Инсон қалбига йўл, аввало, таълим-тарбиядан бошланади. Шунинг учун қачонки бу ҳақда гап кетса, аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни эслаш бирга ота-оналаримиз каби қадрдон бўлган ўқитувчи ва мураббийларнинг меҳнати ҳурмат билан тилга олинади.
Муаллим — асрлар оша қалбларимизни илм-маърифат зиёси билан чароғон этиб келаётган мўътабар зот. Бу ёруғ оламда инсон закоси ила неки мўъжизалар яратилган бўлса, барининг наққоши устоздир. Шу сабаб ҳам халқимиз азал-азалдан устозларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келади.
Ана шундай касб эгаларидан 82-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Озода Бозоровадир. У ўзининг иш фаолияти давомида давлат таълим стандартларига мос, интерфаол усулларда, дарс жараёнида имкон қадар ахборот коммуникация воситаларидан фойдаланган ҳолда ўқувчиларга сабоқ бермоқда.
Яқинда мураббий 5-синф ўқувчиларига адабиёт фанидан “Сусамбил” эртаги асосида очиқ дарс машғулотларини ўтказди. Унга ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам таклиф этилди. Дарс жараёни ўқувчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда, эртак қаҳрамонлари театр кўринишдаги саҳна кўринишлари орқали ташкил этилди. Дарс якунида ғолиб гуруҳ аниқланиб, уларга фахрий ёрлиқ ва совғалар тақдим этилди.
- Дарс жараёни бошланишидан олдин авваламбор ўқувчиларимнинг кайфиятига қарайман,-деди Озода Бозорова. - Сабаби, ўқувчиларнинг кайфияти яхши, кўтаринки руҳда бўлса, дарс ҳам қизиқарли, самарали бўлади. Агарда бирорта ўқувчининг кайфияти тушкун ҳолатда бўлса, дарснинг бошланиш қисмида бирорта латифами, кулгили воқеаними айтиб, ўқувчиларнинг руҳиятини кўтаришга интиламан. Ёки ўқувчиларнинг айримларидан тез айтиш, топишмоқ, ёд олган шеърларини, эшитган, ўқиган янгиликларини сўраб, уларни иложи борича рағбатлантиришга ҳаракат қиламан.
Дарсларимни иложи борича интерфаол усуллардан фойдалиб, кичик гуруҳларга бўлган ҳолда ташкил қиламан. Бу эса ўқувчилар ўртасида ўзаро соғлом рақобат, фикр алмашиш, чақонлик, ўзаро ҳурмат каби ижобий фазилатларни шакллантиришда ёрдам беради.
Мактабни бир боғ деб оладиган бўлсак, устозни боғбонга қиёсласак бўлади. Сабаби у ўқувчисини ўз фарзандидай меҳрини бериб, эъзозлайди, унинг учун қайғуради, дардига малҳам, қувончига шерик бўлади.
Ана шундай шарафли вазифани уддалайдиган ишончли, кучли, ўз билими ва истеъдодига суянган, бугун жамият ҳаётига дадил кириб бораётган, навқирон авлодни тарбиялашдаги машаққатли меҳнатлари билан ҳормай-толмай адо этишда ёш устозга омадлар тилаймиз.
Ҳ.РАСУЛОВ.