Бугунги кунда ривожланиш шиддат билан олға кетаётгани, эртанги кунда эса бунданда тезкорлашини ёш авлоднинг янада юксак билимли бўлишини, замонавий мустақил фикрлаш қобилиятининг ўсишини, интеллектуал ривожланган, амалий касб-ҳунарлар эгаллашини тақозо этаётир. Шубҳасизки, бундай юксак талабларга жавоб берадиган хусусиятлар шаклланишида таълим-тарбиянинг ўрни ва роли қанчалик муҳим эканлигини тушуниш қийин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида таълим-тарбия соҳасида замонавий ва оқилона тизим яратиш, ўқитиш методлари, таълим стандартлари, дарслик ва ўқув қўлланмаларини янгилаш зарурлиги, билим беришда илғор хорижий тажрибалардан фойдаланиш, тарбияда эса миллий анъана ва қадриятларга суяниш муҳимлигини қайд этди.
Шунингдек, йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси, Молия ва Халқ таълими вазирликларига 2020 йилда халқ таълими ходимлари ойлик иш ҳақини ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди. Узоқ қишлоқлардаги мактабларга ўқитувчиларни жалб этишни янада рағбатлантириш учун уларга уй-жойлар, автотранспорт учун кредитлар бериш ҳам кўзда тутилган.
Бу ишлар давлатимиз томонидан изчил давом эттирилади. Лекин бу – масаланинг бир томони. Иккинчи томондан, ўқитувчи ва мураббийларнинг ўзи ҳам билим ва касб маҳоратини ошириш, жамоат ишларида фаол иштирок этиш, ҳалол меҳнати ва ташаббускорлиги билан бу касбнинг обрўсини ошириши кераклигига урғу берилди.
Демак, муаллим ва мураббийлар зиммасига юкланадиган вазифалар ҳам шунга яраша бўлади. Жамият қадрли устозлардан, мураббийлардан кўп нарсани кутаяпти. Улар нафақат бугунги кун ташвишлари, шу билан бирга эртанги кун талабларини ҳам пухта ўйлаган ҳолда тайёр бўлишлари, ўз салоҳиятларини, тажрибаларини давр билан ҳамнафас ошириб боришлари керак бўлади.
Барча соҳаларнинг усталари, мутахассислари бир касб эгалари меҳнати билан шаклланади. Ҳар биримизга кимдир харф ўргатиб, саводимизни чиқарган. Бугун ким қаерда, қандай вазифада ишламасин, қачондир мактабда ўқиган, устозлар тарбиясини олган. Илк бор мактабга борган кунни, қўлига қалам бериб, ёзишни, ўқишни ўргатган ўқитувчисини эсламайдиган одам топилмаса керак.
Бир синфда йигирма ё ўттиз нафар ўқувчи бўлса, ҳар бирининг табиати хар хил. Устоз уларнинг қалбига йўл топади, фарзандидек юрагига яқин олади. Устоз ўз касбига қалб қўри билан киришмаса, мураббийлик йўлида хеч қандай ютуқларга эриша олмайди. Ахир ўқишни, ёзишни билмайдиган мурҚаккина болага бир харфни ўргатиш осонми?!
Бугунги кунда туманимизда 89 та умумтаълим мактаби, 1 та Болалар мусиқа ва санъат мактаби ва “Баркамол авлод” болалар ижодиёт маркази, 2 та Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мавжуд. Уларда кўплаб фидоий педагог ва мураббийлар фаолият кўрсатиб келмоқда.
“Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва бошқа бир қатор соҳага оид дастурлар, фармону қарорлар муваффақиятли ижро этилиб келинмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг "Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорида таълим-тарбияни энг қуйи бўғин — мактабгача таълим муассасасидан бошлаш кераклиги алоҳида таъкидланди. Энг муҳими, давлатимиз раҳбарининг юқорида зикр этилган қарори ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди.
Мустақиллик йилларида туманимизда 20 нафарга яқин ўқитувчи ва мураббий давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медалларига сазовор бўлганлиги ҳам фахрланарли ҳолдир. Жумладан, Сайёра Жаниқулова, Асрақул Болиев “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси”, Марварид Эгамқулова, Зуҳра Эркабоева “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими”, Ҳаким Норқулов “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” деган ғоят шарафли унвонларга сазовор бўлдилар.
Абдиқодир Абдувоҳидов “Эл-юрт ҳурмати”, Қобил Мусаев I-даражали, Абилқосим Холмуродов II-даражали, Абдусодиқ Ҳуббимов, Музаффар Бегматов “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан тақдирланишди. Гулсара Эсанова, Абдунаим Абдувоҳидов, Солиқул Қурдошов каби устозлар “Шуҳрат” медали соҳиби бўлишди.
Устозлар ҳақида гап борганда ҳазрат Алишер Навоийнинг бу байтларидан ошириб бир сўз айтмоқ мушкулдир:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.
Чексиз эҳтиром эгалари бўлмиш ўқитувчи ва мураббийларимизни касб байрами билан сидқидилдан муборакбод этаман, ёш авлодга замон талаблари даражасида билим ва тарбия беришдек улуғвор ва шарафли ишларида юксак муваффақиятлар тилайман.
Шавкат ҚЎШБОҚОВ,
туман халқ таълими бўлими мудири.