Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши ва қатор муассасалар ҳамкорлигида 11 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўқувчи ёшлар ўртасида ўтказилган “Навоий ворислари” республика кўрик-танловида қуйи босқичларда ғолиб бўлган иштирокчилар ўзаро баҳслашди. Иштирокчилар энг кўп ғазал ёд олиш ва ифодали ўқиш, матннинг насрий баёнини ярата олиш, матндаги мураккаб сўзларни изоҳлаш каби шартлар бўйича билим ва маҳоратини синовдан ўтказишди. Қувонарли жиҳати, туманимиз марказидаги 82-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Маъруф Бойманов танлов ғолиблигини қўлга киритди.
Бугун Навоий ижодини ўрганиш ёхуд навоийхонлик кечалари фақат улуғ шоирнинг таваллуд кунида эмас, йил давомида ўтказилиши анъана тусини олган. Дарҳақиқат, Навоий ижоди, лирикаси, ғазалларининг мавзу йўналиши, талқини, изоҳлари, шоир шеъриятидаги жанр ва тимсолларга доир машғулотлар кўплаб ёшлар ва китобсеварларнинг билимини, маънавий дунёсини бойитиш ва янада кенгайтириш имконини беради.
Навоийнинг ибратли ҳаёти ва ижодий меросини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, навқирон авлод вакилларини шоирнинг бой ва мукаммал маънавий меросидан баҳраманд этиш Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ғоя ҳамда мақсадларига ҳар жиҳатдан мос ва ҳамоҳангдир. Буюк шоирнинг асарлари партия сайловолди Платформасида белгиланган ёшларни миллий-маънавий, тарихий қадриятларимизга ҳурмат руҳида ва ўтмиш меросимизнинг ҳақиқий билимдони қилиб тарбиялаш, уларда ватанпарварлик, миллий ғояга садоқат, аждодлардан фахрланиш туйғусини камол топтириш сингари мақсад-вазифалар ижросида муҳим аҳамият касб этади.
— Алишер Навоий асарларини доимо севиб ўқийман, — дейди Маъруф Бойманов. — Мактабимизда устозимиз ёрдамида ул зотнинг асарларини севиб ўқиб, таҳлил қила бошладим. Ҳар сафар одамийлик, меҳр-оқибат каби фазилатларнинг гўзал ташбеҳлар воситасида тараннум этилишидан ҳайратга тушаман. Навоий биз каби ёшларга илм олиш билангина чекланиб қолмасдан, ундан ҳаётда фойдаланиш, илмнинг самарасини кўриш лозимлигини уқтиради.
Буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, унинг юксак инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган асарлари мазмун-моҳиятини халқимиз, айниқса, ёш авлод онгига сингдириш мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотлар рўёбида муҳим ўрин тутади. Навоий мероси ёшларни, аввало, ота-боболаримиз йўлини муносиб давом эттиришга, ҳамиша эзгулик яловини маҳкам тутишга, маънавий камолот ва саодатга интилиб яшашга ўргатади.
Лайло АРИПОВА,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси туман кенгаши ижрочи котиби.