Туман марказидаги “Ўрикзор” базмгоҳида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман адлия бўлими ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар иштирокида байрам тадбири бўлиб ўтди. Эрта тонгдан мазкур маскан болажонлар билан гавжум бўлди. Бу ерга тумандаги 150 дан зиёд кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳамда боқувчисини йўқотган болалар таклиф этилди.
Унда сўзга чиққан туман ҳокими ўринбосари Ҳ.Кўбаев мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб ўсиши учун кенг имкониятлар яратилгани ва бу ғамхўрликдан юртимиздаги ҳар бир бола баҳраманд эканини таъкидлади.
Байрам тадбири кенг қамровда ўтказилиб, унда маданий, маънавий-маърифий дастурлар уларда катта таассурот қолдирди. Жумладан, туман маданият бўлими, 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг бадиий чиқишлари, “Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказининг иқтидорли ёшлари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари томонидан куй-қўшиқ ва шеърлар, гўзал рақслар ижро этилди.
- Бу йилги байрам ҳар йилгидан-да кўтаринки руҳда нишонланди, - дейди туман марказий маданият уйи қошида ташкил этилган “Жозиба” рақс тўгараги раҳбари Гўзал Холиқулова. – Буни жажжи ука-сингилларимизнинг юз-кўзидаги қувончу шодликлардан ҳам сезиш мумкин. Тадбирга тўгарагимиз аъзолари болажонларимизга байрам туҳфаси сифатида испанча рақсни тайёрлаб келишган эди. Жажжи раққоса қизларимизнинг чиқишларини тадбир иштирокчилари катта қизиқиш билан томоша қилишди.
82-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Сайёра Тошбоева раҳбарлигида ташкил этилган “Қўғирчоқ театри” томошалари кичкинтойларимизни эртаклар оламига етаклади. Томошада эртак қаҳрамонаридан бири хўроз нон пиширади унга бошқа ҳайвонлар ёрдам беришмайди ва нон пишгандан кейин ейишга келганда шай туришади. Хўроз эса дангаса дўстларига нон бермайди. Бу эртак орқали болаларга меҳнатдан қочмасликни, дангасаликдан йироқ юришни ўргатади.
Туман Адлия бўлими томонидан “Менинг ҳуқуқим – бахтли болалигим” шиори остида ҳуқуқий викториналар, савол-жавоблар ва бошқа қизиқарли ўйинлар ташкил этилиб, ғолиб болаларга турли хилдаги китоб, ўқув қуроллари ва бошқа совғалар топширилди.
Тадбирда тумандошимиз, ҳозирги кунда Самарқанд вилоятида ўз ижодини давом эттираётган Анвар Ибрагимов бошчилигидаги бир гуруҳ санъаткорлар ташриф буюриб, ўзларининг дилтортар қўшиқлари билан даврага завқ бағишлашди.
Тадбир давомида болаларга байрам дастурхони ёзилиб, туман ҳокимлиги томонидан эсдалик совғалари тарқатилди.
Шунингдек, Заркент шаҳарчасида тадбиркор Т.Тоғаева томонидан яқинда ишга туширилган мактабгача таълим муассасасида ҳам болажонлар байрами кенг нишонланди. Унга ота-оналар ҳам таклиф этилди. Шўх куй-қўшиқларга болажонлар рақсларга тушиб, шеърлар айтишди. Байрамона дастурхон болаларга бир олам завқ бағишлади.
Тўлқин СИДДИҚОВ.