Туман ҳокимлиги мажлислар залида туман хотин-қизлар қўмитасининг 2019 йилга мўлжалланган йўл харитасига асосан жорий йилнинг I-чорагида амалга оширилган ишлар бўйича бошқарув кенгаши ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Унда тумандаги корхона, ташкилот, таълим муассасалари бошланғич ташкилот раислари, тадбиркорлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ҳисобот йиғилишида туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Машҳура Шамсиеванинг жорий йилнинг I-чорагида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботи эшитилди.
Таъкидландики, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида белгиланган.
Аҳоли ўртасида тарбиявий ишларни олиб бориш, хотин-қизлар фаоллигини ошириш, аёлларни иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этишда сезиларли натижаларга эришилмоқда. Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган 7 нафар хотин-қизларга туман хотин-қизлар қўмитаси тавсиясига асосан “Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди” ҳисобидан 125 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди.
Оила маданиятини, аҳолининг тиббий билимини оширишга бағишланган тадбирлар изчил олиб борилди. Қариндошлар ўртасидаги никоҳ, қизларни эрта турмушга бериш, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш, аёллар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тушунтириш ишлари кучайтирилди.
Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий аҳволи оғир ва ёрдамга муҳтож аёлларга ёрдам кўрсатиш мақсадида “Дўстлик”, “Пичот”, “Бозоржой”, “Мустақиллик” ва “Қўролос” маҳалла фуқаролар йиғинларида учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилди. Бундай олиб борилган ташвиқот ишлари натижасида жорий йилнинг I-чорагида туманда хотин-қизлар ўртасида биронта ҳам жиноят содир этилмади.
Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурини амалга оширишда тиббиёт муассасалари ходимлари билан яқин ҳамкорликда иш юритилмоқда. Туманимизда жорий йилнинг I-чорагида 34146 нафар фертил ёшидаги аёлларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш жадвали ишлаб чиқилди. Улар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, аниқланган касалликлар бўйича амбулатор ва стационар шароитида даволашга юборилди. Бунинг натижасида оналар ва болалар ўртасида учрайдиган турли касалликлар сезиларли даражада камайишга эришилди.
Маҳалла фуқаролар йиғинларида уйма-уй юриш орқали вақтида туғилганлик гувоҳномаси олинмаган, шаърий никоҳ асосида яшаб келаётган оилалар, расмийлаштирилмай қолган ўлим ҳолатларини аниқлаш бўйича I-чорак мобайнида 23 та маҳаллада “Сайёр қабул” ўтказилди. Натижада 49 та ҳолатда туғилганлик гувоҳномаси олмаганлар аниқланиб, уларга туғилганлик гувоҳномаси расмийлаштирилди. Шаърий никоҳ асосида яшаб келаётган 53 та оила аниқланиб, 48 та оиланинг никоҳи қонуний қайд этилиб, ФХДЁ гувоҳномаси топширилди. ¤лим ҳолати бўйича 5 та ҳолат аниқланиб, 3 таси расмийлаштирилди.
Тумандаги оғир ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлардан Гулноза Ражабова, Шапоат Носирова, Марғуба Ўрозматова, Гулзода Шукуровага ногиронлик аравачалари, Мафтуна Улашевага эса эшитиш мосламаси олиб берилди.
Хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларнинг меҳнат қилиши ва ўқиши учун яратилган шароитларни янада яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жойларда бўш иш ўринлари ярмаркалари, банк мутахассисларининг тадбиркорлик ва оилавий бизнесни йўлга қўйиш бўйича амалий маслаҳатлари ташкил этилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, туман халқ таълими бўлими бошланғич ташкилоти раиси С.Тошбоева, туман ФХДЁ бўлими мудираси Г.Ярқулова хотин-қизлар билан ишлашда бошланғич ташкилотларнинг фаоллиги, жамоатчиликнинг ўрни тўғрисида мулоҳаза юритдилар.
Ҳисобот йиғилишида йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар ҳам танқид қилинди. Жумладан, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, қишлоқ аёллари учун қулай турмуш шароитлари яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар талаб даражасида эмаслиги, ҳужжатлар билан ишлашда кўплаб камчиликлар кузатилаётгани қайд этилди. Бундай камчиликларни бартараф этиш бўйича йўриқнома ишлаб чиқиш тўғрисида тавсия берилди.
Йиғилишда оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, тўйларни ихчам ўтказиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик, оила, никоҳ муносабатларини тартибга солиш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, фарзандни соҚлом ва баркамол вояга етказишда ота-оналар масъулиятини кучайтириш, бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда хотин-қизлар қўмитасининг ишини самарали ташкил этиш юзасидан қизғин фикр алмашилди, истиқболдаги режалар белгилаб олинди.
Ҳисобот йиғилишида вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гавхар Алимова хотин-қизлар билан ишлашда самарадорликка эришиш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ўз мухбиримиз.