Халқимизда китоб - нур, кутубхона эса нурхона,деган гап бор. Бу гап бежизга айтилмаган, албатта. Ваҳоланки китобга ошна қалб ёвузликлардан йироқ бўлиб, эзгуликка интилиб яшайди.
Китоб бу илм чироғи саналмиш шундай воситаки, инсон келажагига ижобий таъсир кўрсатувчи ҳамда маънавиятини юксак чўққиларга олиб чиқувчи омиллардан бири саналади. Инсоннинг маънавий эҳтиёжини қондириш, мустақил фикрлайдиган, чинаккам ватанпарвар ва маънан баркамол бўлиб тарбия топишида китобнинг ўрни беқиёсдир.
Яқинда туман марказидаги Жума деқҳон бозорида китоб сотилаётган расталарни айланиб юрганимда бошини китобдан кўтармай мутолаа қилаётган бир аёлга кўзим тушиб қолди. У билан танишиш мақсадида астагина олдига бордим. Китоб ўқишига халақит бермайин деб, жимгина қараб турдим. Опанинг менга кўзи тушиши билан китобдан аста бош кўтариб, нима хизмат дея сўради.
Шунда мен опага бозорнинг бундайин шовқин жойида ҳам китоб мутолаа қилаётгани ҳамда китобхонликка қизиқиши ҳақида сўрадим.
- Исмим Адолат Абдураҳмонова,-дея ўзини таништирди опа. - “Бозоржой” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Қўрғон қишлоғида яшайман. Мактаб даврларимдан буён китобга ошно тутинганман. ¤ша вақтлар интернет тизими бунчалик ривожланмаган пайтлар эди. У вақтларда ўзбек адиблари Абдулла Қодирий, Саид Ахмад, Тохир Маликларнинг китобларини кўпроқ ўқиганман. Ишонасизми, йўқми Абдулла Қодирийнинг “¤тган кунлар” романини ўн марталаб қайта-қайта ўқиб чиққанман десам муболаҚа бўлмайди. Кейинчалик жаҳон адабиётига қизиқишим ортди. Лев Толстой, Жеймс Жойс, Чингиз Айтматов каби адибларнинг асарларини севиб ўқий бошладим. Ҳозирги кунда ўқиб чиққан китобларимнинг сони 300 дан ошади. Китоб менинг ҳақиқий дўстимга айланган.
Китоб ўқиш ва тарқатиш савобли иш деб ўйлайман. Мана, қарийиб ўн беш йилдан буён китоб савдоси билан шуғулланаман. Шу ўтган йиллар оралиғида кўпгина китобхон дўстлар орттирдим. Улар менинг савдо жараёнида ҳам китоб ўқиб ўтирганлигимни кўриб “сотувчи китобхон опа” дея мурожаат қилишади. Ўзим ҳам туманимизда китобга қизиқиш ва талаб кучайиб бораётганидан беҳад мамнунман. Эндиликда китобхонликни янада тарғиб қилиш мақсадида янгидан-янги китобларни халқимизга етказиб бериш учун янада кенгроқ кўламда иш олиб бормоқчиман.
Ислом БОБОҚУЛОВ.