Низомулмулк асрлар оша одамларнинг адолатпарварлик руҳида тарбиялашга ва ҳақиқат йўлида қатъий туришга хизмат қилиб келаётган “Сиёсатнома” асарининг муаллифидир.
Асар мавзулари кенг ва бой мазмунга эга бўлган асар бўлиб, унда қози ва қозихона ишлари ҳақида ҳам фикрлар баён қилинган. Аҳамиятлиси, асарда қозилик мансабида ўтирган кишилар ҳақида кўплаб ибратли маслаҳат ва қоидалар ёзилган.
Асарда айтилишича, мамлакат қозилик мансабида бўлган кишиларнинг аҳволини тўла-тўкис билиши зарур, улардан қайсилари олиму зохид, камбағал, аммо камтама бўлса тарбия қилиб, шулар билан иш юритиш керак. Агарда шундай бўлмаса уларни ишдан олиб, ўринларига бошқа лойиқ кишиларни қўядилар.
Чиндан ҳам қозилик мартабасидаги киши таъмасиз, кўзи тўқ, маърифатли, диёнатли, маънавиятли бўлмоғи жоиз. Аксинча, таъмагир, маънавияти ва маърифати ноқис бўлган киши адолатли қози бўлиб ишлаши қийин иш бўлиб, бундай кишида адолат ва ҳақиқат бўлмайди.
Низомулмулкнинг уқтиришича, таъмагир, маърифат ва маънавиятсиз, билимсиз, одамийлик фазилатларига эга бўлмаган кишилар қозилик мансабида ишлаётган бўлса, уларни лавозимидан озод қилиб, ўрнига муносиб кишиларни тайинлаш зарур. Зотан, оқил, адолатли, билимли, маърифатли қозилардан мамлакат ва одамлар манфаатдордир.
Таъкидлаш зарурки, “Сиёсатнома” асарида давлат томонидан қозиларнинг ҳар бирига зарур даражада иш ҳақи (маош) берилиши баён қилиниб, оқибатда қозиларнинг хиёнат қилишларига ҳожат қолмаслиги кераклиги қайд этилган. Чунки қозилик вазифаси жуда ҳам нозик иш бўлиб, улар мусулмонларнинг яхши ва ёмонликлари устидан ҳукм чиқарадилар.
Асардаги яна бир диққатга лойиқ жиҳат шундаки, унда қозилик амалини жоҳил ва нопок кишиларга ишониб бўлмаслиги, фақат пок, адолатли, диёнатли кишиларга қозилик мансабини бериш кераклиги таъкидланган.
Низомулмулкнинг юқоридаги фикридан келиб чиққан ҳолда айтиш лозимки, қозилик мансаби юки оғир, масъулияти жуда катта бўлиб, бу вазифани ҳамма ҳам рисоладагидай, ҳалол, виждонан ва пок бажара олмайди.
Асарда агар бирор бир қози жаҳл устида ва зулм билан ҳукм чиқарса, бу ҳақда подшохга маълум қилиб, уни қозилик вазифасидан озод қилиб, жазолаш кераклиги баён қилинган. Зеро, қози жаҳл отига миниб, одамларга зулм қиладиган ҳукм чиқарса, бундан ҳалқ (Раият) жабр кўради.
“Сиёсатнома” асарида қайд этилганидай, агарда бирор киши шариат ҳокими мажлисига боришни истамаса, уни мажбуран олиб келиш керак, чунки ҳақиқат аён бўлиши ва ҳеч ким ҳукмдан бош тортмаслиги шарт.
Низомулмулкнинг яна бир фикри эътиборга сазовордир. Бу ғоя шундан иборатки, ҳамма қозилар подшоҳнинг ноиби, подшоҳ мамлакат қозиларини қудратли ҳолда сақлаб, уларнинг ҳурматию мартабаларини кўтариши зарур.
Академик Азиз Қаюмовнинг эътироф этишича, “Сиёсатнома” жамият ҳаётининг турли жиҳатлари учун ибрат ва намуна бўладиган воқеалар тўғрисида ҳикоя қилади. Ундан оқилона ва фойдали хулоса чиқариб, ўгитлар беради. Асардаги панду насихатли якунлар подшоҳлардан тортиб ғуломларгача дахлдордир. Асар муаллифи жамият аъзоларини садоқат, ҳаққоният, адолат йўлида қойим турмоғи дейди, ақл ва жасорат билан иш тутмоқ йўлларини кўрсатади.
Низомулмулкнинг фикрича, адолат ва саховат, хайр-садақадан, муҳтож, ночор, ноилож кишиларга ёрдам беришдан, бева-бечоралар, майиб ногиронларга хазинадан нафақа ажратишдан ва инсонларнинг ҳуқуқларига риоя қилишдан иборатдир.
У адолат ҳақида шундай деб айтган: “Одам алайҳиссалом замонидан бери то ҳозиргача дунёда ҳар миллат ва мулкларда адолат қилиб келинган, инсоф бериб тўғри иш тутилган ҳоллар кўп. Шундан уларнинг мулку давлатлари узоқ йиллар обод бўлиб турган”.
Хулоса ўрнида айтамизки, Низомулмулкнинг “Сиёсатнома” асари ҳар бир кишини ҳаётда адолатли бўлишга, адолат ва ҳақиқатни муқаддас деб билиб яшаш ва ишлашга ўргатадиган қимматли манбадир.
Луқмон АСАТОВ,
ҳуқуқшунос.