Китоб мутолааси бола тарбиясига ижобий таъсир этишини барчамиз биламиз. Бироқ шунга қарамасдан оила, тирикчилик ва бошқа ташвишлар билан ўралашиб қолган ота-оналар болаларига қимматбаҳо ширинликлар, ўйинчоқлар сотиб олишмоқда-ю, шунинг ярим нархига ҳам етмайдиган маънавий озуқани унутиб қўйишмоқда. Шу боис китоб мутолааси ҳақида гапирганда оила муҳитини назарда тутиш ўринлидир, албатта.
“Қуш уясида кўрганини қилади” деган нақл бор. Биринчи навбатда ота-онанинг китобхонлиги унинг фарзандларига ҳам таъсир қилади. Шундай экан болаларимизнинг китобни севиш йўлида ўзимиз ибрат бўлишимиз керак. Кўз олдимизга, аввало, болалик чоғларимизни бир келтирайлик. Бизнинг китоб ўқишимизга нима сабаб бўлган? Биз нима учун китоб ўқиганмиз? Бундай саволларга тўғри жавоб топишимиз керак. Ана шундагина биз болажонларимизга китобга меҳр қўйиш, уни ҳурмат билан мутолаа қилишга ундаган бўлардик.
Китоб асрлар давомида жамиятнинг энг кучли тарбия қуроли, қадрдони саналган. Зеро, китоблар дунёси билан сирлашиб, яқин дўст бўла олиш, фарзандларимизнинг яхши инсон бўлиб вояга этишига замин тайёрлайди. Ўар биримиз китобни ўзимизга беминнат маслаҳатчимиз ҳам, деб ҳисоблайлик. Хуллас сизнинг зеҳнингиз ўткирлашади, дунёқарашингиз кенгаяди, фикрингиз теранлашади.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда китоб мутолааси, айниқса ёшлар китобхонлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Барча сир-синоат ва билимлар жам бўлган китобни хазина деб билсак, унинг калити ёшларда бўлиши керак. Бунга эса мутолаа билангина эришиш мумкин. Баъзан давраларда “Бугун ёшлар китоб ўқимай қўйди” деган гапларни эшитиб қоламиз. Ёшлар эмас, балки катта ёшдаги инсонлар ҳам китоб ўқимай қўйишди. Китоб ўқишни, аввало оиладан бошлашимиз керак. Кўпгина оилаларда битта ҳам китоб ўқимайдиган инсонларни учратишимиз мумкин. Ҳатто фарзандининг қандай китоб ўқишини, қандай китобларга қизиқишини ҳам билишмайди. Ота-оналарни китобга қизиқтириш учун мактабларда ҳам турли хил тадбирларни уюштириб, уларни кўпроқ китоб мутоаласига жалб қилиш йўлларини ўйлашимиз керак.
Китобхон ўқиётган асар ва ундаги образлар орқали кўпроқ таассуротлар олади. Асарни тўғри танлаш кутубхоначи ва китобхонга боғлиқ. Тўғри танланган китоб ўқувчининг маънавиятига, унинг ҳар томонлама ривожланишига ёрдам беради. Шунинг учун кутубхоначи уларнинг қизиқиши ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда китоб танлашда ёрдамлашади. Кутубхоначи кўпроқ ота-оналарни ҳам кутубхонага чақириб туриши керак деб ўйлайман.
Ўзим кўпроқ ўқиш, тарбиявий соат дарсларида ўқувчиларим билан ўқиган китоблари бўйича савол-жавоблар қилиб тураман. Ҳафтанинг охирида “Ҳафта юлдузи” номли “Рағбат карточкалари” билан рағбатлантириб бораман. Ўқувчиларимнинг уйларига бориб ота-онаси билан ҳам суҳбатлар олиб бораман. Уйда ўқиётган китоблари, дарс қилиш учун ота-она қандай шарт-шароит яратиб бераётганлиги билан қизиқаман. Ўқувчиларим орасида китоб ўқишга жуда қизиқадиганлари ҳам бор.
Китоб нашр этилаётганда 2-6 ёшли болалар учун қизиқарли қилиб расмлари билан китоблар чоп этилса мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки бугунги кунда мактабгача таълимга қамров кун сайин ошиб бормоқда. Шунингдек, баъзи чоп этилаётган китобларга диққат билан қарасангиз хатоликларга кўзингиз тушади. Баъзи бир эртакларнинг савияси бугунги кун болалари учун жуда жўн фикрлардан иборатдек. Бу китобларда берилган эртакларда кўпроқ севги-муҳаббат, сеҳр-жоду, турли қотилликлар, мақсадга осонлик билан эришиш очиқ-ойдин берилган. Бу китобларнинг ташқи кўринишига эмас, балки унинг тарҚиб қилинаётган ғояларига, моҳиятига кўпроқ аҳамият қаратилса яхши бўларди. Зеро, беғубор қалблар эътиборсизлик туфайли ғуборланмасин.
Н.НОМОЗОВА,
87-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси.