Туман ҳокимлиги мажлислар залида халқ таълими ходимларининг таълим сифатини оширишдаги вазифалари, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар тўғрисида йиғилиши бўлиб ўтди. Унда тумандаги барча умумтаълим мактаблари директорлари, туман халқ таълими бўлими методистлари, соҳага тааллуқли бўлим бошлиқлари иштирок этди.
Йиғилишда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи 1-ўринбосари Улуғбек Мамарасулов туманда таълим соҳасида учраётган муаммолар, уларни бартараф этишда таълим соҳаси ходимлари нималарга эътибор қаратишлари лозимлиги хусусида тўхталиб ўтди.
-Туманда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ижобий ишлар, қўлга киритилган кўплаб ютуқлар билан бир қаторда ечимини кутаётган муаммолар ҳам кўзга ташланади,-деди У.Мамарасулов. -Бугунги таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш юзасидан олдинда кўплаб ишларни амалга ошириш лозим. Туманда халқ таълими тизимида амалга оширилган ишларга эътибор қаратсак, кейинги икки йил давомида биронта ҳам ўқувчилар республика миқёсида ўтказилган фан олимпиадалари ҳамда билимлар беллашувида иштирок этмаган. Бу эса туманда ўтказилган саралаш босқичларида ноҳақликларга йўл қўйилган ёки ўша таълим даргоҳи мутасаддилари бундай беллашувларга “панжа” орасидан қараганлигини кўрсатади. Наҳотки туманда ўз касбининг усталари, жонкуяр таълим фидойилари топилмаса.
Таълим муассасаларининг рейтинги бевосита фан олимпиадаси ва билимлар беллашуви натижалари билан боғлиқдир. Шу сабабли ҳам туман вилоятда энг охирги ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда. Ваҳоланки, муҳтарам Президентимизнинг жорий йилнинг 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар энг кам ойлик иш ҳақининг 450 баравари, асосий олимпиадалар республика босқичи ғолибларининг ўқитувчилари энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади. Шунингдек, халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорларига навбатдаги ўқув йили учун директор жамғармасидан олтин, кумуш ва бронза медаллари бўйича тегишинча қўшимча 200, 175 ва 150 фоизлик устама тўланиши белгиланган.
Йиғилишда туман ҳокими ўринбосари Х.Кўбаев умумтаълим мактабларининг ободончилиги, мактабни янги ўқув йилига тайёрлаш борасида фикр-мулоҳазалар юритди.
Йиғилиш иштирокчиларига халқ таълими вазирининг буйруғига асосан туман Мактабгача таълим муассасалари бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган Шавкат Қўшбоқов туман халқ таълими бўлими мудири этиб таништирилди.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.