Туман ҳокимлиги мажлислар залида туман халқ таълими тизими ходимларининг анъанавий август кенгаши "Таълимда ислоҳот: ўзгаришни ўзимиздан бошлайлик” деган шиор асосида ўтказилди.
Унда туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида “Моддий ва маънавий ҳаётни уйғун ривожлантиришимиз керак. Мактаб бу борада асосий бўғин бўлиши лозим. Мактаб таълимини ривожлантириш биз учун буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур”, дея таъкидлади,-деди ўз маърузасида ҳоким. -Маълумки, мураккаб ўтиш йилларида мактаблардаги маънавий-маърифий муҳит, ўқитувчи касбининг обрўйи, нуфузи пасайиб кетгани, янги давр педагогларини тарбиялаш, педагогика фанини ривожлантириш, инновацион таълим технологияларини жорий этишга етарли эътибор берилмагани соҳада бир қатор жиддий муаммоларни келтириб чиқарди.
Кейинги йилларда ана шу муаммоларни самарали ҳал этиш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича мамлакатимизда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз томонидан халқ таълими тизимига оид 6 та фармон ва қарор, Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори қабул қилиниб, бу соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари мустаҳкамланди.
Бугунги кунда туманимизда 90 та таълим муассасаси фаолият юритиб келмоқда, шундан 89 та умумтаълим мактаби, 1 та “Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказидир. Туман марказидан олис қишлоқлардаги 28 та умумтаълим мактабларининг 43 та филиали мавжуд.
Мавжуд умумтаълим мактабларида 2651 нафар педагог 24619 нафар ўқувчиларга (шундан 12116 нафари қизлар) таълим-тарбия бериб келмоқда. Педагог кадрларнинг 2270 нафари олий маълумотли, 38 нафари тўлиқсиз олий ва 330 нафари ўрта махсус маълумотли ўқитувчилардир. ¤қитувчиларнинг 45 (1,7 %) нафари олий, 210 (7,9 %) нафари биринчи, 941 (35,5 %) нафари иккинчи ва 1455 (54,9 %) нафари малака тоифаларига эга мутахассисдир.
Ўтказилган мониторинглар натижасига кўра ўтган ўқув йилида 64 нафар олий маълумотли мутахассис ўқитувчиларга эҳтиёж мавжудлиги аниқланди. Бу инглиз тили фанидан 10, рус тили фанидан 5, информатика фанидан 4, кимё фанидан 8, биология фанидан 7, тарих фанидан 3, МИў фанидан 2, бошланғич таълим йўналиши бўйича 12, ЧЁТ фанидан 3, мусиқа фанидан 6, она тили ва адабиёти фанидан 4 нафарни ташкил этади, деганидир.
Жорий ўқув йилида 1 та (41-мактаб) умумтаълим мактабида Инвестиция дастури асосида, 3 та “Обод қишлоқ” дастури буйича (32, 48, 26-мактаблар) умумтаълим мактаблари учун 9 миллиард 846 миллион 800 минг сўм маблағ ажратилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, янги ўқув йилига топширилади.
Ҳозирги кунда ўқувчи ёшларимизнинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олиши, етук кадрлар бўлиб етишиши учун барча шарт-шароитлар яратилиб, янги мактаблар қурилиб фойдаланишга топширилиши билан биргаликда уларнинг моддий-техника базаси янада яхшиланиб, ўқув дарсликлари, компъютер техникалари, бошқа керакли техника воситалари, ўқув-лаборатория жиҳозлари билан тўлиқ таъминланмоқда,-деди нотиқ. -Яна таъкидламоқ ўринлики, таълим муассасаларининг моддий-техника базалари йил сайин мустаҳкамланиб, бунёдкорлик ва ободончилик ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.
Ўқувчиларга таълим-тарбия бериш самарадорлигини аниқлашда “Билимлар беллашуви”нинг ўрни беқиёсдир. Лекин бу борада туманимизда олиб борилаётган ишларни қониқарли деб бўлмайди. Буни вилоят, республика миқёсида ўтказилаётган беллашув ва кўрик-танловлар натижалари ҳам кўрсатиб турибди.
Ўқувчиларнинг фанлар бўйича “Билимлар беллашуви”нинг ҳудудий босқичи иккита ҳудудда (Жўш, Қўшработ) жорий йилнинг 7-24 февраль кунлари ўтказилди.
Биринчи ва ҳудудий босқич натижалари таҳлил қилинганда айрим умумтаълим мактабларининг “Билимлар беллашуви”га пухта тайёргарлик кўрмаганлиги, иқтидорли болаларни танлай билмаганлиги намоён бўлди.
Билимлар беллашувининг 2-босқич натижаларига кўра 70-умумтаълим мактаби 1-ўринни, 81-умумтаълим мактаби 2-ўринни, 12-умумтаълим мактаби 3-ўринни, 34-умумтаълим мактаби 4-ўринни, 48-умумтаълим мактаби 5-ўринни эгаллашди. Охирги беш ўринга эса 37, 33, 84, 66, 79-умумтаълим мактаблари жойлашишди.
Бу ҳолат рейтингнинг кучли бешлигидан жой олган мактабларда таълим-тарбия жараёни яхши йўлга қўйилганлигини англатса, рейтингда охирги ўринларни эгаллаган мактабларда аксинча, таьлим-тарбия жараёни устидан назоратнинг сусайтириб юборилганлиги англашилади.
Фан олимпиадаларининг туман босқичида ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган 255 нафар ўқувчи иштирок этишди. Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан 18 та фандан махфийлиги сақланган холда электрон ва қоғоз вариантда конвертларга муҳрланган ҳолатда солинган назорат материаллари ишчи гуруҳга далолатнома асосида тақдим этилди. Туман босқичида 9-синф ўқувчиларидан 28 нафар, 10-синф ўқувчиларидан 26 нафар, 11-синф ўқувчиларидан 24 нафари вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.
Фан олимпиадасининг вилоят босқичида иштирок этган ўқувчиларимиздан 24 нафари 60 баллдан кам балл тўплаб, туманимиз вилоятда баллар кесимида паст кўрсатгич кўрсатиб, охирги ўринни эгаллади.Бу эса жуда ачинарли ҳолатдир. Билимли зиёлилар юрти бўлган туманимизга бу ўрин ярашмайди, албатта. Нима учун иқтидорли, билимли ўқувчилар йўқ дейсизми? Иқтидорли ўқувчилар бор, фақат уларни тайёрлайдиган, тўғри йўналтира оладиган фидойи ўқитувчилар зарурдир.
Сўнгра туман халқ таълими бўлими мудири Шавкат Қўшбоқов ўтган ўқув йили якунлари, 2019-2020 ўқув йилида халқ таълими ходимлари олдида турган вазифалар ҳақида маъруза қилди.
-Ўқувчиларнинг билим, малака, кўникмаларида пайдо бўлаётган бўшлиқларни аниқлаб бориш, уларни тўлдириш борасидаги ишларга эътиборни қарата олсаккина, давлат таълим стандартларининг минимал талабларини бажарган бўламиз,-деди нотиқ. -Бунинг учун ўқитувчилар ўз устида кўпроқ ишлаши, ўқув дастурларини тўлиқ ўзлаштириб олиши, илғор педагогик технологиялардан самарали фойдаланиши, фандаги янгиликларни билиши ва уни ўқувчиларга етказа олиши, ҳар бир дарсни кўргазмали қуроллар ва техника воситаларидан фойдаланган ҳолда йўлга қўйиши керак.
Ш.Қўшбоқов йўл қўйилаётган камчиликларни йўқотиш, туманимизнинг рейтингини кўтариш учун ҳар бир таълим даргоҳи раҳбари, ўқув ишлари, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, психологлари янги ўқув йилига ўз иш режаларини пухта, ҳозирги давр талаблари, соҳада юзага келаётган янгилик, илғор тажрибаларни ўзида тўла акс эттирган ҳолда ишлаб чиқишини алоҳида уқтирди ва таълим соҳаси ходимлари олдида турган вазифаларни муваффақиятли уддалашига ишонч билдирди.
Шунингдек, туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Х.Кўбаев, 12-умумтаълим мактаби директори Ў.Одилова, 50-умумтаълим мактаби бошланғич таълим ўқитувчиси Б.Жанибеков ҳамда 27-умумтаълим мактаби директори А.Болтаевлар кенгашда сўзга чиқдилар.
Сўнгра 82-умумтаълим мактабининг 1-синфига бораётган ўқувчиларга Президент совғалари - китоблар жамланмаси ва ўқув қуроллари, ўқувчи папкалари топширилди. Ўз навбатида жажжи ўғил-қизлар ёддан шеърлар айтиб ўз миннатдорчиликларини изҳор этишди.
Кенгашда таълим соҳаси фидойилари, кўрик-танлов, билимлар беллашуви, фан олимпиадалари ғолибларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Мухтасар айтганда, анъанавий август кенгаши шўъба йиғилишларида тизимда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.
Ҳ.РАСУЛОВ.