Туман ҳокимлиги мажлислар залида халқ депутатлари туман Кенгашининг ўттиз еттинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Кенгаш раиси, туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев бошқарди.
21-Қоратош сайлов округидан туман Кенгаши депутати А.Ўралов сессия котиби этиб сайланди.
Депутатлар сессия кун тартиби ва иш тартибини тасдиқлагач, «Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш ва бюджет тушумларини кўпайтиришга қаратилган устувор вазифалар тўғрисида»ги туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари И.Сайфиддиновнинг ахбороти эшитилди.
Таъкидландики, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига туманимизда тадбиркорлик субъектлари сони 2852 тани ташкил этди. Бу эса ўтган йилгига қараганда кичик биснес субъектлари сони 310 тага кўпайганини кўрсатади. Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 23 июлда ўтказилган видеоселектор йиҚилишида белгиланган тизим асосида ишлаб, муҳитни ўзгартириш, тадбиркорларга ҳамма шароитни яратиб бериш зарурлиги қайд этилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик бозор иқтисодиётининг зарур шароитларига тезда мослашиб, чуқур ихтисослашув ва кооперациялашуви натижасида унинг юқори самарадорлигини таъминлаш баробарида янги иш ўринлари яратиш ва бюджет тушумларини кўпайтиришнинг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади.
Сессия кун тартибидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси туман кенгаши раиси Н.Усмоновнинг “Туман мактабгача таълим муассасасига қарашли 1, 2, 5, 7-мактабгача таълим муассасаларида санитария-эпидемиология талабларига риоя этилиши, мавжуд шарт-шароитлар аҳволини ўрганиш натижалари тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси туман кенгашлари томонидан туман МТМга қарашли 1, 2, 5, 7-мактабгача таълим муассасаларида ўрганишлар давомида қатор камчиликлар аниқланган. Жумладан, 1-сонли МТМ ошхонасида озиқ-овқат маҳсулотларини сақлайдиган музлатгич мавжуд эмас, омборхона таъмирталаб аҳволда, ҳамшира хонасида биринчи тиббий ёрдам учун дори-дармонлар етишмайди. 2-сонли МТМда ҳам музлатгич мавжуд эмас, ошхона жиҳозлари ва идишлари, овқатланиш залидаги стол-стуллар етарли эмас, борлари ҳам таъмирталаб аҳволда.
Энг ачинарли ҳолат яқиндагина фойдаланишга топширилган 5-сон МТМда кузатилди. Бу МТМда ичимлик суви мавжуд эмас. Ичимлик сувини боғча ходимлари қўшни ташкилотлардан олиб келишади. Шунингдек, бу МТМда болалар кийим жавонлари, ошхона идишлари етишмайди, фойдаланишдаги гиламлар эски, музлатгич мавжуд эмас, ҳамшира хонаси белгиланган давлат стандартлари талабларига жавоб бермайди, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун идишлар етишмайди.
7-сонли МТМда ҳам шу каби ҳолатлар аниқланди. Энг муаммоли томони, боғчага 180 та чойшаб етишмайди. Икки дона овқат пишириш учун қозон зарур, дориларни сақлаш учун музлатгич мавжуд эмас.
Сессияда туман молия бўлими мудири А.Холматовнинг туман маҳаллий бюджетининг 2019 йил II-чорак ижроси тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Қайд этилдики, туман маҳаллий бюджетининг жорий йил олти ойлик даромадлари режаси 14 миллиард 694 миллион сўмга, яъни 125,1 фоизга бажарилган. Бу эса туман маҳаллий бюджети даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми 2 миллиард 946 миллион сўмни ташкил этганини англатади.
Маҳаллий бюджетнинг харажатлар таркибининг 87,1 фоизи ёки 78 миллиард 314 миллион сўми ижтимоий соҳа ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари ҳиссасига тўғри келди.
Бюджет харажатларини тармоқлар бўйича кўриб чиқилганда, таълим тизими муассасаларининг харажатлари 63 миллиард 13 миллион сўмни, соғлиқни сақлаш соҳаси харажатлари 14 миллиард 522 миллион сўмни ташкил этди.
Депутатлар туман адлия бўлими бошлиғи О.Ширинов “Давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати тўғрисида”ги ҳисоботини эшитдилар.
Таъкидландики, ҳисобот даврида туман адлия бўлимига юридик ва жисмоний шахслардан 106 та мурожаат келиб тушган. Шундан, 47 та мурожаат қаноатлантирилган, қолган мурожаатлар юзасидан тушунтириш берилган ва тааллуқлилигига кўра ҳал этиш учун мутасадди ташкилотларга юборилган. Келиб тушган мурожаатларнинг 72 таси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид мурожаатлар, қолган 34 та мурожаат бошқа соҳаларга тўғри келади.
Туман адлия бўлими томонидан ўтказилган ўрганиш ва мониторинглар давомида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан 32 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, мазмунан кўриб чиқиш учун туман Маъмурий судига, Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармасига ҳамда туман Бандликка кўмаклашиш марказига юборилди. Қонун ҳужжатларига риоя қилинмаганлиги ҳолатлари бўйича ташкилотларга 25 та тақдимнома ва 143 та огоҳлантириш киритилди.
Сессияда “Жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида” туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари С.Фозилов ҳисобот берди. Таъкидландики, жорий йилнинг олти ойи мобайнида туман ҳудудида фирибгарлик жинояти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 тадан 8 тага, муқаддам судланганлар томонидан содир этилган жиноятлар 2 тадан 17 тага, иқтисодий жиноятлар 3 тадан 6 тага ошган, 1 та транспорт воситасини олиб қочиш, 2 та енгил тан жароҳати етказиш, 1 та ўртача оғирликда тан жароҳати етказиш, 2 та маъмурий назорат қоидасини бузиш, 2 та қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш жиноятлари содир этилган.
Шунингдек, сессияда “Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан 2019 йилнинг 6 ойи давомида одил судловни амалга ошириш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги туман Жиноят ишлари бўйича суди раиси И.Ғуломовнинг ахбороти, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида“ги ҳамда 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида туман секторлари раҳбарларининг 2019 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида амалга оширган ишлари бўйича ҳисоботлари эшитилди.
Сессияда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Кўбаев Холбек Ширинбоевич Қўшработ тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари вазифасига тайинланди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорлари қабул қилинди.
Ўз мухбиримиз.