“Оқмачит” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 15-сон мактабгача таълим муассасаси Қўшработ туманининг энг чекка ҳудудида жойлашган. Бу муассаса тарбияланувчиларининг адабиётга, санъатга, спортга бўлган қизиқишларини, уларнинг интеллектуал билимларини ошириб бориш мақсадида. турли хил тадбирлар ташкил этилмоқда. Яқинда туман мактабгача таълим бўлими томонидан жажжи қизалоқларнинг муассасада олаётган билимларини синовдан ўтказиш, истеъдодларини рўёбга чиқариш, асосийси бу орқали уларга таълим-тарбия бераётган педагог-ходимларнинг савиясини, фаоллигини, изланувчанлигини аниқлаш ва муносибларини рақбатлантириш мақсадида “Жажжи маликалар” кўрик-танлови ташкил этилди.
Ушбу танловда 5 нафар тарбияланувчи “Таништирув тақдимоти”, “Жажжи пазанда” каби шартлар бўйича ўзларининг зукколик, одоб-ахлоқ, нозик дид ва меҳнатсеварлик каби фазилатларини намоён этишди. Барча шартларни аъло даражада бажарган Эъзоза Турдиева 1-ўринни эгаллади. Осиё Абдумўминова ва Дурдона Суюнова 2 ва 3-ўринни эгалладилар.
-Сўнгги йилларда мамлакатимизда мактабгача таълим тизимига қаратилаётган алоҳида эътибор ўзининг ижобий самарасини бера бошлади, - дейди таълим муассаси мудираси Хуршида Саматова. – Муассасамизда 60 нафар бола қамраб олинган. Уларга 18 нафар педагогларимиз таълим-тарбия бериб келмоқда. Бугунги танлов жажжи қизларимизнинг ҳамда тарбиячиларимизнинг билим савияси қай даражада эканини аниқлашга ёрдам берди. Танловга тайёргарлик жараёнида улар ўз маҳоратларини ошириб, билимларини бойитди. Бу каби танловларни тез-тез ўтказиб туриш кераклигига амин бўлдик.
Тадбир сўнгида барча иштирокчиларга турли номинациялар бўйича диплом ва эсдалик совқалари топширилди.
ЖАЖЖИ МАЛИКАЛАР
Назокат ҚУРОЛОВА.