мумкин эмас. Акс ҳолда сайлов бюллетени бузилган деб ҳисобланади. Бундай ҳолатда овоз берувчи бюллетенни яроқлисига алмаштириш учун ишчи гуруҳига мурожаат қилиши лозим.
Х.Мамарасулов суҳбатлашди.