Туман мактабгача таълим бўлими томонидан жажжи қизалоқларнинг муассасада олаётган билимларини синовдан ўтказиш, истеъдодларини рўёбга чиқариш, асосийси бу орқали уларга таълим-тарбия бераётган педагог-ходимларнинг савиясини, фаоллигини, изланувчанлигини аниқлаш ва муносибларини рағбатлантириш мақсадида “Жажжи маликалар” кўрик-танлови ташкил этилди. Ушбу танловда туманимиздаги мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган жажжи қизалоқлар ўз истеъдодларини намойиш этишди.
-Танловни ўтказишимиздан мақсад муассасалардаги педагог ходимларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, таълим сифатини ошириш ва боғча ёшидаги қизалоқларнинг иқтидорларини ривожлантиришдан иборат, - дейди туман мактабгача таълим бўлими мудир ўринбосари Шоира Сайфуллаева. –Жажжи қизалоқларимизни маданий меросимизни қадрлашга ўргатиш, мустақиллик ва истиқлол ғояларига содиқлик, ота-она ва ўртоқларига бўлган меҳрни камол топтиришда бу каби тадбирларимизнинг аҳамияти катта. Бу йилги танловга барча мактабгача таълим муассасалари ўзгача ёндошган. Ота-оналар билан биргаликда ишлашгани ҳам кўриниб турибди. Бу билан биз оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлигининг янада мустаҳкам бўлишига ҳам эришмоқдамиз.
Уч босқичдан иборат ушбу танловда қизалоқлар ўзларини шеърий ҳамда саҳна кўриниш орқали таништириш, пазандачилик маҳорати (тайёр ҳамирдан нон маҳсулотларини ясаш), бир минутда арқончада ким кўп сакрайди, келажакда ким бўлмоқчиман (саҳна кўриниш) ва тезкор саволларга жавоб бериш каби шартларни бажаришди. Ҳар бир шарт орасида боғча тарбияланувчиларининг бадиий чиқишлари намойиш этилди.
Якуний натижаларга кўра 18-МТМ тарбияланувчиси Дурдона Хусанова, 2-МТМ тарбияланувчиси Одина Муродова ҳамда 17-МТМ тарбияланувчиси Рухшона Ўтаевалар ғолиб деб топилди.
Тадбир сўнгида барча иштирокчиларга турли номинациялар бўйича диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
-Танловда қатнашаётган қизалоқларнинг барчаси малика, - дейди 8-МТМ мудираси М.Усанова. – Бу ерда улар орқали тарбиячиларнинг меҳнатлари баҳоланмоқда. Имкониятларидан келиб чиққан тарбиячилар ҳам бор маҳоратларини ишга солганлиги кўриниб турибди. Бу тадбир ҳаммамизни битта мақсадда бирлаштирди. Яъни, бу таълим-тарбия самарадорлигини ошириш ва ёш авлодни баркамол қилиб вояга етказиш учун ҳамкорликни янада кучайтиришдир.
Дилноза ҲАСАНОВА.