13 сентябрь куни халқ депутатлари туман Кенгашининг ўттиз учинчи сессияси бўлиб ўтди.
Депутатлар сессия кун тартиби ва иш тартибини тасдиқлагач, Қўшработ туманида “Соҳибкор”, “Зармитан”, “Соригул” маҳалла фуқаролар йиғинларини ташкил этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар. Бу масала бўйича туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Б.Мусулмоновнинг ахбороти тингланди.
Таъкидландики, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Тоти қишлоғи, “Заркент” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Зармитан” қўрғони ҳамда “Солпи” массиви, “Тоз” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Соригул”, “Боғажот”, “Аймат” қишлоқлари маҳалла марказидан узоқда жойлашганлиги, уларда аҳоли хонадонларининг кўпайганлиги сабабли фуқароларга кўплаб ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Ушбу қишлоқлар аҳолиси томонидан “Дўстлик” МФЙ таркибидан янги “Соҳибкор”, “Заркент” МФЙ таркибидан янги “Зармитан”, “Тоз” МФЙ таркибидан янги “Соригул” маҳалла фуқаролар йиғинини ташкил этиш тўғрисида туман ҳокимига мурожаат қилинган. Мазкур мурожаатнома Географик объектларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш масалалари бўйича туман комиссияси томонидан маъқулланиб, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги топономик объектларга ном қўйиш комиссиясининг йиғилиш баёни билан ижобий хулоса берилган.
Ушбу масала депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, “Соҳибкор”, “Зармитан” ҳамда “Соригул” маҳалла фуқаролар йиғинини ташкил этиш учун оилалар сони ҳисобга олиниши ва бошқа қонун ҳужжатларини ўрганган ҳолда навбатдаги сессия кун тартибига киритиш таклиф этилди.
Сессияда туман Кенгаши қошида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари муҳокама этилди.
Кенгаш қарори билан тасдиқланган намунавий низомга кўра, комиссия ҳар бир ҳудуднинг маҳаллий урф-одат ва анъаналаридан келиб чиқиб, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига баҚишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга қаратилган қоидаларни белгилаш бўйича маҳаллий кенгашга таклифлар киритади. Маҳаллий кенгаш томонидан ўрнатилган қоидаларга амал қилинишини доимий равишда назорат қилиб боради. Оилавий тадбирларни ўтказишга оид қоидаларни бузган шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар киритиб боради.
Ушбу кун тартибидаги масала ҳам жамоатчиликнинг фикрини ўрганган ҳолда, комиссия аъзолари таркибига туман Кенгаши депутатларини киритган холда тузиш, шунингдек ушбу масала навбатдаги сессияда кўриб чиқиш таклифи билдирилди.
Шундан сўнг туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Б.Мусурмоновнинг “Ёшлар келажагимиз” Давлат дастурининг тумандаги ижроси бўйича ахбороти эшитилди.
Шунингдек, сессияда «Миллий тикланиш» демократик партиясидан 28-Оқчопсой сайлов округидан сайланган депутат Норхол Қораеванинг муддатидан олдин депутатлик ваколатини тугатиш тўғрисидаги масала муҳокама этилди ва депутатлардан томонидан маъқулланди.
Сессияда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.
Ўз мухбиримиз.