Президентимиз раислигида ўтказилган халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига баҚишланган видеоселектор йиҚилиши ёшу кексанинг, оддий инсонлар ва раҳбарларнинг соҳага қарашларини тамомила ўзгартириб, тизимни қўллаб-қувватлашнинг муҳим йўналишларини белгилаб берди.
Бугунги таълим тизимидаги ислоҳотлар ўқитувчидан янада кўпроқ изланиш, замонавий методларни жорий этиш, давр билан ҳамнафаслик сингари ҳаётбахш омилларни талаб этади.
Туман халқ таълими бўлимига қарашли 81-умумий ўрта таълим мактабининг тил ва адабиёт фани ўқитувчиси, Халқ таълими маорифи аълочиси Дилором Давланова билан суҳбатимиз ҳам замонавий таълим тизимидаги ютуқ ва камчиликлар хусусида бўлди.
- Ҳар бир касбнинг машаққати ва ўша машаққат ортидан келадиган роҳати бўлади. Уларнинг уйғунлигидан инсон ўз бахтини яратади. Бу борада ўқитувчининг саодати Ватаннинг эртанги буюк тақдири учун чуқур билимли ва юксак маънавиятли шогирдларни камолга етказиш билан белгиланади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда юз бераётган ўзгаришларнинг янги босқичида таълим соҳасига эътибор яна кучайди. Кадрлар тайёрлаш, мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, педагогларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, таълим сифатини ошириш масалалари устувор вазифага айлангани биз, ўқитувчиларнинг ҳақли равишда фахрланишимизга асос бўлди.
- Таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар хусусида фикрларингиз.
- Бугунги ислоҳотлар ўқитувчидан ўқувчини ўқишга жалб этиш, уни бунга кўниктириш, ўқувчининг қобилиятларини ривожлантириш ҳамда уни саботли ва ватанпарвар қилиб етиштиришни талаб этади. Президентимиз видеоселектор йиғилишида кейинги уч йилда эришилган ютуқлар билан бирга соҳада ҳамон мавжуд муаммоларни очиқ таҳлил қилиб, уларнинг ечимлари бўйича зарур тавсияларни берганидан янада суйиндик. Бу эътиборни таълим тизимида олиб борилаётган халқчил ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида қабул қилдик.
Кўп йиллар давомида мажбурий меҳнат ва қоғозбозлик сингари ортиқча юкламалар ўқитувчиларнинг нафақат ишга нисбатан муносабатини, балки унинг обрўсига ҳам путур етказди. Касбимиз улуғланаётгани ва обрўйи қайта тикланаётганини чуқур ҳис эта бошладик. Хусусан, сўнгги уч йилда иш ҳақимиз 2 баробардан ортиқ оширилди. Нафақа ёшида фаолиятини давом эттираётган ўқитувчиларга пенсияси тўлиқ миқдорда берилмоқда. Узоқ ҳудудларга бориб ишлаётган ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантириш мезонлари белгиланиб, қўшимча ойлик устамалар тўлаш йўлга қўйилмоқда.
Шунингдек, олий таълим муассасаларига кириш имтихонларининг шаффофлик ва адолат мезонларига асосланиши ўқувчиларнинг ушбу тизимга нисбатан ишончини ҳам оширди.
Кейинги пайтларда ўқувчилар билимини адолатли баҳолашга асосланган PISA тестлари оммалашиб бормоқда. Бу, шубҳасиз, замонавий таълим тизимини янги босқичга олиб чиқади. Баҳолашнинг ушбу замонавий услуби ўқувчиларни мустақил фикрлашга, саводхонлигини оширишга ундаши билан, айниқса, ҳарактерлидир. Таълим соҳаси ривожланган давлатларнинг кўпи мазкур тизим билан ишлашни анча олдин бошлаб юборган.
- Дарҳақиқат, Юртбошимиз ўқитувчиларнинг нуфузини ошириш бўйича бир қатор қарор ва фармонларни имзолади. Қайсидир маънода уларнинг амалдаги ифодасини ҳаётимизда ҳам кўраяпмиз. Аммо бу каби янгиланишларга ўқитувчининг ўзи тайёрми?
- Ҳар қандай янгиланиш ва ислоҳот ҳаракат бор жойдагина ҳаёт билан юзлашади. Гапнинг очиғи биз таълим соҳасида ҳали ҳамон эскича фикр ва қарашлар қобиғидан чиқолмаяпмиз. ¤қитувчининг бугунги кундаги савияси бир ёқлама бўлиб, у кўпинча сабоқ жараёнларига вақт ўтказишнинг энг яхши усули сифатида қарайди. Ҳолбуки, замонавий таълим дарсни маъруза матнлари билан ўтказишни ёки синфхона эшигидан шунчаки кириб чиқишни ҳам ёқламайди. Бир сўз билан айтганда, замонавий таълимда жонкуярлик етишмаяпти. Албатта, мен ўқитувчиларнинг ҳаммасига салоҳиятсиз ёки савиясиз дея олмайман. Уларнинг орасида ҳам ўз касбининг фидоийлари, лозим бўлса, дарснинг ҳар бир дақиқаси учун жон куйдирадиган ўқитувчиларимиз ҳам бор. Бу борада раҳматли устозим Тўра Шодиев, ҳозирги кунда туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи лавозимида фаолият олиб бораётган Баҳодир Абувоҳидов ҳамда Пастдарғом туманидаги 28-ихтисослашган мактабининг аҳил жамоасини мамнуният билан тилга олишим лозим. Устозим Т.Шодиев раҳнамолигида она тила ва адабиёт фанининг сир-синоатларидан “Ma’rifat” ҳамда бошқа вақтли матбуот нашрларига мақолаларимизни чиқариш асносида воқиф бўлиб борган бўлсам, 81-умумий ўрта таълим мактабининг маданий ва маърифий ҳаётини ёритиш мақсадида “Танаффус” газетасини ташкил этдик.
Қолаверса, шогирдларимнинг “Фанлар олимпиадаси” ва “Билимлар беллашуви” танловларининг туман, вилоят ва республика босқичларидаги муносиб иштироки ҳамда жорий йил вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда “Биз – коррупцияга қаршимиз” мавзусида ўтказилган иншолар танловида шогирдим Севара Мамарасулова II ўринни эгаллаб, танловнинг Республика босқичига йўлланмани қўлга киритиши кўп йиллик меҳнатларимнинг ширин меваси деб ўйлайман.
Мамлакатимизда таълим соҳаси, шу жумладан ўқитувчиларга кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликлардан куч-қувват олиб, таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини янада оширишга, бу жараёнда илғор педагогик усуллардан оқилона фойдаланиб, жамиятимиз учун муносиб кадрлар тайёрлашга эьтиборни кучайтираверамиз.
Тўлқин ХАЛИЛОВ суҳбатлашди.