ТАЪЛИМ-ТАРБИЯДА ЯНГИЧА УСЛУБ, ЯНГИЧА РУҲ, ЯНГИЧА МАЗМУН САМАРАДОРЛИК ОМИЛИ
халқ таълими ходимларининг анъанавий август кенгашида туман халқ таълими бўлими мудири Ш.Қўшбоқовнинг таҳлилий маърузаси
Мамлакатимизда халқ таълими тизими ривожида янги босқичга ўтиш жараёни кечмоқда. Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, амалга оширилаётган ижобий янгиланишларни жаҳон ҳамжамияти катта қизиқиш билан кузатиб, эътироф этмоқда. 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ўаракатлар стратегиясида ҳам халқ таълими тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Шунга мувофиқ, таълим соҳасида халқаро илҚор тажрибаларни ўрганган ҳолда кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ота-оналар ва ўқувчиларнинг хоҳиши, кенг жамоатчиликнинг таклифи асосида 11 йиллик умумий мажбурий таълим жорий этилди.
Ҳурматли кенгаш иштирокчилари! Ҳар йили янги ўқув йили олдидан анъанавий тусга кирган август кенгашида “Таълим тўғрисида”ги қонун ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” ижросини таъминлаш борасидаги олиб борилаётган ишларни сарҳисоб қилиш, ўтган ўқув йилида эришган ютуқларимиз билан фахрланиш ҳиссини туйиш билан биргаликда йўл қўйилган камчиликларни рўй-рост танқидий руҳда баён қилиб, сифат, адолат ва шаффофлик тамойиллари асосида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб олишимиз асосий мақсадимиздан бири бўлиб қолади.
Мамлакат ривожи таълим-тарбия тизими қай даражада сифатли ва мазмунли йўлга қўйилганлигига боғлиқ. Биз мустақиллигимизни асраб-авайлаб, унинг қадрига етадиган, ўз билими ва меҳнати билан уни мустаҳкамлаб, мангулик пойдеворини яратадиган баркамол авлод тарбияси ҳақида қайғурар эканмиз, диққат марказимизда ҳамиша ана шундай соғлом дунёқарашга эга ёшларимиз камол топадиган маънавий муҳитни қарор топтириш муҳим вазифа бўлиб қолади.
2019-2020 ўқув йили олдидан ўтказиладиган “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган ғояни ўзида мужассам этган анъанавий Август кенгашлари орқали таълим муассасалари раҳбарларининг масъулияти ва ташаббускорлигини, тизимда фаолият юритаётган педагог ходимларнинг касбий салоҳияти ва маҳоратларини янада ошириш, янги ўқув йилидаги энг муҳим ва устувор вазифаларни белгилаб олиш, кенг қамровли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини педагогларга етказиш, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарвар, ҳар томонлама етук, билимдон, жисмонан бақувват, маънан баркамол этиб вояга етказиш, ўқувчиларни кун сайин кенгайиб бораётган ахборот таълим муҳитида мустақил фаолият кўрсатиш ҳамда ахборот оқимидан одилона фойдаланишга ўргатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Ўқитувчи инсон тарбияси билан шуғулланиши, мурғак қалбларга илм ўргатишини ҳисобга олсак, устозлик мақомининг залвори янада намоён бўлади.
Бугунги кунда туманимизда 90 та таълим муассасаси фаолият юритиб келмоқда, шундан 89 та умумтаълим мактаби, 1 та “Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказидир. Туман марказидан олис қишлоқлардаги 28 та умумтаълим мактабларининг 43 та филиали мавжуд.
Мавжуд умумтаълим мактабларида 2651 нафар педагог 24619 нафар ўқувчиларга (шундан 12116 нафари қизлар) таълим-тарбия бериб келмоқда. Педагог кадрларнинг 2270 нафари олий маълумотли, 38 нафари тўлиқсиз олий ва 330 нафари ўрта махсус маълумотли ўқитувчилардир. Ўқитувчиларнинг 45 (1,7 %) нафари олий, 210 (7,9 %) нафари биринчи, 941 (35,5 %) нафари иккинчи ва 1455 (54,9 %) нафари малака тоифаларига эга мутахассисдир.
Ўтган ўқув йилида 11-синфни 1464 нафар ўқувчи битирди. Шундан 7 нафар ўқувчи олтин ва кумуш медаль билан тақдирланди (2 та олтин ва 5 та кумуш медаль). Уларга тантанали равишда мактаб маъмурияти, ўқувчилар, жамоатчилик вакиллари ҳамда ота-оналар олдида медаллар топширилди.
Ўтказилган мониторинглар натижасига кўра ўтган ўқув йилида 64 нафар олий маълумотли мутахассис ўқитувчиларга эҳтиёж мавжудлиги аниқланди. Бу инглиз тили фанидан 10, рус тили фанидан 5, информатика фанидан 4, кимё фанидан 8, биология фанидан 7, тарих фанидан 3, МИҒ фанидан 2, бошланғич таълим йўналиши бўйича 12, ЧЁТ фанидан 3, мусиқа фанидан 6, она тили ва адабиёти фанидан 4 нафарни ташкил этади, деганидир.
Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг компъютер саводхонлигини ошириш, чет тилларни ўрганиши, биринчи синфдан чет тили фанининг ўқитилиши, мутахассис кадрлар билан таъминланиши борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Тумандаги умумтаълим мактабларида бугунги кунда 10 нафар немис, 21 нафар француз, 102 нафар инглиз тили фани ўқитувчилари фаолият юритишмоқда.
Лекин бугунги кунда умумтаълим мактабларимизда ҳали ҳам чет тили фани ўқитувчиларига бўлган эҳтиёж 5 нафарни ташкил қилади: жумладан 37, 39, 54, 66, 84-умумтаълим мактабларида чет тили фани ўқитилмаяпти. Тумандаги 2, 3, 14, 27, 28, 33, 47, 53, 61, 79, 80, 86-умумтаълим мактабларида ҳанузгача чет тили фани ўқитувчиларига эҳтиёж сезилмоқда.
Жорий ўқув йилида 1 та (41-мактаб) умумтаълим мактабида Инвестиция дастури асосида, 3 та “Обод қишлоқ” дастури буйича (32, 48, 26-мактаблар) умумтаълим мактаблари учун 9 миллиард 846 миллион 800 минг сўм маблағ ажратилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, янги ўқув йилига топширилади.
Туманимиздаги умумтаълим мактабларининг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати мониторинг қилинганда, 2, 7, 8, 9, 11, 12, 13, 19, 21, 27, 28, 34, 56, 62, 63, 70, 72, 81, 82, 85, 86, 87, 88-умумтаълим мактабларида тайёргарлик ишлари якунланганлигини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Лекин қолган мактабларда баъзи бир сабабларга кўра ободонлаштириш ишларини якунига етказиш, электр симлари ва чироқларини таъмирлаш, синган ойналарни алмаштириш, синф хоналарни жиҳозлаш, спорт майдонларининг чизиқларини белгилаш ва кутубхоналардаги китобларни янги ўқув йилига тайёрлаш каби ишлар белгиланган муддатдан кечикиб бажарилди.
Жорий ўқув йили куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан таълим муассасаларига 2842 тонна кўмир ажратилган (759 тонна кўмир, 2083 тонна брикет). Шу кунгача 621 тонна кўмир, 268 тонна брикет таълим муассасаларига келтирилган.
Ўқувчиларининг фанлар бўйича “Билимлар беллашуви”нинг ҳудудий босқичи иккита ҳудудда (Жўш, Қўшработ) жорий йилнинг 7-24 февраль кунлари ўтказилди.
Биринчи ва ҳудудий босқич натижалари таҳлил қилинганда айрим умумтаълим мактабларининг “Билимлар беллашуви”га пухта тайёргарлик кўрмаганлиги, иқтидорли болаларни танлай билмаганлиги намоён бўлди.
Билимлар беллашувининг 2-босқич натижаларига кўра 70-умумтаълим мактаби 1-ўринни, 81-умумтаълим мактаби 2-ўринни, 12-умумтаълим мактаби 3-ўринни, 34-умумтаълим мактаби 4-ўринни, 48-умумтаълим мактаби 5-ўринни эгаллашди. Охирги беш ўринга эса 37, 33, 84, 66, 79-умумтаълим мактаблари жойлашишди.
Бу ҳолат рейтингнинг кучли бешлигидан жой олган мактабларда таьлим-тарбия жараёни яхши йўлга қўйилганлигини англатса, рейтингда охирги ўринларни эгаллаган мактабларда аксинча, таьлим-тарбия жараёни устидан назоратнинг сусайтириб юборилганлиги англашилади.
Фан олимпиадаларининг туман босқичида ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган 255 нафар ўқувчи иштирок этишди. Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан 18 та фандан махфийлиги сақланган холда электрон ва қоғоз вариантда конвертларга муҳрланган ҳолатда солинган назорат материаллари ишчи гуруҳга далолатнома асосида тақдим этилди. Туман босқичида 9-синф ўқувчиларидан 28 нафар, 10-синф ўқувчиларидан 26 нафар, 11-синф ўқувчиларидан 24 нафари вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.
Фан олимпиадасининг вилоят босқичида иштирок этган ўқувчиларимиздан 24 нафари 60 баллдан кам балл тўплаб, туманимиз вилоятда баллар кесимида паст кўрсатгич кўрсатиб, охирги ўринни эгаллади.Бу эса жуда ачинарли ҳолатдир. Билимли зиёлилар юрти бўлган туманимизга бу ўрин ярашмайди, албатта. Нима учун иқтидорли, билимли ўқувчилар йўқ дейсизми? Иқтидорли ўқувчилар бор, фақат уларни тайёрлайдиган, тўғри йўналтира оладиган фидойи ўқитувчилар зарурдир.
Туманимизда ўтган ўқув йилида фанлар бўйича семинарлар ҳам ташкил этилди. Жумладан, 35-умумтаълим мактабида иқтисодий билим асослари фанидан “Иқтисодий билим асослари фанларини ўқитишдаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусида вилоят семинари, 74, 26, 82-умумтаълим мактабларида “Бошланғич таълимни ўқитишда замонавий ёндашув” мавзусида, 15-умумтаълим мактабида ижтимоий фанлардан “Компетенциявий ёндашув асосида ўқув топшириқларини ишлаб чиқиш, ўқувчиларнинг ўқув натижаларини баҳолаш ва улар асосида бўшлиқларни аниқлаш” мавзусида, 70-умумтаълим мактабида Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари фани ўқитувчилари иштирокида “Компетенциявий ёндашувга асосланган ўқув дастурларига киритилган ўзгаришлар” мавзусида семинарлар ташкил этилиб, натижаси, тавсия ва қўлланмалари барча умумтаълим мактаблари ўқитувчилари иш жараёнида фойдаланишлари учун юборилди.
Доимо изланишда бўлган, иш фаолиятини иннновацион технологиялар орқали олиб бораётган кўплаб ўқитувчиларнинг иш услублари туман ҳамда вилоят миқёсида оммалаштириш учун юборилган. Жумладан, 5-умумтаълим мактаби биология фани ўқитувчиси Фаррух Асадовнинг иш тажрибаси туман миқёсида оммалаштирилиб, “Мактабда биология” журналида чоп этилди. 82-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчилари Нодира Бекқулованинг математика фанидан “Ўқувчиларнинг билимида аниқланган бўшлиқларни бартараф этиш юзасидан олиб бориладиган қўшимча машҚулотлар учун мисол ва масалалар тўплами”, Сайёра Тошбоеванинг бошланғич синфларда “Саводхонлик байрамини ўтказиш” мавзусидаги услубий тавсиялари, 50-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Бахтиёр Жонибековнинг бошланғич синфларда “Карра қўлларимда” деган мавзудаги тажрибалари вилоят миқёсида оммалаштирилди.
Ўқувчилар дунё қарашининг ўсиши, иқтидорини ошириб бориши, ўзлаштириш даражасининг самарали ташкил қилиниши фанларнинг ўқитилишига боғлиқдир. Туманимиз умумтаълим мактабларида ташкил этилаётган услубий бирлашмалар ўқитувчилари томонидан олиб борилаётган таълим-тарбия самарадорлигини юқори деб бўлмайди. Илғор иш тажрибали ўқитувчиларнинг фаолиятига баҳо бериш, тажрибаларини оммалаштириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам талаб даражасида, тизим асосида ташкил қилинмаганлигини қайд этишимиз мумкин.
Ўқитувчиларнинг илғор иш тажрибаларини оммалаштириш 1, 2, 5, 12, 13, 15, 26, 34, 35, 50, 70, 82-умумтаълим мактабларида яхши йўлга қўйилган. Лекин 1, 9, 10, 16, 20, 24, 29, 30, 37, 38, 40, 43, 47, 55, 65, 66, 67, 75, 79, 80, 83, 84, 86-умумтаълим мактабларида ўқитувчиларининг иш фаолияти мунтазам ўрганиб борилмаганлиги, уларнинг илғор иш тажрибалари, педагогик технологиялардан фойдаланиш ҳолати, янгиликларни ўз тажрибасида қўллаб бориш ишларига эътиборсизлик билан қараб келинмоқда. Ўқитувчилар ўз устида кўпроқ ишлашлари, ўқув дастурларини тўлиқ ўзлаштириб олиши, илғор педагогик технологиялардан самарали фойдаланиши, фандаги янгиликларни билиши ва уни ўқувчиларга етказа олиши, ҳар бир дарсни кўргазмали қуроллар ва техника воситаларидан фойдаланган ҳолда йўлга қўйиши асосий вазифалардан бири бўлиб қолади.
Республика миқёсида ўтказиладиган “Йил ўқитувчиси” кўрик-танловида ҳам туманимиз умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг иштироки қониқарли эмас. География фанидан 48-мактаб ўқитувчиси Д.Мирзаев, информатика фанидан 2-мактаб ўқитувчиси М.Хуббимов, Давлат ва ҳуқуқ асослари фанидан 70-мактаб ўқитувчиси Э.Умаров, она тили фанидан 82-мактаб ўқитувчиси М.Сатторовалар вилоят босқичида 2 та турда яхши иштирок этиб, 3-турдан ўта олишмаган бўлса, математика, кимё, физика, биология, инглиз тили, мусиқа, жисмоний тарбия фанларидан иштирок этган ўқитувчилар 1-турдан ҳам ўта олишмаганини қандай баҳолаш мумкин.
Ўқувчилар ўртасида ўтказилаётган кўрик-танловларда ҳам мактаб ўқувчиларининг иштироки қониқарсиз аҳволда. Фақатгина “Ёшлар ва қонун” кўрик-танловида 70-умумтаълим мактабининг “Адолат” жамоаси вилоятда рағбатлантирувчи ўринни эгаллаган, холос. Бу бўйича умумтаълим мактабларида ўқувчилар билан алоҳида иш олиб бориш зарурдир.
Умумтаълим мактабларининг 41 таси физика, кимё, биология ўқув лаборатория асбоб-ускуналари билан таьминланган бўлса, 37 та умумтаълим мактабларига ушбу ўқув лаборатория асбоб-ускуналари келтирилмаган. Бу эса кўпгина умумтаълим мактабларида лаборатория машғулотлари фақат назария билан чекланиб қолинганидан далолатдир.
Жорий йилнинг ўтган олти ой мобайнида вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг 144 соатлик малака ошириш курсларига инглиз тили, математика, жисмоний тарбия, кимё, география, биология, физика, тарих, она тили фанларидан ўқитувчилар тўлиқ иштирок этган бўлса, тасвирий саньат, рус тили фанларидан ўқитувчиларнинг иштироки таьминланмади.
Ўқитувчиларни касбий маҳоратини ошириб бориши учун малака ошириш курсларига юбориб, у ердан келгандан кейин ҳисоботларини эшитиб бориш, ўрганиб келган илғор иш тажрибаларини ўқитувчилар фаолиятида қўллаш юзасидан тавсиялар бериб боришимиз, ўқитувчиларни қайта тайёрлаш курсларига юбориш тизимини янада такомиллаштириш ва умумтаьлим мактабларини барча фанлардан мутахассислар билан таъминлаш ишларини йўлга қўйиш бўйича мунтазам ишлар амалга ошириш зарурдир.
Жорий йилнинг 19 март куни давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, юртимиз ёшлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Айтиш керакки, турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди.
Учинчи ташаббус — аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш чора-тадбирларига оид дастур доирасида компьютери мавжуд мактабларда ўқувчилар самарали фойдаланиб келаяпти. Лекин буни барча мактабларда ҳам тўғри йўлга қўйилган деб бўлмайди. Информатика фанини математика фани мутахассислари ёки физика фани мутахассислари ўтаётганлиги ўқувчиларнинг компъютер саводхонлиги ҳозирги замон талаби даражасида эмаслигини кўрсатмоқда. Замонавий билимга эга бўлиш учун ўқувчи, аввало, ахборот тизими алмашинувини билиши, дастурлар туза олиши, интернетдан фойдаланишни тўлиқ эгаллаб олиши лозим бўлади.
Туманимизда 73 та умумтаълим мактабига компъютер техникалари келтирилган бўлиб, бугунги кунда 2, 4, 10, 11, 19, 21, 24, 26, 28, 36, 46, 49, 57, 59, 64, 68, 70, 72, 82-умумтаълим мактабларида эскирган компьютерлардан фойдаланилмоқда. 15 та (6, 16, 20, 33, 39, 43, 61, 67, 73, 75, 76, 84, 85, 86, 88) умумтаълим мактабларига компьютер техникаси умуман келтирилмаган. Бу эса ушбу мактаб ўқувчиларининг компьютер саводхонлигини оширишни қўяйлик, ҳатто ахборот технологияларидан фойдалана олмаётганлигини кўрсатади.
Умумтаълим мактаблари кутубхоналарида 88 нафар кутубхона ходимлари фаолият кўрсатишади. Шундан 21 нафари олий, 1 нафари тўлиқсиз олий, 65 нафари ўрта махсус, 1 нафари эса ўрта маълумотга эгадирлар.
Ўтган ўқув йилида умумтаълим мактаблари кутубхоналари дарсликлар фондидан 163 номдаги 352758 дона дарсликлар билан таьминланди. Бу туман бўйича дарсликларга бўлган умумий эҳтиёжнинг 98,08 фоизни ташкил этди. Дарсликка бўлган умумий эҳтиёжга кўра 1503 дона дарслик етишмади. 39, 37, 51, 58, 47, 83, 28, 66, 84, 21-умумтаълим мактабларида ўқувчиларни дарсликлар билан таъминланиши аҳволи туман кўрсатгичидан жуда паст даражада (99,15-99,24 %). 2, 3, 4, 10, 13, 15, 20, 24, 28, 35, 37, 40, 41, 45, 51, 54, 56, 68, 69, 74-умумтаълим мактаблари 5-синфнинг, 21, 30, 52, 57, 59, 64, 70, 72, 73, 78, 81, 82-умумтаълим мактаблари 8-синфнинг, 3, 13, 23, 25, 26, 31, 40, 64, 70, 73, 81-умумтаълим мактаблари эса 9-синфнинг эҳтиёждан ортиқча дарсликлари тўпламларини ўз вақтида заҳира мактабига тўплаш ва мактаблар кесимида алмаштиришни якунламаганликлари боис тумандаги айрим мактабларда 5, 8 ва 9-синфлар дарсликлари тўпламларининг етишмаслигига сабабчи бўлди. Бу камчиликларни жорий ўқув йилида такрорламаслик зарурдир. Дарсликларни аниқ тақсимот қилганимиздагина ҳар бир ўқувчига тўлиқ етиб боришига эришамиз.
Хаммангизга маълумки, мамлакатимизда 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларида 11 йиллик мажбурий таълим тизими жорий этилди. Шу муносабат билан умумтаълим мактабларида 10-синфлар очилиб, касбий таълим бўйича тумандаги мавжуд касб-ҳунар коллежлари негизида ва узоқ масофада жойлашган умумтаълим мактабларида ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари ҳам ташкил этилди.
ЎИЧМларида ўқитилаётган 16 та касб бўйича 69 нафар педагоглар, жумладан, 24 нафар махсус фан ўқитувчилари, 45 нафар ишлаб чиқариш таълими усталари ўқувчиларга касб сирларини ўргатмоқда.
Жорий ўқув йилида 10-синфларда 2072 нафар, 11-синфларда 1464 нафар ўқувчилар ўқув ишлаб чиқариш мажмуаларига қамраб олинади.
Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларининг режа асосида ўтказилган йиғилишларида илғор директор ўринбосарларининг иш тажрибаларини ўрганиш ҳамда уларни таълим-тарбия жараёнига тадбиқ қилиш ва ишларини оммалаштириш юзасидан фикр ва мулоҳазалар ҳамда таклифлар ўрганилиб, 32, 26-умумтаълим мактаби маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларининг иш тажрибалари туман миқёсида оммалаштирилди.
Жорий йилнинг олти ойи давомида ўқувчилар томонидан ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари содир этилмади. Туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Давомат” тадбирлари ўтказилди. Тадбирларда ўқувчилар ҳамда ўқитувчилар томонидан дарсларга қатнашиши, уларнинг тайёргарлиги таҳлил қилиниб, аниқланган хато ва камчиликлар юзасидан туман халқ таълими бўлимининг йиғилишларида камчилиги аниқланган мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларига тегишлича жазо чоралари кўрилди.
Мактабларда ёшлар ўртасида маънавий-маърифий тадбирларнинг бажарилиши, тарбияси оғир ва ўзлаштириши паст ҳамда ўқишга қизиқиши бўлмаган ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқишини орттиришига, уларни миллий ғоя руҳида тарбиялашда мактаб, маҳалла ва оила ҳамкорлигини йўлга қўйиш муҳим ўрин тутади. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ҳамда ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида тумандаги таълим муассасалари ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида 839 та тўгарак фаолият кўрсатмоқда. Уларда 14597 нафар ўқувчи қатнашмоқда.
Жорий йилнинг 6 ойи давомида туманимиздаги мавжуд бозорларда савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланувчи болалар билан махсус рейд ташкил этилиб, уларнинг ота–оналари билан тушунтириш ишлари олиб борилди ва мактаб маъмурияти ҳамда ички ишлар бўлими ходимлари томонидан мунтазам дарсга келмаётган ўқувчиларни дарсларга қайтариш ишлари олиб борилди.
Туман халқ таълими бўлими васийлик ва ҳомийлик органи комиссияси томонидан ўтган давр мобайнида 2 нафар болага васий тайинланиб, 4 нафар бола фарзандликка берилди. Ҳозирги вақтда вилоят меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болалар йўқ.
Ўқувчилар спорт билан мунтазам равишда шуғулланишларига алоҳида эътибор қаратилиб, спорт тўгаракларига жалб этилмоқда. Туманимиз бўйича умумтаълим мактабларида 452 та спорт тўгараклари фаолият олиб бормоқда. Уларга 7090 нафар ўқувчи жалб этилган. Бундан ташқари, туман марказида “Болалар ва ўсмирлар” спорт мактаби фаолият кўрсатиб келмоқда.
Бугунги кунда туман халк таълими булими тасарруфидаги таълим муассасаларида 182 нафар жисмоний тарбия ўқитувчилари фаолият кўрсатаяпти, шундан 12 нафарини аёл ўқитувчилар ташкил этади.
Ҳурматли кенгаш иштирокчилари!
Туманимиздаги барча таълим муассасаларини кўркам, гўзал, ораста масканга айлантиришдек саъйи–ҳаракатларни давом эттиришимиз лозим. Мен имкониятдан фойдаланиб, ўз соҳасининг билимдони ва фидоийси бўлган, мақсад йўлида тўхтовсиз ва астойдил интилувчи, қобилиятли ва ижодкор халқ таълими ходимларини илм–фан ютуқлари, янги илғор педагогик тажрибалар ва технологияларни амалда қўллаган ҳолда таълим равнақига, юрт тараққиётига, баркамол авлод тарбиясига ўзингизнинг салмоқли улуш қўшишингизга ишончим комил ва бу эзгу мақсад йўлида сизга собитқадамли, мустаҳкам ирода, шараф тожини кийиб юриш доимо насиб айлашини тилайман!