Ўзбекистон Республикасининг Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси халқаро стандартларга жавоб берадиган соғлиқни сақлаш инфратузилмасини яратиш мақсадида фаол ҳамкорликни йўлга қўйди.
Шу мақсадда, 2019 йил 17 май куни томонлар ҳамкорлик меморандумини имзоладилар.
Ҳамкорлик доирасида Меморандум иштирокчилари ўртасида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришни раҚбатлантириш жараёнида инновацион услублар ва технологияларни фаол жорий этиш орқали ўзаро ҳамкорликнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари белгиланади.
Инновацион соғлиқни сақлаш тизимини шакллантириш ва ривожлантириш жараёнларини рағбатлантириш мақсадида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар кўриш режалаштирилган.
Томонлар соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш стратегиясини белгилайдиган ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этишни режалаштирмоқда. Бу соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш, илғор халқаро стандартлар ва жаҳоннинг энг яхши амалиётини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан инновацион фойдаланиш асосида соғлиқни сақлаш лойиҳаларида ҳамкорлик қилиш режалаштирилган.
Миллий палата ва парламент ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим масаласи фуқароларнинг тиббий ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларнинг инновацион тиббиётдаги билимларини оширишдир.
Инновацион соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунларни амалга ошириш бўйича экспертлар, жамоат ва фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш, бу соҳада таҳлилий материаллар ва турли тадбирлар, шу жумладан инновацион ускуналар ва технологияларни ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кўргазмалар, форумлар ва бошқа тадбирларни тайёрлашни режалаштирмоқда.
Меморандумни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг раиси Ровшан Изамов имзолади.
Меморандумни имзолаш чоғида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палата ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамкорлиги Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга, фуқароларнинг инновацион технологияларга ва даволаш усулларига киришини таъминлашга ёрдам беради.
Меморандум имзолангандан сўнг "Инновацион соғлиқни сақлаш тизимини шакллантириш ва ривожлантириш жараёнларини рағбатлантириш мақсадида қонунчиликни такомиллаштириш" мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, соғлиқни сақлаш, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, инновацион технологиялар соҳасидаги мутахассислар ва экспертлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Муҳокамалар чоғида маърузачилар Инновацион бошқарув моделини жорий қилиш нуқтаи назаридан мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш стратегиясини белгиловчи қонунчилик базасини ишлаб чиқиш ва янгилаш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан инновацион фойдаланишга асосланган лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш зарурлигини таъкидладилар.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Матбуот хизмати