Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси туман кенгашида 2724 нафар мулкдорлар қатлами, кичик бизнес вакиллари, тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, жамоат ташкилотлари вакилларини бирлашган. Партия қошида 56 та бошланғич ташкилот фаолият кўрсатаётир. Мавжуд қуйи бўғинларидан бугунги кунга келиб 43 тасида ҳисобот-сайлов йиғилишлари ўтказилди.
Шована қишлоқ врачлик пунктида ўтказилган ҳисобот-сайлов йиғилишида бошланғич партия ташкилоти раиси Т.Исаевнинг ҳисобот даври мобайнида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботи тингланди.
Ўз ҳисоботида Т.Исаев партиянинг бошланғич ташкилотига янги аъзоларнинг жалб қилиниши, партия дастурий ғоя ва мақсадларини тарғиб этиш, аҳолидан келган мурожаатларга алоҳида ёндашилганини таъкидлади.
Шунингдек, йиғилишда уюшмаган ёшлар ва хотин-қизлар орасида ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлганларга тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар ажратиш, касб-ҳунар коллежларини битираётган ёшларни ўз касби бўйича ишга жойлаштиришда ёрдамлашиш каби масалаларда туман Кенгаши депутатлари билан ҳамкорлик олиб бориш ҳам белгилаб олинди.
- Ўтказилаётган ҳисобот-сайловлари юқори савияда ўтказилаётгани партия ғоя ва мақсадларининг ҳаётга изчил тадбиқ этилишида БПТнинг ҳам ўрни борлигини кўрсатмоқда, - деди O’zLiDeP туман кенгаши аппарат раиси Э.Болмонов. – Партиянинг бошланғич тузилмалари аҳолига ҳудуддаги шароитдан келиб чиқиб, чин маънода кўмакдош бўлишга ҳаракат қилишаётир. Ҳар бир хонадоннинг имкониятидан келиб чиқиб, иссиқхона, паррандачилик, асаларичилик, мевачилик ва узумчиликни ривожлантириш борасида тарғибот-ташвиқот олиб борилмоқда.
Йиғилишда партиянинг “Шована” қишлоқ врачлик пункти бошланғич партия ташкилотига яна Т.Исаев раис этиб сайланди.