5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва халқ депутатлари Қўшработ тумани Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари Х.Кетмонов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати С.Арзиқулов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бўлим мудири Э.Йўлдошев, туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, корхона, ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Сессия кун тартибидаги жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирликлар вакиллари, Бош прокуратура ходимлари таркибидаги ишчи гуруҳ томонидан туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари билан ижтимоий соҳалар аҳволини ўрганиш ҳамда муаммоларни бартараф қилишда амалий ёрдам бериш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари ҳақидаги масала муҳокама қилинди.
Ушбу масала бўйича маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бўлим мудири Э.Йўлдошев ўрганиш даврида туман худудларидаги ва секторлар фаолияти билан боғлиқ чора-тадбирларда белгиланган вазифаларга тўхталиб ўтди.
Таъкидландики, ишчи гуруҳи томонидан аҳоли хонадонларига бирма-бир кирилиб, улар билан тўғридан-тўғри мулоқотлар ўтказилди ва аниқланган 7000 тадан зиёд муаммоли масалаларнинг 4000 тага яқини жойида бартараф этилди. Ҳал этилмаган 3153 та муаммоли масалалар рўйхатга олиниб, туман, вилоят ва республика миқёсида ечимини топиши ва амалий ёрдам кўрсатилиши учун кунлик онлайн тарзда штабга тақдим этилди.
Йиллар давомида тўпланиб қолган таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт, газ, электр ва сув таъминоти, транспорт, йўл қурилиши соҳаларидаги муаммолар туман аҳолисини ташвишга солиб келган.
Ўз навбатида, туманнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиши ва уларни ҳал қилиш бўйича зарурий чора-тадбирларнинг белгиланиши долзарб аҳамият касб этади.
Туманда банк хизматларининг замонавий тизимини жорий қилиш асосида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, аҳолига тадбиркорлик учун имтиёзли кредитлар ажратилиши кўламини кенгайтириш ва шу асосда янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳоли бандлиги даражасини ошириш энг асосий вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Шунингдек, туманга инвестицияларни жалб қилиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кичик саноат зоналари фаолиятини самарали йўлга қўйиш туман ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг зарурий шартларидандир.
Соғлиқни сақлаш соҳасида бепул даволаниш ва дори-дармонлар, ногиронлик аравачалари, санаторияга йўлланмалар билан таъминлашга эҳтиёжлари бор фуқаролар аниқланган. Бундан ташқари, ҳудудларни ичимлик суви, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, кредит маблағларини олиш, суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш, йўлларнинг аҳволини яхшилаш, кам таъминланган оилаларнинг уй-жойларини таъмирлаш, электр симёғочларининг яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги тўғрисида мурожаатлар бўлди.
Аниқланган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш мақсадида 4та сектор кесимида 46 та боб, 11 та бўлимдан иборат “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва унда соҳалар кесимида аниқланган муаммоларни белгиланган вақтда бартараф этиш учун масъуллар белгиланди.
Кун тартибидаги масала бўйича туман ҳокими ўринбосарлари Б.Мусурмонов, Ш.Раззоқов, Б.Аноровларнинг ҳисоботлари тингланди.
Маълумки, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ҳамда бошқа шу каби тадбирлар халқимиз ижтимоий-маънавий ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб, юксак ахлоқий-тарбиявий аҳамиятга эга.
Бироқ кейинги пайтларда бундай тадбирларни ўтказишда ортиқча дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўйилиб, асрлар давомида шаклланган миллий қадриятларни менсимаслик ҳолатлари кўпайиб бормоқда.
Ушбу масала бўйича туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Шамсиеванинг ахбороти эшитилди.
Таъкидландики, туманда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссия тузилган. Бундай тадбирларнинг ихчам ва тартибли ўтказилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Мазкур чора-тадбирлар асосида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, тўй ўтказувчи хонадон эгалари билан тўй-ҳашамлар ва бошқа тадбирларни ўтказишга ортиқча сарф-харажатлар қилишнинг оила иқтисодий аҳволига салбий таъсир кўрсатиши ҳақида суҳбатлар ўтказилиб борилмоқда.
Ўз навбатида, сессияда маҳаллий депутатлик корпуси ҳамда жамоат ташкилотларига мазкур масалалар ижроси юзасидан таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш вазифаси топширилди.
Туманнинг бугунги ва истиқболдаги тақдири учун ҳал қилувчи куч бўлган ёшларни тарбиялаш, уларнинг куч ва имкониятларини эзгу мақсадлар рўёбига тўлиқ сафарбар этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш масаласи доимий диққат марказида туриши зарур. Бу борада муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да, унинг натижаларидан қаноат ҳосил қилиб бўлмаслиги алоҳида таъкидланди.
Мажлисда Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган ва Қўшработ туманида амалга оширилиши лозим бўлган комплекс чора-тадбирлар дастури ижроси юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Јонунчилик палатаси Кенгаши ва халқ депутатлари туман Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди.
Ўз мухбиримиз.